Бекат машина учунми?

4557

Пойтахт тўла машина. Йўллар тирбанд. Тушунамиз: мегаполис. Аммо айрим жойларда йўллар тор. Автотураргоҳлар ҳақида-ку, гапиришга ҳожат йўқ: ҳолат ҳаммага кундек равшан. Шу боис кўпчилик беминнат ­«дас­тёри»ни шундоққина йўл ёқасида қолдириб кетади. Табиийки, бу бош­қаларга ноқулайлик туғдириб, тирбандлик ҳосил қилади.

Очиғи, мазкур масала юзасидан ОАВда кўп ва хўб таҳлилий, танқидий мақолалар чиқди, мутасаддилар эътиборига ҳавола қилинди ва қилинмоқда. Лекин муаммо ҳали-ҳануз жойида турибди – ўзгаришсиз. Ўша-ўша: эски ҳаммом, эски тос.
Қуруқ гап бўлмаслиги учун битта мисол келтираман: Миробод тумани Тарас Шевченко кўчасидаги «Ўзбеккимёфарм» бекати ёнида ва атрофида доим машиналар тизилиб туради. Оқибатда, шундоқ ҳам тор бўлган жойда автобус ва йўналишли таксилар бекатга йўловчи тушириш ёки олиш учун тўхташга жой тополмай, ҳалак бўлади. Хуллас, бекатнинг йўналишли автоуловлардан кўра енгил машиналарга кўпроқ фойдаси тегяпти.
Хўш, мазкур вазиятни кимдир ўз назоратига оладими?

Хонбиби ҲИММАТ қизи,
журналист