ёхуд қиморбозлик васвасасининг оғир оқибатлари ҳақида
Яқинда ижтимоий тармоқларда хунук бир хабар тарқалди. Мазмуни қуйидагича: Фарғона давлат университети ўқитувчиси, Шаҳрихон туманида яшовчи 30 ёшли Р.Б. онлайн қиморда ютқазгач, ўз жонига қасд қилади. Ҳолбуки, у бултур магистратурани битирган, уйланганига эса эндигина икки ой бўлганди. Аниқ тафсилотларга кўра, бировдан 57 миллион сўм пулни (эртасига қайтариш шарти билан!) қарзга олиб, «1xbet» букмейкерлик компанияси орқали онлайн қиморга тиккан ва ютқазиб қўйган. Оқибатда ўзи яшайдиган ҳудуддаги қабристон айвонида ўзини осиб, воқеа жойида вафот этган.
Ажабланарлиси, бу йигит санғиб юрган саёқ ёки кўча боласи эмасди. Кўнглида не-не эзгу орзу-умидлари бўлгани ҳам аниқ. Лекин интернетдаги бир ўйин сабабли барчаси бир зумда кунпаякун бўлди.
Дилни кўп хира қиладиган ушбу воқеанинг нохуш таъсири ҳали аримай, орадан атиги икки кунгина ўтиб, ижтимоий тармоқларда яна бир шум хабар пайдо бўлди. Унда баён этилишича, 16 ноябрь куни фарғоналик 25 ёшли яна бир йигит «1xbet» қурбонига айланган. У 16 миллион сўм учун ширин жонига қасд қилган. Бу маблағ ишхонасиники экан. Онаси бечора «Қўй, сиқилма, болам, пулни топамиз!», деса ҳам, шок ҳолатга тушиб қолган ўғли ўз умрига ўзи нуқта қўйган.
Бу янглиғ машъум воқеалар ҳақида ўқиб, хазин ўйларга толаман: Нималар бўлаяпти ўзи? Аслида бундай бўлиши мумкин эмас, айниқса, биз ўзбекларда. Ҳар қалай, ҳаётнинг паст-баландини кўрган-билган, ўзаро меҳр-оқибатли, иродаси мустаҳкам элмиз. Гоҳо ишдан ёки гапдан чалғиса ҳам, иймондан чалғимайдиган халқмиз. Бас, шундай экан, бир ёлғончи «Ҳув анави шудгорда қуйруқ ётибди!» деса, гўлларча лўкиллаб югуриб кетаверамизми?
Шу ўринда Президентимизнинг 2021 йил 19 январь куни маънавият масалаларига бағишланган йиғилишда айтган қуйидаги гапларини эслатиб ўтиш жоиз: «Бугун дунёда инсоннинг онги ва қалбини эгаллаш тобора кучайиб бормоқда. Бу ишнинг бошида турган кучлар ўз мақсадига эришиш йўлида тарғиботнинг барча усулларидан унумли фойдаланяпти. Шундай вазиятда жамиятимизни маънавий таҳдидлардан ҳимоя қилиш борасидаги илмий-амалий тадқиқотларни тубдан қайта кўриб чиқишимиз зарур. Умуминсоний, миллий ва диний қадриятларимизга беписандлик ҳолатларига қарши курашнинг методологик асосларини шакллантиришимиз лозим. Шу маънода, Маънавият ва маърифат, Тараққиёт стратегияси, Ислом цивилизацияси марказлари, ижтимоий-гуманитар йўналишдаги тадқиқот институтлари ҳақиқий ақл марказларига айланиши керак».
Дарҳақиқат, ҳозирги кунда инсон онги ва қалбини «овлаш» иштиёқидаги фирибгарлар тарғиботлари кун сайин кучайиб бормоқда. Бу, таъбир жоиз бўлса, дунё миқёсидаги энг катта ов!
Ризқ-насиба, маблағ ва бойлик орттириш масаласида ҳаётнинг азалий ўз формуласи борки, уни ўзгартириб бўлмайди, ўзгартираман дейиш эса Худонинг ишларини ўзгартираман дейиш билан баробардир. Бу формула шундай: Меҳнатсиз топилган бир сандиқ тилла ҳам одамга юқмайди. Баъзан юққандай кўринса ҳам йиллар ўтиб юқмагани, аксинча, кимнингдир ҳаётини бузгани маълум бўлиб қолади. «Тарихда мисоллар жуда кўп бунга!».
Афсуски, ақлий танбаллик, руҳий дангасалик гирдобига тушиб қолган ёшларимиз ҳам талайгина. Кимдир онлайн қиморга муккасидан кетган, кимдир бакалажка қопқоғини йиғиш билан овора, кимдир телевизордаги кўпчиган ўйинларни томоша қилиш билан банд. Энг ачинарлиси, бу ўйинлар кўплаб ёшларни хомхаёл қилиб қўяяпти. Ҳаммасининг қайғуси битта – безаҳмат хазинага эришиш.
