Фарзандларимиз ўз бағримизда улғайсин!

6583

Ўғилнинг армони

Ўн бир ёшимда отам вафот этди. Икки йилдан сўнг биз – уч ўғил, бир қизни боқишга қийналган онам опамни турмушга узатди-ю, акам билан хорижга ишлагани кетди. Укам иккимиз шу қишлоқда яшовчи тоғамнинг қарамоғида қолдик. Онам дурустгина маблағ юбориб турганига қарамай, тоғам мени доим қурилиш ишларига жалб этиб, ҳолдан тойгунимча ишлатарди. Энг алам қилгани, мен тенги ўғлининг қўлини совуқ сувга ҳам урдирмасди.
Тўрт йил шу зайлда ўтди. Ниҳоят, балоғат ёшига тўлгач, ўзимизнинг уйда яшаш учун онамдан рухсат олдим. Иккимиз кунда-кунора қўнғироқлашиб, узоқ суҳбатлашсак-да, қариндошларимиз тез-тез ҳол-аҳволимдан хабар олиб туришса-да, мен ҳар кун ҳар лаҳза она меҳрига зор бўлиб кун кечирдим…
Ҳозир 23 ёшдаман. Онам билан акам, ўн йилдирки, ҳамон хорижда. Боз устига, укамни ҳам ёнларига чақириб олишган. Мен эса давлат ташкилотида ишлаяпман. Ўша ҳовлимизда танҳо ўзим яшаяпман. Худога шукур, ҳеч қачон ёмон йўлларга кирмадим, бировларнинг ҳақига хиёнат қилмадим. Лекин шунча йиллар давомида онамдан айро яшаганим, унинг меҳрига тўймаганим алам қилади менга. Шунданми, онамсиз ўтган ўсмирлик ва ёшлик даврларимни эслагим келмайди.

Онанинг афсуси

Эримнинг вафотидан сўнг моддий жиҳатдан анча қийналиб қолдим. ­Вояга етган қизимни узатиш учун каттагина қарз кўтардим. Олдинда эса уч ўғлимни вояга етказиш, уйлантириш, уйли-жойли қилиш масаласи кўндаланг турарди. Шу боис ишлаб, кўпроқ пул топиш илинжида хорижга кетдим. Бундан ўзга чорам йўқ эди.
Албатта, икки дилбандимни акамга қолдириб кетганимдан ўзим қаттиқ изтироб чекканман, уларни кўп соғинганман. Шунинг учун деярли ҳар куни телефон қилиб, узоқ ­гаплашганман. Ўғлим бир куни менинг аҳволимни ҳам тушуниб етар ва мени кечирар, деган умиддаман…

Маълумот

Бухоро вилоятида рўйхатда турган 19 минг нафардан зиёд аёл бугунги кунда узоқ муддатга хорижга ёки юртимизнинг бошқа шаҳарларига чиқиб кетган. Аксарияти ишлаб пул топиш учун шундай йўл тутган.
Мулоҳаза
Тўғри, бир қарашда, бунинг ёмон томони йўқ. