Навоий ижодига мурожаат этар эканмиз, бу ноёб хазинада инсон ҳаётининг барча жабҳаларига тааллуқли гўзал фикрлар, ноёб хулосалар, киши руҳига малҳам бўлувчи ҳикмат сабоқларининг жамулжамлигига иқрор бўламиз.
Улар беш аср аввал ҳам, бугун ҳам комил инсон тарбияси, кўнгил поклиги, иймон бутлиги учун шу қадар зарур. Биз бу улуғ зотнинг шоҳ сатрларини қанчалар кўп ва хўб ўқисак, маъноларини идрок этсак, шунчалар яхши. Устоз Абдулла Орипов ёзганидек, «Буюк бобомиз ижоди улкан бир уммондир ёхуд дунёнинг энг ранг-баранг ва беназир хазинасидир. Кимки нимани ахтарса, ушбу хазинадан, албатта, топғусидир. Навоийнинг муборак назари тушмаган бирор соҳа йўқ».
Таниқли адабиётшунос олим Нажмиддин Комиловнинг Алишер Навоий ғазаллари маъноларини изоҳлаб ёзган шарҳларидан маълум бўладики, устоз қаламига мансуб ғазаллар, рубоийлар ва достонларда шу чоққача тадқиқ этилмаган кўп зарур ва фойдали жиҳатлар мавжуд. Чунончи, «Ғазалдаги маъноларни тушуниш билан бирга уни ўз вазни-оҳанги билан ўқиш, талаффуз этиш ҳам муҳим. Аслини олганда, ғазални тушунмай, ундаги сатрларни тўғри ўқиш амри маҳол». Тадқиқотчи олим Алишер Навоийнинг сермазмун ва серқирра ҳаёти, инсоний фазилатлари, иқтидор ва камолоти замондошлари учун ибрат ва намуна бўлганидек, бугунги авлод, айниқса, ёш ижодкорлар учун ҳам ибрат мактаби бўла олишини, бу мактабдан сабоқ олиш ғоят муҳимлигини алоҳида таъкидлайди.
Тарихдан маълумки, Навоий жуда кўп ёш ижодкорларга раҳнамолик қилган. Кўплаб истеъдод соҳиблари бу улуғ зотнинг устозлик ҳиммати ва марҳамати билан вояга етганлар. Навоий ижодкордаги ҳамма нарса – табиий қобилият, билим ва меҳнат, таҳсил ва идрок, талабчанлик, ахлоқий фазилатлар ўзаро уйғун бўлиши лозимлигини алоҳида уқтиради. Шоир қалбида яшаётган ишқ-муҳаббат, вафо-садоқат каби мунаввар туйғулар ўқувчи қалбига кўчиши, уларни эзгу орзу-ниятларга даъват этиши, эзгу ишларга илҳомлантириши лозим. Мутафаккир шоирнинг таъкидлашича, адолат, имон, эътиқод каби фазилатлар инсон учун бағоят зарур, буларсиз комил инсонни, комил жамиятни тасаввур қилиш қийин. Ҳар қандай адолатсизлик, ҳақсизлик жамият ривожига, тинч-тотув ҳаётга, аҳил-иноқлик йўлига тўсиқ бўлади, бинобарин, адолат чироғи ёниб, чор-атрофга шуъла таратиб турмаган жойда улғайиш бўлмайди, эл-улуснинг пешонаси оқармайди, аксинча, турфа хил зиддиятлар, қарама-қаршиликлар пайдо бўлади. Навоий таълимотининг мағзи ҳам шунда.
Навоийшунос олима Суйима Ғаниева шундай ёзади: «Адабий асарнинг қиймати, ўқишли ёки ўқишли эмаслиги, биринчи навбатда, унинг қандай услуб билан ёзилишига боғлиқ. Алишер Навоий асарлари беш асрдан буён халқимиз томонидан севиб ўқиб келинаётган экан, демак, бу асарлар яхши услуб билан, инсонга фараҳ бағишлайдиган шакл ва оҳангларда яратилган».
