«Замонавий бангилар» қандай пайдо бўлмоқда?

2263

ПСИХОТРОП моддаларга ружу қўйиш асосан ўсмирлик давридан бошланади. Бундай ҳолатда улар ёш организм­ни жуда тез қаритади. Шу боис наркоманлар орасида 40 ёшгача яшагани камдан-кам учрайди.

«Сиз ҳам «тема»дамисиз, ака?»

– Сезишимча, сўнгги пайтларда банги бирмунча кўпайиб қолди, – дея гап бош­лади «Яндекс» такси ҳайдовчиси. – Мен бу гапларни миш-мишларга эмас, ўзим кўрган-билган ҳолатларга таяниб айтяпман. Чунки касбим тақозоси билан ҳар хил одамларга дуч келаман. Ишонсангиз, кунига 10-20 нафар кишини баъзи виждонсизлар «дорихона»сига олиб бориб келаман. Бу мижозларнинг аксариятини 13-14 ёшдаги ўсмирлар ташкил этади.
Биз, таксистлар мижоз манзилни айтиши биланоқ қаерга ва нимага кетаётганини билиб оламиз. Гоҳида ўз оғзидан эшитиш учун «Ҳа, болакай, «дори»гами?» деб сўрайман. Бола бола-да, ҳозиржавоблик билан «Вой, ака, сиз ҳам «тема»дамисиз?» деб қолади. Унга «Йўқ «тема»да эмасман. Лекин сенга ўхшаган «тема»дагиларни кўп олиб бораман шу дорихонага», дейман.
Бир куни биттасидан гап олдим.
– Шу дорини ичиб нима наф кўрасан? Нафақат ёш умрингни, бутун ҳаётингни барбод қилади-ку! – дедим ғазабимни зўрға жиловлаб.
У нима деди денг:
– Сиз аввал битта ичиб кўринг. Шунда бор ғам-ташвишингизни унутасиз. Барча кўзингизга дўст бўлиб кўринади, қувноқ ва шодон бўлиб қоласиз…
– Вой, чурвақа-ей, – дедим ажабланиб. – Муштдай бошинг билан сенда нима ғам-ташвиш бор?
– Ҳа, энди… ҳар хил ҳолат бўлади-да. Баъзан муаллим ноҳақ уришади ёки ўтроқлар «терпила»лик қилади… Шунақа пайтлар мана шу «дори» жонимга оро киради, – деди у бамайлихотир…

Аввал «дори» ичилади, кейин «сув» пуркалади

Психотроп моддаларни истеъмол қилиб, кайф-сафо қилишга одатланган кишиларнинг айтиш­ларича, улар илгари «Лирика» дорисидан кўп фойдаланишган, ҳозир эса, «Регапен» ва «Зардекс»дан зўри йўқ. Бу воситалар бир ярим-икки соатда ­инсон организмига таъсир қилади. Аммо тез орада кучини йўқота бошлайди. Шу боис «дунёнинг ғам-ташвишларини узоқроқ унутиш» учун бурунга «Тропикамид» дориси пуркалади.
Афсус, бугунги кунда кўпчилигимиз кўз ўнгимизда рўй бераётган бундай аянчли воқеаларнинг нафақат гувоҳи, балки томошабинига ҳам айланиб қолдик. Виждонини шайтонга сотиб, пул кетидан қувган баъзи дорихона эгалари ҳамда энергетик ичимлик­лар савдосидан мўмай даромад орттириб, ошиғи олчи бўлаётганлар наҳотки бу қилмиш­лари оқибатини ўйлаб кўрмасалар? Наҳотки, емоқнинг қусмоғи борлигини, ўзларининг ҳам фарзандлари бир кунмас-бир кун шундай балога мубтало бўлиши эҳтимолдан холи эмаслигини билмасалар?..

«АСР ВАБОСИ» оқибатлари

Мутахассисларнинг фикрича, психотроп моддалар инсоннинг психологик ва физиологик функцияларини ва «дори»га қарам бўлиб қолган барча ички органларини издан чиқаради. Унга бўлган тобелик, аввало, кишини шахсиятидан ­айиради ва организмига тўлиқ путур етказади.
Психотроп моддаларни истеъмол қилишнинг охири «вой» эканини ёшлар тушуниб етмайди. Уларнинг хаёлида «енгилгина» психотроп таблеткаларнинг ҳеч қандай зарари йўқ. Ёки «бир мартагина мазасини кўраман» деб ўйлайди. Тўғри, стресс ҳолатидан чиққунга қадар истеъмол қилса, ҳеч нарса бўлмайди. Аммо мана шу «бир марта»нинг қулига айланиб қолиши мумкинлиги етти ухлаб тушларига ҳам кирмайди. Чунки кейинчалик уларнинг бу «ўйин»ларга сезувчанлик қобилияти ўла бошлайди ва ҳар доим қабул қиладиган «доза»си қониқтирмай қўяди.
Психотроп моддаларга ружу қўйиш бора-бора наркоманияга ўтишга олиб келиши мумкин. Биламизки, наркомания энг оғир дард эканлиги ва сурункали хасталик­лар сирасига кириши тиббиётда аллақачонлар ҳар томонлама исботланган.
Бинобарин, аввалбошда шунчаки кўнгилхушликдек туюлган одат бора-бора бедаво дардга ўрин бўшатиб беради. Наркотик моддаларнинг маккорлигини нафақат банги, балки атрофидагилар ҳам жуда кеч тушунишади.
Мазкур моддаларни узоқ муддат ва кўп миқдорда қабул қилган киши лўқиллаган оғриқни бутун танаси, ҳатто тирноқлари ва соч толалари орқали ҳам ҳис этади. Шу боис унинг домига тушганлар кўпинча ғужанак бўлиб ётиб олади ва фикри-ёди оғриқни қолдириш учун лоақал бир донагина бўлса-да, «тапбости» топиб, истеъмол қилишга қаратилган кимсага айланади. Наркотик моддалар киши психоэмоциясини бутунлай издан чиқаради. Энг ачинарлиси, қақшатқич оғриқлар туфайли ҳолдан тойган юрак охир-оқибат уришдан тўхтайди…
Бу заҳри қотиллар ўлимга олиб келишининг сабаблари кўп. Аввало, улар кўп миқдорда истеъмол қилинса, инсон ­миясига борадиган ҳаво йўлларини беркитиб, нафас олишни тўхтатади. Иккинчиси – хавфли инфекция, яъни ОИТСга олиб келувчи ВИЧ, цирроз касаллиги ва жигар саратонини келтириб чиқарувчи В, С ва Д гепатитларидир. Учинчиси – бангилар орасида ўз жонига қасд қилувчилар кўп учрайди.
Гиёҳвандлик моддалари қандай ­шаклда бўлишидан қатъи назар, оғу саналади. Чунки улар инсоннинг барча орган тўқималари, марказий асаб тизимига, жигар ва буйрагига жиддий зарар етказади. Ҳатто «темир ирода»лиларини ҳам синдиради. Унинг комига тушиб қолган киши жисмонан жуда бақувват ва руҳан ўта соғлом бўлган тақдирда ҳам бу иллатдан қутулиши мушкул.
Наркотик моддаларга ружу қўйиш асосан ўсмирлик давридан бошланади. Бундай ҳолатда улар ёш организмни жуда тез қаритади.
Очиғини айтганда, бангиларни дуч келган усулда ўзбошимчалик билан даволаш мумкин эмас. Чунки бунинг иложи йўқ. Уларнинг ҳаётини сақлаб қолишнинг бирдан-бир ишонч­­ли йўли узоқ вақт ва махсус усулларда амалга ошириладиган муолажалардан фойдаланишдир.
Ҳозирга қадар наркомания­­ни тўлиқ даволайдиган дори воситаси кашф этилмаган. Қолаверса, бу касаллик йўқолмайди, фақат маълум муддат «уйқу»га кетади. Мутахассисларнинг уқтириш­ларича, ундан қутулишнинг бирдан-бир йўли метиндан-да қаттиқ иродага эга бўлиш ва наркология марказига мурожаат қилишдир. Шунингдек, гиёҳвандларни доимий равишда назорат қилиб бориш керак. Фарзандларимиз бу вабонинг исканжасига тушиб қолмаслиги учун эса, уларга кўпроқ эътибор қаратишимиз даркор.
Бу барчамизнинг кундалик вазифамиз ва келажак авлодлар олдидаги бурчимиздир!

Дилором ХУДОЙБЕРГАНОВА,
«ISHONCH»