Деярли ҳар куни ижтимоий тармоқлар, ОАВда йўл транспорт ҳодисалари содир бўлаётгани ҳақидаги хабарларни ўқиб, очиғи, дийдамиз қотиб кетяпти. Аммо техника «оёқлари» остида қолаётган мурғак болалар ўлими нафақат ота-оналар, балки жамият учун, келажак учун улкан фожиадир.
2021 йилнинг дастлабки 4 ойи мобайнида республикамиз ҳудудларида содир этилган «авария»лар натижасида 557 нафар киши қурбон бўлган. Эътибор беринг, бу бир кичик қишлоқнинг бутунлай қирилиб кетишидек гап. Шу даврнинг ўзида 1684 нафар киши жароҳатланган. Уларнинг кўпчилиги бутун умр бошқаларнинг кўмагига муҳтож ва ногиронликка маҳкум бўлиб қолган.
Йўл-транспорт ҳодисалари асосан шаҳар ҳудудларида содир этилса-да, сўнгги пайтларда йирик автотрассаларда ҳам кўплаб учрамоқда.
Вилоятлар кесимида энг кўп автоҳалокатга учраган болалар 2018 йилдан бери Тошкент вилоятида кузатилган. Тошкент шаҳри ҳам ундан қолишаётгани йўқ. Бир йил давомида тахминан 170 нафар бола нобуд бўлган бўлса, 1000 нафардан зиёд бола ЙТҲ оқибатида турли жароҳатлар олган. Кейинги йилларда бу рақамлар тобора ўсиб бораётгани кишини хавотирга солмай қўймайди.
Хўш, бунга сабаб нима? Мазкур ҳодисаларнинг асл айбдори ким? Ўпкасини қўлтиқлаган ҳайдовчими ёки огоҳликни йўқотган пиёда?
Бунинг сабаблари кўп. Биринчидан, баъзан ҳудудларнинг транспорт ҳаракатланиш қисмига йўл ҳаракати белгилари нотўғри қўйилади. Иккинчидан, аксарият одамлар ҳайдовчилик гувоҳномасисиз автоулов бошқаради. Учинчидан, кўчаларнинг қатнов қисмига турли маиший дўконлар нотўғри жойлаштирилган. Бозорлар, дам олиш ҳудудларидаги тирбандликларда содир бўлаётган автоҳалокатлар сони ҳам ошган. Тўртинчидан, содир этилаётган йўл-транспорт ҳодисаларига ҳаракатланиш қоидаларини билмайдиган пиёдаларнинг ўзлари ҳам сабабчи бўлмоқда.
2021 йилнинг дастлабки 4 ойи мобайнида республикамиз ҳудудларида содир этилган «авария»лар натижасида 557 нафар киши қурбон бўлган. Эътибор беринг, бу бир кичик қишлоқнинг бутунлай қирилиб кетишидек гап. Шу даврнинг ўзида 1684 нафар киши жароҳатланган. Уларнинг кўпчилиги бутун умр бошқаларнинг кўмагига муҳтож ва ногиронликка маҳкум бўлиб қолган.
Қоидабузарликларнинг 32,4 фоизи тезлик меъёрига амал қилмаслик туфайли содир бўлади.
Яна бир жиҳат: аксарият ҳайдовчилар ҳалокатга қоронғулик ва чарчоқ сабаб бўлганини айтишади. Кўрсаткичларда эса бунинг акси. Яъни, аксарият ҳалокатлар кундузи содир бўлмоқда. Ҳар куни 4-5 одам автоҳалокатлар оқибатида вафот этар экан, уларнинг учдан бирини кўпинча ёш болалар ташкил этади.
Болаларга мактабгача таълим ҳамда мактаб ёшиданоқ йўл ҳаракати қоидаларини турли таъсирчан воситалар орқали янада мукаммалроқ ўргатиш лозим. Вояга етмаган ёшдагилар учун йўл ҳаракати қоидаларига оид қўлланмалар, махсус китоблар кўпроқ нашр этилиши зарур. Оилада ота-она ҳушёрлиги, боланинг бу борадаги билимларини кенгайтиришга кўмаклашиш, айниқса, ўсмир ёшидаги болаларга автоуловни ишониб топширмаслик, ҳушёрлик масалалари кун мавзусига айланиб бормоқда. Аммо, масалани тўлиқ англамоққа эса, назаримда, кечикяпмиз…
Бугун ЙҲТ «пандемия»си сабаб кўплаб қурбонлар бўлаётгани, энг ёмони, уларнинг аксарияти вояга етмаган болалар эканига бепарвомиз. Ваҳоланки, ҳар биримиз маълум юмушлар билан ҳар куни йўлларда юрамиз, ҳеч биримиз бу хавф-хатардан кафолатланмаганмиз.
Хулоса қилишнинг айни фурсати… Муҳими, кечикмайлик.
Шаҳло АБДУРАҲМОНОВА,
«ISHONCH»