Навоийшунос олима Суйима Ғаниева шундай ёзади: «Адабий асарнинг қиймати, ўқишли ёки ўқишли эмаслиги, биринчи навбатда, унинг қандай услуб билан ёзилишига боғлиқ. Алишер Навоий асарлари беш асрдан буён халқимиз томонидан севиб ўқиб келинаётган экан, демак, бу асарлар яхши услуб билан, инсонга фараҳ бағишлайдиган шакл ва оҳангларда яратилган».
Устоз Эркин Воҳидов Навоийнинг «Ваҳки умрим барча зое бўлди эл коми билан», деб бошланувчи ғазалини ғоят гўзал шарҳлаган: «Шеър бошдан оёқ озодлик туйғуси ҳақида. Ғазалнинг илк сатриёқ кишини чексиз хаёлларга ғарқ қилади:
Ваҳки умрим барча зое бўлди эл коми била,
Бодаи ноб ўрнида хуноба ошоми била.
Нақадар буюк изтироб бор бу мисраларда. Биргина шоирнинг эмас, бутун инсониятнинг, ҳамма замон ва маконларнинг дарду алами бор. Ком – истак, хоҳиш демак. Комронлик ўз истагига кўра яшамоқ, яъни озод бўлмоқдир. Шоир бу ўринда таассуф билан, мен ўз истагимга кўра яшамадим, бошқаларнинг раъйига қараб, одамлар нима деркин, дея андиша қилиб яшадим, ихтиёрим ҳеч қачон ўзимда бўлмади, демоқда. Шу боис ичганим бода эмас, қонли ёшларим бўлди, ҳаётим зое кетди, дейди у.
Бу фақат ўн бешинчи асрнинг эмас, балки ҳамма даврларнинг ҳам изтиробидир. Буюк шахсияти, кенг билим ва дунёқараши билан ўз замонасининг тор қолипларига сиғмаган Навоий фарёд қилади:
Кимса юз йил комронлиғ қилса, билким, арзимас,
Даҳр аро бир лаҳза бўлмоққа биров коми била.
Эрксизлик шундай аламли ҳолатки, бир лаҳза ихтиёрсизликнинг оғир юки юз йил ўз эркинг билан бахтли яшаганингни ҳам босиб кетади. Эрксизликнинг бир дақиқаси ҳам оғир кўргилик экан. Умрга татигулик заҳмат экан.
Биров коми нима? Бу ўзганинг истаги, хоҳиши, иродаси, изми, рухсати, раъйи демакдир. Комронлик ўз эрки ўзида бўлмоқ, ихтиёр эгаси бўлмоқ, демакки ниятга етмоқ. Бунинг акси нокомлик, яъни эрксизликдир. Навоий учун эрксизликда ичилган оби ҳаётдан кўра ўз хоҳиши билан ичилган заҳар яхшироқдир.
Заҳрни ўз коми бирла ичса ондин яхшиким,
Ичса ҳайвон шарбатин нокомлиғ жоми била.
Биров зўрлаб ичирган қадаҳ нокомлик жомидир. Байтнинг маъносини лўнда қилиб айтса, эрксиз яшагандан кўра ўлган яхши, демакдир».
Навоий ижодини тадқиқ этиш, тушуниш ва англаш бугуннинг, эртанинг, ундан кейинги ёруғ, фасоҳатли кунларимизнинг ҳам муҳим вазифасидир. Бу иш – юксак бадиият ва санъат мақомига муносиб сўз юритмоқ, устоз Ботирхон Акрамов ёзиб кетганидек, «Бошараф ва масъулиятли вазифа бўлиш билан бирга, шунчалар ҳузурбахш, руҳни поклантирувчи бир машғулотдир… Навоий даҳосининг сир-синоати, асл моҳиятини англар эканмиз, улуғ шоир яратган тимсолларнинг руҳий теранликлари, мўъжизавий аломатлари, ғайб олами ва ниҳоят, мутлақ руҳият – Аллоҳнинг чексиз ва муқаддас мулкига сайру саёҳат қила бошлаймиз».