Бундай ёшлар меҳнат ва ижодга эмас, танбаллик ва таъма ботқоғига ботиб боришаяпти. Ишламасдан, ҳаракат қилмасдан катта маблағ ё машинага эришиш минглаб йигит-қизларнинг ички мақсадига айланиб қоляпти. Лекин бу аслида мақсад эмас, васваса, яна денг, иродани ва фикрни емириб ташлайдиган «ширин» васвасадир. Ҳатто халқимиз эртакларида ҳам хазинага меҳнат, илм, эзгу мақсадлар билан эришиш уқтирилган. Осмондан тушадиган бойлик орзуси одамга худди наркотик модда каби таъсир этади, бу жодугар ҳис уни бамисоли шардай шиширади, ихтиёрини оқимга ташлаб, тентак хаёллар исканжасида ўзини ва йўлини йўқотишга мажбур қилади.
Баъзи қишлоқларда бакалажка қопқоғини халталаб йиққан, умумий дафтарларни «акция» деган ёзувли кичик марка сифат қоғозга тўлдириб ташлаган ўсмирлар тўдаси пайдо бўлди.
2000 йиллар бошида юртимизда шунақа ўйинлар кенг ёйилиб, ҳаммани ўз домига тортганида бу ишларнинг бошида турган бир ажнабий зотнинг базми жамшид чоғи «Шу қадаҳни Ўзбекистонда аҳмоқлар янада кўпайиши учун кўтарайлик!», деган гапи анча шов-шув бўлганди. Албатта, бу қадаҳ сўзи қай ҳолатда ва қай тарзда айтилганини биз аниқ билмаймиз. Лекин, қандайлигидан қатъи назар, ҳатто бадиий тўқима бўлган тақдирда ҳам, бу гап қиморсифат маккор ўйинлардан манфаатдор кимсаларнинг асл башарасини ва ёвуз ниятларини очиб берганди. Чунки аҳмоқлар ва бозингар оломон қанча кўпайса, уларга шунча яхши, биттасига суяк ташлаб, мингтасини шиладилар. Фикрсизлик кучайса, бундай ўйинлар янада авжига чиқади. Спорт ўйинлари ниқоби остида ёхуд кўнгилочар томошалар кўринишида пайдо бўлаётган онлайн қиморхоналар минглаб ёшларни юҳодай ютиб юборяпти. Уларнинг соғлиғи ва ҳаётига ҳар қадамда хавф-хатар туғдираяпти.
Мен баъзан ўзимни ҳозирги ёшлар ўрнига қўйиб кўраман. Айни чоғда, ўзимга «Уларнинг ёшида бўлганимда чалғимасмидим? Ҳамма томондан бўрондай бостириб келаётган ёт таъсирларга қандай жавоб берардим? Китоб ўқиш ўрнига телефон титкилаб юрсам, интернетдаги бузғунчи нарсаларга кўзим ўрганиб қолса, нима бўларди?» деган саволларни бераман-у, иккиланиб қоламан. Пировардида «Барибир чалғирдим-ов», деган хулосага бораман.
Менимча, ҳозирги ёшларга жуда қийин бўляпти. Ёш барибир ёш-да, қанча беғубор, қанча ақлли бўлмасин, ҳали тажрибаси йўқ, ҳаётнинг ўнқир-чўнқир сўқмоқларидан ўтмаган. Шу боис яхшини ёмондан ажратишга қийналади. Онг қалъасига турли ўйинлар ва томошалар шаклида аёвсиз муҳораба бошлаган ҳар хил мафкуралар эса, озми-кўпми, уларга салбий таъсир кўрсатади.
Ўзбекнинг қандай беғубор, қандай орзуманд, ғайрат-шижоатли, палаги тоза, истеъдодли олтинбош болалари бор. Баъзиларининг буюк иқтидорини кўриб, ҳайратга тушамиз. Бундай ёшларимиз кўп. Улар ўзини асрасин, Худо уларни асрасин!
Фақат мени бир нарса ҳайрон қолдиради. Хусусий телеканаллардаги баъзи ўйинларда бошидан охиригача бақир-чақир, «чикками-пукка», «барабанни айлантир», «гулдургуп», «ўйинга туш» каби боши-кети йўқ олди-қочдилар… Улардан мақсад нима ўзи? Масалан, Россиядаги оммавий ўйинлардан бири «Поле чудес»да ютуқ барабанни таваккалига айлантирганда унинг ўқи тасодифан бирор катакка тўғри келиб қолишига боғлиқ эмас. Бунинг учун, озми-кўпми, билим ва тафаккур керак, фикрлаш керак. Рус тилидаги бирор сўзнинг асл илдизи ва моҳиятини билишга интилиш керак. Бунда миллий ғоя бор, тил тарғиботи бор! «Кто хочет стать миллионером?» ўйинида ҳам қатнашчидан билим талаб қилинади.
