Баҳрин Иштихон тумани марказидан атиги саккиз-ўн чақирим наридаги қишлоқ. Унда 28 минг нафардан зиёд аҳолига хизмат кўрсатаётган бир муассаса бор. Пештоқига «8-сонли Ўзбекистон оилавий шифокорлик поликлиникаси» деган лавҳа илиб қўйилган. Бир қарашда ҳаммаси бинойидеккина. Аммо ичига кирсангиз, ажиб томошаларнинг гувоҳи бўласиз.
Бизнинг бу масканга сафаримиз чақалоқлар эмланадиган кунга тўғри келди. Шу боис бинода гўдаклар «инга-инга»си янграётган, ёш оналар даҳлиздаги саноқли ўриндиқларга навбати билан ўтириб, нафас ростлашаётганди. Электр токи бўлса-да, негадир чироқ ёқилмаган. У ерга йиғилган ўнлаб жувонларга бугунги эпидемиологик вазият, карантин талаблари ҳақида гапириш ортиқча. Чунки барчасининг муддаоси битта – тезроқ шифокор қабулига кириб, боласини эмлатиб чиқиш. Лекин ичкари ҳам аёллар ва болалар билан лиқ тўла.
Поликлиниканинг хўжалик ишлари бўйича мудири Баҳриддин Тўхлиев иситиш тизими тўғрисида шундай деди:
– Иссиқликни кеча-ю кундуз ўчирмаймиз. Эмлаш ўтказиладиган кунлари хоналарни янада кўпроқ иситиш зарур бўлади. Шу боис тупроқ аралаш кўмирни титкилаб, катта бўлакларини олиб ёқамиз. Баъзан қўлларимиз яра бўлиб кетади. Аммо, неча йилдирки, хоналарга меъёрдаги иссиқликни етказиб беролмаяпмиз.
– Шу кунларда «эмлаш» сўзини эшитсак, бир сапчиб тушадиган бўлиб қолганмиз, – дейди икки фарзанднинг онаси Ситора Ўроқова. – Чунки поликлиниканинг даҳлизи ҳам, хоналари ҳам совуқ. Устига-устак, пол қилинмаган, бетон қоплама эса ўта зах. Бу ҳолатда норасидаларни ечинтириб, текшириш ва эмлаш хавфли-ку…
Эмлаш бўлимида ишлаётган ҳамшира Нозбуви Норқулова хонасига электр печь олиб келиб, токка улаб қўйган экан. Лекин энергия қуввати пастлиги туфайли ундан етарлича иссиқлик чиқмаяпти. Поликлиника ходимлари авжи қиш чилласида ҳам ана шундай оғир шароитда ишлашга мажбур бўлишмоқда. Ҳолбуки, қишлоқда табиий газ бор, шундоққина қўшни ҳовлида ловуллаб ёниб турибди.
Шифокорлар билан мулоқотимиз чоғи поликлиникада сув ҳам йўқлиги аён бўлди. Улар баклажкада сув ғамлаб, эҳтиёжларига ишлатишар экан. Совун ҳақида гапирмасак ҳам бўлади. Бундай шароитда тиббий талаб тугул, шахсий гигиенага риоя қилиш ҳам эсдан чиқиши табиий. Поликлиника мудири вазифасини вақтинча бажарувчи Соҳиб Арзиев эса ушбу муассаса махсус дастурга киритилиши кутилаётганини айтиш билан кифояланди.
Шифокорлар билан мулоқотимиз чоғи поликлиникада сув ҳам йўқлиги аён бўлди. Улар баклажкада сув ғамлаб, эҳтиёжларига ишлатишар экан. Совун ҳақида гапирмасак ҳам бўлади. Бундай шароитда тиббий талаб тугул, шахсий гигиенага риоя қилиш ҳам эсдан чиқиши табиий. Поликлиника мудири вазифасини вақтинча бажарувчи Соҳиб Арзиев эса ушбу муассаса махсус дастурга киритилиши кутилаётганини айтиш билан кифояланди.
Яна бир гап. Бундан бир неча йил муқаддам «Меҳнат – роҳат» қишлоқ врачлик пункти 8-оилавий поликлиника тасарруфидаги шохобчага айлантирилганди. Ҳозир у ҳам қаровсиз ҳолга келиб қолган. Бу ерда 12 нафар ўрта тиббиёт ходими қарийб ўн минг кишига хизмат кўрсатаётган бўлса-да, зарур шарт-шароитлар яратилмаган. На иситиш тизими, на бир яроқли жиҳоз бор. Сув эса ён-атрофдаги хонадонлардан ташиб келтирилади. Ҳаво қаттиқ совуб кетган пайтлардаги аҳвол эса ўз-ўзидан тушунарли. Бинобарин, беморларни қўя турайлик, лоақал тиббиёт ходимларининг меҳнати ҳам етарли даражада қадрланмаяпти. Демак, тизимдаги баъзи ислоҳотлар кутилган натижани бераяпти.
– 23 йилдан буён шу даргоҳда меҳнат қиламан, – дейди поликлиниканинг «Меҳнат – роҳат» шохобчаси фельдшери Самандар Асадов. – Бу ерда илгари ишлаган уч нафар шифокор шароит оғирлиги сабабли соғлиқларини йўқотишди. Шу тариқа пенсияга чиқишди. Биз эса айни кезларда малакали шифокорларга катта эҳтиёж сезаяпмиз. Боз устига, совуқдан қийналаяпмиз…
Сирасини айтганда, Иштихондаги ўнга яқин қишлоқ аҳолисига хизмат кўрсатувчи тиббиёт муассасаларидаги бугунги ҳолатни кўриб, кишининг юраги увишади. Афтидан, соҳа мутасаддилари йиллар давомида ушбу шифо масканларга «ислоҳот» боис эга бўлишганига ва эришган узундан-узун мақомларига маҳлиё бўлиб қолишганга ўхшайди. Акс ҳолда, улардаги муаммолар ечимини яккаш дастурларга боғламай, шифокорлар ҳамда мижозлар учун зарур шарт-шароитлар ва қулайликлар яратган бўлишарди.
Нурилла ШАМСИЕВ,
«ISHONCH»