Ботирхон домла шундай «саёҳат»лардан бирида «Лайли ва Мажнун» достонида Сўзга берилган қуйидаги таърифни «миллий тафаккуримизга хос, фасоҳат олами учун рамзий дебоча», дея баҳолайди:
Эй Сўз, не бало, ажаб гуҳарсен,
Гуҳар неки, баҳри мавжварсен…
Айтиб совумас тарона – сенсен,
Олиб қурумас хизона – сенсен…
Таниқли олим Шуҳрат Сирожиддинов Навоий ақидалари хусусида қуйидагиларни таъкидлайди: «Унинг достон ва ғазалларида акс этган илмий-бадиий, диний-фалсафий тафаккур шу қадар кенгки, баъзи байтлар шарҳи ўқувчидан ниҳоятда кенг билимга эга бўлишни тақозо этади. Шу маънода Навоий «Хамса»си сўнгида номаълум котиб томонидан ёзиб қолдирилган қуйидаги мисралар диққатга сазовордир:
Навоийки, ул жомеи сирру жаҳр,
Анинг ҳар сўзидур муаммо мисол,
Анго етмагандин хирад нутқи лол.
Жаҳон ганжи ҳар байтидадур ниҳон,
Ки ҳар ганжидадур ниҳон бир жаҳон…».
Не бахтки, бугун маънавий ҳаётимизда Навоийга қайтиш бошланди. Бу қайтиш учинчи уйғониш фаслининг дараги десак, муболаға бўлмас. Устоз Иззат Султоннинг «Навоийнинг қалб дафтари» қайта нашр этилди. Абдуқодир Ҳайитметовнинг «Навоий лирикаси» китобининг янги нашридан баҳраманд бўлдик Академик Абдулла Аъзамов Алишер Навоий ҳақида «Аброрлар ҳайрати» номли фалсафий эссе ёзди, «Навоий ижодида ҳазил-мутойиба» тадқиқоти икки марта чоп этилди. Истеъдодли носир Исажон Султоннинг «Навоий» романи китобхонлар қўлига бориб етди. Адабиётшунос Иброҳим Ҳаққулнинг телесуҳбатлари, тадқиқот мақолалари ёшларда Навоий ижодига қизиқиш уйғотмоқда. Нусратулло Жумахўжа олим ва шоирларимизнинг Навоий асарларига ёзган сара шарҳларини тўплаб, «Навоий ғазалиёти талқинлари» номида чоп эттирди. Шерхон Қораевнинг «Навоий адабий мажлислари» рисоласидан ўқувчи ўзи учун кўп муҳим маълумот олиши аниқ. Тадқиқотчи Акром Малик «Ҳайрат ул-аброр»нинг икки жилдлик табдилини тайёрлади.
Зуҳриддин Исомиддинов ўзининг «Шавқи наво» китобида ўқувчи эътиборини улуғ мутафаккир ғазаллари матлаъсининг сирли маъноларига эга эканлигига қаратади: «Навоий кўзда тутган, аммо биз ҳали англаб етмаган бир талай маънолар кўзимиз олдига келтирилади, шу бир байт талқинидаёқ биз қай даражада буюк мутасаввиф шоир ижоди оламига кириб бораётганимизни ҳис этамиз». Соддароқ ўқувчи муаллифга ғойибона: «Қани ўша, сиз айтаётган – кўплар ҳануз англаб етмаган (ета олмаётган) маънолар», деган савол билан мурожаат қилади. Жавоб тайёр. Зуҳриддин «Ёр аксин майда кўр, деб жомдин чиқти садо» мисрасида янги бир маънони кўргандай бўлади: «Май тўла жом узра энгашган одам (майхўр – ошиқ) , шубҳасиз, май сиртида ўзининг аксини кўради. Яъни ёр – унинг ўзи бўлиб чиқади. Чунки ошиқнинг бутун фикри-зикри кечаю кундуз фақат ёр ҳаёли билан яшашдан иборат бўлса, ўзлиги йўқолади, унинг ўзи ёрга, ёрнинг бир қисмига, тажаллисига айланади…».
