“Маълум қиламизки, жорий йилнинг 19 январида, куннинг қоронғи вақтида Андижон вилояти Асака туманида жойлашган “EVRO METAN” автомобилларга газ қуйиш шохобчасида навбатда турган ҳайдовчилар ўзаро навбат талашиб жанжаллашиб, жамоат тартибини бузганлар.
Шу ерга жамоат тартибини сақлаш ва тартиббузарликнинг олдини олиш мақсадида бириктирилган Андижон вилояти ИИБ Патруль-пост хизмати ходими сафдор Р.Мирзаев жанжални бартараф этиш мақсадида фуқароларни тинчлантиришга ҳаракат қилаётган вақтида, жанжал сабабчилари Асака туманида яшовчи 2004 й.т. О.Р. ва унинг акаси 1997 й.т. О.Ж. ходимга нисбатан ҳақоратли сўзлар ишлатиб, унинг қонуний талабларига бўйсунмай, фаол қаршилик кўрсатганлар.
Ҳодиса жойида жамоат тартиби тикланиб, тартиббузарларга нисбатан жисмоний куч ишлатилган ҳамда туман ИИБга олиб келиниб, улар билан тегишли тартибда профилактик суҳбат ўтказилган.
Ҳолат юзасидан воқеа иштирокчиларининг, шу жумладан, ички ишлар органлари ходимларининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланади”, дейилади Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати тарқатган хабарда.