Ҳадиси шарифларда барака, ҳалол савдо зироат (деҳқончилик)да экани айтилган. Халқимиз бу ҳикматни асрлар оша амалда исботлаб келмоқда.
Муаррих Ҳофиз Обрў «Жуғрофия» асарида шундай деб ёзган: «Мовароуннаҳр ер юзидаги барча мамлакатлар ичида ноз-неъмат энг кўп жой саналади, иқлими соғлом, ул диёрда очарчилик ва вабо камдан-кам ҳолларда бўлади, агар аҳён-аҳёнда экинларга бирор зарар етиб қолганда ҳам, уларнинг ўтган йили йиғиб қўйган захиралари шунчалик кўп бўладики, яна бир йилдан ортиқ муддатга етади…».
Афсус, биз узоқ давом этган маъмурий буйруқбозлик, тузум ва мафкуралар ўзгариши, коррупция ҳамда монополиялар пайдо бўлиши каби қатор салбий омиллар таъсирида кўҳна тутумларимиздан хийла ортга чекиндик, охир-оқибат турмушда иқтисодий тақчиллик, қашшоқлик бўй кўрсатди. Шунга қарамай, айни ҳолат узоқ йиллар юртимизда «ёпиқ мавзу» бўлиб келди. 2020 йил 24 январь куни давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида бу ҳақда очиқ-ойдин гапирилди ва тарихда илк марта камбағалликни қисқартириш устувор вазифа сифатида белгиланди. Шунингдек, айнан тадбиркорликни ривожлантириш ва касбга тайёрлаш орқали камбағалликни камайтириш юзасидан алоҳида йиғилиш ўтказилиб, ушбу йўналиш бўйича махсус дастурлар ишлаб чиқилди.
Шу ўринда бир неча йил аввалги саъй-ҳаракатлар беихтиёр ёдга тушади. Ўшанда аҳолига товуқ, қуён, эчки тарқатилди, лимон экилди, иссиқхоналар қуриб берилди. Ҳатто банк ходимлари уйма-уй юриб, кредит таклиф қилишди. Лекин бу борадаги ишлар тизимли ташкил этилмагани туфайли кутилган натижани бермади. Кимларнингдир чўнтаги қаппаяверса-да, ҳақиқий муҳтожнинг аҳволи ўзгармади. Камбағалнинг иқтисодий аҳволи яхшиланиши ўрнига бўйнига қарз илиниб, баттар қашшоқлашди.
Марказий банк маълумотларига кўра, аҳоли томонидан олинган кредитлар, аввало, автомашиналарга, кейин маиший техникалар, мебеллар, уйни таъмирлаш ва тиббий даволанишга ишлатилган. Яъни, одамлар олган кредитларини пулдан-пул қилишга, янги иш ўрни очишга сарфламаяпти. Чунки кредитга товуқ олиб, уларни катакка қамаш орқали бойиш даргумон. «Бир товуққа ҳам дон, ҳам сув керак!» деб бекорга айтилмаган. Бу талаблар ҳисобга олинмагани сабабли аҳолига берилган товуқлар ўлди, сигирлар ярим баҳосига сотиб юборилди.
Ана шу боис Президентимиз бу ҳолатни тубдан қайта кўриб чиқиб, жараённи самарали ташкил этиш бўйича долзарб вазифаларни белгилаб берди. У кишининг «Менинг энг катта мақсадим – одамларни бой қилиш» деган сўзлари замирида ҳам эзгу мақсад – қашшоқликни тугатиш муддаоси ётибди.
Иқтисодчиларнинг фикрича, камбағалликка қарши пул билан эмас, ақл ва билим билан курашиш зарур. Шу ўринда бир тарихий воқеани эслаш жоиз. Аллома Алихонтўра Соғуний бир камбағалга ёрдам бериш мақсадида ўзига хос тадбир қўллаганини ва охири уни бой-бадавлат қилганини шундай баён этади: «У камбағалнинг болалари кўп эди, унга пул, маблағ беришим мумкин эди. Лекин қўлдан берганга қуш тўймас деганларидай, бир марта берасан, икки марта берасан, барибир, бу миннатли ёрдам бўлади. Мен бошқа йўл тутдим: ҳалиги камбағалга дастурхонларда қоладиган анор пўчоқларини қаерда кўрса, йиғиб юришни тайинладим. Анорнинг пўчоғи кўп дардга даво. Бемор келса: «Фалончига борсанг, бир сиқим ё бир ҳовуч анор пўчоғи беради. Шуни олиб келсанг, дори тайёрлаб бераман», дейман. Камбағалдан анор пўчоғини текин олмайди, албатта. Шу баҳонада унинг рўзғори кун сайин ўнгланиб кетди…
Давлатимиз раҳбарининг «Камбағалларга балиқ эмас, қармоқ берамиз, яъни уларни касбга ўргатамиз ва бизнесга тортамиз», дейишида ҳикмат кўп. Эндиликда ҳамма гап сармоянинг йўлда ўмарилмай, камбағалга етиб боришида ва бизнесни маъмурий босимдан қутқара олишда. Бунда янги таъсис этилган лавозим эгалари – ҳар бир маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш бўйича ҳоким ёрдамчиларига кўп нарса боғлиқ. Бу ҳақда Президентимиз шундай деган эди: «Энди ҳар бир маҳалланинг ўз бюджети бўлади. Шу орқали эҳтиёжманд оилаларга субсидиялар ажратиш, жамоат ишларига жалб қилиш, ёшларни касбга ўқитишни ташкил этиш ваколатлари ҳоким ёрдамчиларига берилади. Ҳоким ёрдамчилари иқтисодиёт ва инвестиция идоралари, ҳокимиятда ишлайдиган билимли ва шижоатли ёшлар орасидан танланади. Лавозимга қўйишдан олдин улар икки ой давомида янги тизим асосида ишлашга ўқитилади».
Келинг, энди дунё мамлакатлари тажрибасига бир назар солайлик. Хитой Халқ Республикасининг ҳайратланарли иқтисодий ўсиши айнан қишлоқ хўжалигидан бошланган. 1979 йили бу мамлакатда қатор тадбирлар амалга оширилди. Деҳқонларга етиштирган маҳсулотининг бир қисмини эркин нархда сотиши учун имконият яратилди. Натижада қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бозорлари вужудга келди. Деҳқонлар ўз манфаатларини кўзлаб, ихтиёрий равишда (юқоридан буйруқ бўлгани учун эмас), кичик кооперативларга, кейин эса ассоциацияларга ва катта кооперативларга бирлаша бошлашди. 1985 йилдан эътиборан Хитой ўзининг кўп сонли аҳолисидан орттириб, дон экспорт қилишга киришди. Деҳқонлар бойигани сайин шахсий эҳтиёжлари учун моддий-техника ресурслари, саноат молларини сотиб оладиган бўлишди. Бу эса саноат ривожига катта туртки берди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг кўпайиши қайта ишлаш саноатини ривожлантирди – яхлит «занжир» ишга тушди. Ўтказилган ислоҳотлар натижасида мамлакатнинг умумий иқтисодий ҳолати яхшиланди, нархлар пасайди.
Ёки ер майдони Ўзбекистондан ўн бир марта кичик бўлган Нидерландияни олайлик. Ушбу давлат ҳар йили бизга нисбатан 120 баробар кўп – 120 миллиард долларлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилади! Мўъжазгина мамлакат бутун Европани бемалол сутга тўйдира олади. У қорамоллар сони зичлиги бўйича дунёда биринчи ўринда туради – ҳар квадрат километр майдонига ўртача 42 тадан қорамол тўғри келаркан. Насллилари бир тоннагача вазнга эга. Битта сигир кунига 50 литргача сут беради. Шу боис ҳар йили кўплаб мамлакатларга 90-95 миллиард евро миқдорида сут-гўшт маҳсулотлари сотилмоқда. Айрим ривожланаётган мамлакатлар ўзида мавжуд олтин, газ, олмос, уранни сотса-да, Нидерландия гўшт ва сутдан олаётган даромаднинг лоақал ярмига тенг даражада ҳам фойда орттиролмайди.
Исроилнинг эса ҳудуди шунчалик кичикки, харитада у митти нуқтадек бўлиб кўринади. Боз устига, асосан қумлоқ чўллардан иборат, сув ўта танқис. Аммо бу мамлакатда томчилатиб суғориш технологиялари ёрдамида етиштирилган мева-сабзавотлар дунё бозорида жуда харидоргир…
Ҳа, шундай, Президентимизнинг фикрларини ўқиганда ёки тинглаганда юқоридагиларга ўхшаш маълумотлар бирин-сирин эсга тушаверади.
Хонадонларда чорва моллари ёки парранда боқиш – катта саъй-ҳаракатларнинг бошланиши, холос. Амалда унга мос равишда ем-хашак етиштиришни кўпайтириш ва бошқа шарт-шароитларни яхшилаш зарур. Қимматбаҳо озуқа бериб, арзон гўшт етиштириш ҳеч кимга керак эмас. Дарахт ва экинларни эса суғориш ҳамда парваришлаш билан кутилган мақсадга эришиш мумкин. Ҳаммасига меҳнат, изланиш ва меҳр керак.
Юқори натижани кўзлаган киши тадбиркорнинг қўлида ишлашни эмас, ўзи тадбиркор бўлишни мақсад қилиши лозим. Ёки ишининг ҳақиқий устаси бўлиши шарт.
Ҳар қарич ердан унумли фойдаланиш – давр талаби. Бунинг учун одамларга қулай шароитлар яратиш зарурлигини Президентимиз ҳам бот-бот уқтираётир. Қолаверса, Ўзбекистон турли экинлардан мўл ҳосил олиш учун қулай иқлимга эга. Юртимиз тупроғида Менделеев даврий жадвалидаги маъданларнинг деярли барчаси мавжуд. Шундай бетакрор ўлкада яшаб, гўшт, картошка, шакар, писта ёғи, мева-чева, олма каби маҳсулотларни четдан харид қилишимиз мантиққа мутлақо тўғри келмайди!
Томорқада ҳар хил экинлар яшнаб, имкон даражасида чорва-ю парранда боқилса, айни муддао! Муҳими, ўзи маҳсулот етиштирадиган инсоннинг кўзи тўқ, кўнгли хотиржам бўлади. Ер билан тиллашиб, жониворларни парваришлаб ўсган болалар масъулиятли, меҳнаткаш ва уқувли, руҳияти соғлом, иммунитети кучли бўлади. Қолаверса, «Кўп жонзотлар ризқланадиган хонадонга барака ёғилиб туради», деган гап бежиз айтилмаган. Ёки халқимизнинг «қора қозони»ни асрлар давомида қайнатиб, турмушини фаровон этиб келаётган «етти хазина»ни бир эслайлик. Аждодларимиз уларга қуйидагича таъриф беришган:
Сигир – рўзғорнинг қассоби ва баққоли.
Асалари – оиланинг табиби.
Ипак қурти – қизларнинг сепи.
Обжувоз – қозоннинг ёғи.
Тегирмон – қориннинг белбоғи.
Ўрмон (терак ва мевали дарахтлар) – иморатнинг «суяги», қозон олови.
Товуқ – ҳам оби ёвғон, ҳам дори-дармон.
Шуниси қизиқки, ушбу «еттилик» бир-бири билан ҳам бевосита, ҳам билвосита боғлиқ. Сигирнинг «ўғити» далага сепилади, далада етиштирилган буғдойнинг дони, сомони, кепаги товуқ ва сигирга емиш бўлади. Асалари бол йиғиш жараёнида ўсимлик ва мевали дарахтларни чанглатади. Уларнинг барчасини бир бутунликда бошқариш эса кишидан катта ирода ва ақл-заковат талаб қилади.
Президентимиз ташаббуси одамлар орасида, ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилиниб, ҳар хил таклиф-мулоҳазалар билдирилмоқда. Мана улардан айримлари:
«Ҳокимлар ёрдамчиларига маҳалладаги аҳоли сонига қараб эмас, ўзларининг ишчанлик қобилиятига қараб маош тўлаш лозим. Масалан, бир ойда қанча фуқаро иш бошлади? Қанча тадбиркорнинг муаммоси ҳал этилди?».
«Чорва ва парранда учун кредит олинганидан сўнг ем-хашак, яйлов масалаларида муаммога дуч келинади. Буларни бартараф этиш учун маҳаллада ем сотиш, тарқатиш ва яйловлар масаласини олдиндан ҳал этиш зарур».
«Ҳоким ёрдамчиларига баҳони маҳалла аҳли бериши керак. У фуқароларга кредит олиб бериш билангина кифояланиб қолмаслиги лозим. Жойлардаги тадбиркор ва фермерларнинг муаммолари юқори давлат органлари орқали ҳал этилишида ёрдам бериши даркор».
Бундай таклифлар, Шавкат Миромонович таъкидлаганидек, «дастурлар вазирликда эмас, бевосита маҳаллада, «маҳаллабай» тамойили асосида шаклланиши зарур»лиги ўта муҳимлигини англатади.
Зеро, маҳсулотлар кўпайиб, деҳқон ва тадбиркорларнинг манфаатдорлиги ошса, фаровонлик ҳам юксалади. Кароматли аллома Алихонтўра Соғуний ёзганидек, «Ўзбекистон эли, айниқса, Тошкент аҳли қут-бараканинг киндигида яшайди. Бу ерга азиз авлиёларнинг дуоси кетган, бунда ҳеч қачон очарчилик, қаҳатчилик бўлган эмас, ҳеч қачон бўлмайди ҳам, иншооллоҳ. Мана, Тошкент бозорларини кўринг – мисли очил дастурхон, кечда бозор расталари бўшаб, дастурхон ёпилади, тонг отиши билан расталар яна лиммо-лим, ноз-неъматлар дастурхони яна очилади».
Бизнингча, бундай фикрларни республикамизнинг бошқа туман ва шаҳарлари ҳақида ҳам бемалол айтиш мумкин.
Бахтиёр ҲАЙДАРОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар
уюшмаси аъзоси
