Шунчаки тасодиф!?

1258

Бахтсиз ҳодисаларни шундай тавсифлаш қанчалик ўринли?

Биз кўнгилсиз ҳодисаларнинг аксариятини негадир тасодифга йўямиз. Бироқ инсон соғлиғи ва ҳаёти, унинг кейинги тақдирига дахлдор нохуш воқеага бундай баҳо бериш ножоиз. Шу боис, неча йилки, касаба уюшмалари бу ҳақда бонг уриб келмоқда. Бироқ, шунга қарамай, ишлаб чиқариш билан боғлиқ ҳодисаларнинг аксарияти ҳамон тасодиф, дея тавсифланмоқда. Бунга мисоллар истаганча топилади.

Масалан, ўтган йили Самарқанд вилоятида ишлаб чиқариш билан боғлиқ 15 та нохуш ҳолат қайд этилди. Улар оддий лат ейиш, жароҳат олиш эмас, балки инсон соғлиғи ва ҳаёти билан боғлиқ аянчли воқеалардир. Чунончи, биттаси бирваракайига бир неча кишининг умрига зомин бўлди, яна 8 таси ўлим билан тугади, 5 таси эса оғир оқибатларни келтириб чиқарди. Ҳаммаси айнан хизмат вазифасини бажариш чоғида рўй берди.
Тўғри, уларнинг ҳар бирига қонуний баҳо берилиб, жабрланувчиларга моддий ва маънавий зарарлар тўланди. Аммо бу ўксик кўнгилларга таскин беролмаслиги тайин. Чунки яқинларидан жудо бўлган ёки боқувчисини йўқотган оила аъзолари қалбидаги алам ва армонни аритиб, ўрнини тўлдириб бўлмайди.
– Меҳнат муҳофазаси талаблари ижроси биринчи галдаги вазифага айланиши керак, – дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Самарқанд вилояти кенгаши меҳнат техника инспектори Усмон Каримов. – Бултур ҳудудимиздаги касаба уюшмалари томонидан 280 нафар муҳандис-техник ходимлар, мутахассислар, меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик техникаси муҳандислари, меҳнатни муҳофаза қилиш вакиллари ўқуви ташкил этилди. Барчасига белгиланган тартибда малака сертификати берилди. Аммо улар вилоятдаги жами корхоналарда ишлаётганларнинг маълум бир фоизинигина ташкил этади. Қурилиш ва хусусий сектор корхоналарида эса бундай тадбирларни ташкил этиш имкониятлари ўта чекланган.
Ўтган йили жамоат ташкилоти томонидан ўрганилган 18 та қурилиш ташкилотида меҳнатни муҳофаза қилиш борасида қатор нуқсонлар мавжудлиги юзага қалқиб чиқди. Бунёдкорлик ишларида қатнашаётган бинокорларга лоақал оддийгина шароит яратиб беришга қунт-ҳафсала қилмаётганлар ҳам борлиги аниқланди. Энг ачинарлиси, баъзи қурувчилар ўзлари барпо этаётган иншоот ертўласида ёки талабга мутлақо жавоб бермайдиган жойларда истиқомат қилмоқдалар. Боз устига, улар махсус кийим-бош билан тўлиқ таъминланмаган. Бирор иншоотда хавфсизлик техникасига ва меҳнат муҳофазасига оид бурчаклар ташкил қилинмагани туфайли ходимлар хавфсизлик тартибларини билишмайди. Шу боис «Мевазор Раванак савдо», «Эркин», «Қаюмов строй инвест», «Самарқанд Сити» каби қурилиш ташкилотларига бундай хато-камчиликларни бартараф этиш юзасидан кўрсатмалар берилди.
– Ишлаб чиқариш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларга бир қатор омиллар сабабчи бўлади, – дейди Транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмасининг Самарқанд вилояти кенгаши раиси Сирожиддин Иззатуллаев. – Уларга барҳам бериш учун, аввало, ҳар бир жамоада эмин-эркин меҳнат қилиш учун муносиб шароит яратиш зарур. Қолаверса, меҳнат муҳофазаси соҳасидаги ишларни тўғри ташкил этиш керак. ­Қаерда ходимлар меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари ва меъёрлари бўйича ўқитилмаса, уларнинг бу борадаги билимлари етарли бўлмаса, меҳнат интизоми ва ишлаб чиқариш сусайса, ҳар ким ўз вазифасини бажариши раҳбарият томонидан назорат қилинмаса, оқибати яхшиликка олиб келмайди. Шунинг учун ҳам тармоқ касаба уюшмалари тасарруфидаги барча транспорт ва қурилиш ташкилотларида бу жараёнга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Аммо вилоятдаги юзлаб ташкилот-корхоналар касаба уюшмалари сафига киришдан ўзларини олиб қочаётгани ҳам бор гап. Улар негадир ишхоналарида жамоатчилик назорати ташкил этилишидан қаттиқ чўчишади.
Ҳолбуки, инсон тақдири ўйинчоқ эмас. Ҳар бир ишчи-хизматчи ва ходимнинг оиласи ва яқинлари бор. Меҳнат билан боғлиқ бўлган ва фавқулодда рўй берган нохуш ҳолатлар эса кўплаб кулфат-балоларни келтириб чиқаради, гоҳида инсонга жисмоний ва руҳий таъсир кўрсатиб, унинг тақдирини бутунлай тес­кари томонга ўзгартириб юборади, гоҳида эса фожиали якун топади.
Бу гапларимиздан тегишли хулоса чиқариб олиш-олмаслик ўзини четга тортаётганларнинг виждонига ҳавола!

Нурилла ШАМСИЕВ,
«ISHONCH»