Бизда-чи?.. Фикр ҳам, билим ҳам, тарғибот ҳам битта – барабанни айлантириш! Мақсад ҳам, савия ҳам, ғоя ҳам битта – «Дамас»! «Заковат» бор-ку», дерсиз? У оммавий эмас, клуб ўйини, йўриғи ҳам бошқа. Кўчадаги дуч келган одам унда қатнашолмайди, билимсизларга эшиги берк. «Омад шоу» каби ўйинларни «Заковат»га ёки «Ёш китобхон» танловига қиёслаш мутлақо нотўғри бўлади. Билим ва иқтидор, меҳнат ва ижод, шубҳасиз, совринга муносиб, аммо зинҳор-базинҳор «чикками пукка»га эмас.
Биз олма пиш, оғзимга туш, деб анқайиб ўтирадиган миллат эмасмиз, бундай бўлмаймиз ҳам. Оталаримиз манглай терини, меҳнатни, ор-номусни, илмни беҳад қадрлашган.
Атрофга бирров назар солсангиз, бутун дунё ташвишга тушиб қолганига гувоҳ бўласиз. Яқинда хорижий телеканаллардан бирида бир аёл: «Болаларимиз 20 дақиқа китоб ўқишга эринадилар, лекин 12 соатлаб порнография кўришдан эринмайдилар. Улар эртага – 18 ёшга тўлгандан сўнг қандай одам бўладилар? Ит ҳаётини танлайдиларми?», деб йиғлаб гапирди. Керак бўлса, 18-20 соатлаб интернет ўйинларига шўнғийдиган, интернетнинг сўқир балиғи бўлиб қолган ўсмирлар бор. Бу фикрсизлик оқибати. Фикрсизлик эса меҳрсизликни, жоҳилликни келтириб чиқаришини ҳамма билади. Чингиз Айтматов «манқурт» образини яратиш орқали инсониятни худди шу фикрсизлик оқибатларидан огоҳлантирган эди. Бу ҳол бутун дунё жамоатчилигини ташвишга солаяпти. «Ақлдан озаётган дунё», «Моҳиятини йўқотаётган жаҳон» каби иборалар шундан пайдо бўляпти.
Энг ачинарлиси, дунёни довдиратаётган бундай иллатлар пайдо бўлган жойида туриб қолмайди, аксинча, ҳамма ёққа тарқалади. Чунки фазилатни сингдириш қийин, иллатни юқтириш осон. Бундай бадкирдорликлар аста-секин… йўқ, аста-секинмас… космик тезликда ўзимизга ҳам кириб келяпти. Яқинда Тошкент шаҳар ИИБ бошлиғи, генерал-майор Азиз Тошпўлатов пойтахт мактабларидаги вазият анча ташвишли эканини маълум қилди.
Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи Равшан Султонхўжаевнинг таъкидлашича, ўқувчилар орасида бундай нохуш ҳолатлар кўпайган. Текширувлар жараёнида баъзи болаларнинг мобиль телефонида порнографик материаллар борлиги аниқланган. Айримларининг чўнтагидан ёки сумкасидан ўткир тиғли буюмлар чиққан. Мактабга пичоқ кўтариб боришдан мақсад нима? Мактабга-я?!. Тилимизда она мактаб деган ибора ҳамон бор. Она мактаб бағрига ҳаёсиз, шаҳвоний видеоларни олиб бориб, тарқатиб юрадиган болалардан эртага нимани кутиш мумкин? Шавкат Раҳмон айтганидай, миллат қуртлариними? Бундан ташқари, вояга етмаганлар орасида электрон тамаки ва снюс (тутунсиз тамаки маҳсулоти тури) чекиш ҳолатлари учраётгани ҳам бор гап.
Ваҳоланки, Ватанга жаҳолат болалари эмас, маърифат болалари керак! Миллатга иллат тарқатувчилар эмас, билим ва тафаккур таянчлари керак!
Афсус, минг афсус, биз енгил-елпи бачкана томошалар, ўйин ниқобидаги оммавий қиморбозликлар, тутуруқсиз қўшиқ ва мусиқалар ёш авлод табиатига нечоғли салбий таъсир кўрсатаётганини тасаввур қилолмаяпмиз. Маънавий бузғунчиликни эса ҳеч қандай демократия, ҳеч қандай муросасозлик, ҳеч қандай юзхотирчилик, ҳеч қандай «инсон ҳуқуқлари» ниқоби билан оқлаб бўлмайди. Зеро, маънавий бузғунчилик – Ҳаётга ва Худога қарши фитнадир!