Олимжон Давлатовнинг Навоий ғазалларига ёзган шарҳлари равон ва тиниқлиги билан ажралиб туради. «Ғаройиб ус-сиғар» девонининг «Эй, ҳамд ўлуб маҳол фасоҳат билан санга», деб бошланувчи 4-ғазалига шарҳдан: «Инсон ўзига нисбатан қандай фикрда бўлишидан қатъи назар, Худонинг марҳаматига сазовор бўлмагунча тийрарўзгор, яъни бахтиқародир. Кўҳна тарих саҳифаларини варақлаб, бунга кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Миср аҳли Худо деб эътироф этган Фиръавн ҳам, бутун олам хазиналарининг соҳиби Қорун ҳам, ер юзида ҳукмдор бўлган Намруд ҳам, сиртдан қараганда, омадли ва қудратли кўрингани билан, аслида, ҳаётлари аянчли якун топган… Алишер Навоий осийлик қилганини кўп бор эътироф этиб, минг хижолат билан Ҳақ таолодан гуноҳларини кечиришини сўрайди. Шундай фариштасифат инсон ўзини «исёни кўп» деб биларкан, бизнинг ҳолимиз не кечаркин?!.
Исёни кўп Навоийнингу йўқ уётиким,
Истар етишса мунча хижолат билан санга».
Истеъдодли адиб Баҳодир Қобул ўзининг оҳорли халқона тилли асарлари билан ўқувчига аллақачон танилиб бўлган, ижодда ўз йўли ва услубига эга адибларимиздан бири. Самарқанд университетида таҳсил олганида Алишер Навоий асарларига жиддий қизиқиши, «Маҳбуб ул-қулуб», «Муҳокамат ул-луғатайн»ни қайта-қайта мутолаа қилиши билан устоз Ботурхон Валихоновнинг эътиборига тушган. Йиллар ўтиб, бу қизиқишнинг ҳосиласи ўлароқ «Маҳбуб ул-қулуб» ва «Муҳокамат ул-луғатайн»нинг бугунги сўзлашувимизга мос ўгирмалари юзага келди, ўқувчилар қўлига бориб етди.
Ҳаёт чархи тинимсиз айланади. Замонлар, даврлар ўзгаради, сулолалар янгиланади, аммо кеча кундузга, кундуз кечага уланганидек, ёруғ кунлар кетидан бугунгидек ташвишли – дунёни аёвсиз қамраган пандемия ҳолатлари ҳам юзага келиб, инсоннинг ақл-заковати, сабр-қаноати, тилу дилининг поклиги, уйғоқлигини синовдан ўтказади. Алишер Навоий бобомиз бундай ҳолатда қандай йўл тутиш лозимлигини айтиб кетганлар:
То ҳирсу ҳавас хирмани барбод ўлмас,
То нафсу ҳаво қасри барафтод ўлмас,
То зулму ситам жонига бедод ўлмас –
Эл шод ўлмас, мамлакат обод ўлмас.
Ҳар бир халқнинг маданий-маърифий қиёфасини белгилайдиган, жаҳон тамаддуни ривожига улкан ҳисса қўшган улуғ алломалари, буюк донишмандлари бўлади. Йиллар, асрлар ўтади, аммо бундай зотларнинг хотираси авлодлар қалбида мангу яшаб қолади, келажак насллар уларнинг маънавий меросидан янада кўпроқ баҳраманд бўлади.
Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ,
Ўзбекистон Республикасида
хизмат кўрсатган журналист
