Билса – ҳазил, билмаса – чин…

1241

Сирдарё туманидаги «Мурувват» интернат уйининг 125 нафар ходимига меҳнат таътили учун тўланадиган ҳақ нотўғри ҳисобланган.

Ушбу қонун бузилиши Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Сирдарё вилояти бўйича меҳнат техник ва ҳуқуқ инс­пекторларининг ташкилотдаги ўрганиш­лари пайтида маълум бўлди.
Давлатимиз раҳбарининг «2021 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида»ги фармонига кўра, белгиланган қўшимча дам олиш кунлари ҳар йилги меҳнат таътилининг давомийлигини икки иш кунига қисқартириш ҳисобига қопланиши, хусусан, 3-бандида ҳар йилги меҳнат таътили даврида сақланадиган ўртача ойлик иш ҳақи миқдорини ҳисоблашда меҳнат таътилининг амалдаги давомийлиги ҳисобга олиниши, унга ушбу фармонда белгиланган қўшимча дам олиш кунлари қўшилиши таъкидлаб ўтилган.
Меҳнат ҳуқуқ инспектори Абдураҳим Албеков интернат директори номига аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан кўрсатма хати йўллади.
Қисқа фурсатда 125 нафар ходимга ўн етти миллион беш юз йигирма тўққиз минг сўм тўлаб берилиб, хат ижроси таъминланди.

Озода МАМАДАЛИЕВА,
«ISHONCH»