Сиз бундай ўйинлар дунёнинг ҳамма жойида бор-ку, осмон ўйилиб ерга тушаётгани йўқ-ку, деган гапни пеш қилишингиз мумкин. Тўғри, дунёда бундай ўйинлар бор, лекин уларга бизчалик берилиб кетиш йўқ. Ўйинлар қулига айланиб қолиш йўқ. Биз бирор нарсага берилсак, муккамиздан кетамиз. Қолаверса, бутун жаҳон фикр аҳлининг бундай ўйинлардан хавотирга тушиб қолганига анча бўлди. Дунё ҳақида ўйлашдан аввал ўзимиз ҳақимизда мулоҳаза юритишимиз керак. Чунки ўзини жаҳолатдан ҳимоя қилишни ўйлаган халқ, қайсидир маънода, дунёни ҳам ҳимоялаган бўлади. Ҳимоя эса билим ва маърифатда эканини ҳаёт ҳам, тарих ҳам исботлаган. Шунинг учун ҳам Президентимиз деярли ҳар бир чиқишида «Илм, илм, илм!» дея бор кучни таълим ва тарбияга йўналтириш кераклигини қайта-қайта уқтирмоқда.
Мавзуга бироз яқинлиги учун одамларга жуда қизиқ туюлаётган худди шу машмаша-ю томошалар билан боғлиқ яна бир масалага алоҳида тўхталиб ўтишим даркор. Оила дардини ҳар жойда дастурхон қилиш бизнинг миллатда оғир айб саналган, ота-боболаримиз бундан номус қилишган. Таассуфки, бугун оилаларнинг ички сирларини телевизорга олиб чиқиб, достон қилаётганлар ҳам кўп. Баъзан бунга туппа-тузук одамлар аралашиб қолаётгани эса ниҳоятда ачинарли. Бирор нарсанинг маънисига етган-етмаган бир-иккита гўлни ўртага чиқариб қўйиб, «ҳой-ҳуй»лашиб, «вой-вой»лашиб, узундан-узун муҳокама қилишади. Ҳолбуки, бу муҳокамачиларнинг ўзлари жиддий муҳокамага муҳтож эканликларини билишмайди.
Мағзава кўпигидай кўпчиган бу томошаларда сон-саноқсиз томошабинлар олдида эр ўз хотинининг сирини, хотин эса эрининг сирини очиб, бемалол сотаверади. Ўртага чиққан гўлларнинг на бети қолади, на кети. Бошловчилар эса завқ-шавқ билан, жўшгандан жўшиб, арзон сирлар бозорига ҳаммани чорлайверади. Ахир, Замахшарий бобомиз: «Бировнинг юзининг сувини тўкиш, унинг қонини тўкиш билан баробардир», деганлар. Хусусий каналлардаги баъзи кўрсатувларда, ижтимоий тармоқлардаги айрим лавҳаларда эса нафақат юзлаб юзларнинг сувини тўкишаяпти, балки бет терисини бутунлай шилиб олишаяпти.
Бугунги кунда бизга баландпарвоз, шовқин-суронли ва башанг олди-қочдилар эмас, ҳақиқий маънодаги кучли, эзгу ғоялар керак бўляпти. Улар фарзандлар вужудига оталар қони, оналар сути билан сингиши шарт. Бошқа гаплар шамол сингари ўткинчидир.
Шу ўринда ҳақли савол туғилади: хўш, нима учун аждодлардан мерос ғояларни авлодларга сингдиришимиз қийин кечяпти? Нега баъзан борини ҳам қўлдан бой бериб қўяяпмиз? Босқинчи ғоялар кўплигиданми? Ёки оммавий маданият оқибатими бу? Нима қилмоқ керак?
Аввало, бир нарса муҳим, ғоя миллат болаларининг руҳида туғилиши ва яшаб кетиши керак. Эҳтимол, сиз «Ташқаридан кираётган ғоялар ҳам уларнинг ботинида яшаб кетяпти-ку?!», дерсиз. Ҳа, бу асосли гап. Лекин, бунинг сабаби шуки, ичкарида, ботинда бўш жой борлиги учун бегона алафлар яхши томир отади. Дунёда инсон ботинидаги уруғ сепилмаган ерларни излаб юрган дайди ғоялар эса жуда кўп. Бундай саёқ ғоялар бўш ерни топса топди, бўлмаса, бошқа қушлар инидаги тухум устига ўз тухумини қўйиб кетадиган какку усулини қўллайдилар. Миллий ғоялар учун ҳам, умумбашарий ғоялар учун ҳам хатар шунда. Алқисса, одамга қандай ғоя сингдирилса, у аста-секин шу ғояга айланади.
Эшқобил ШУКУР,
шоир, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими
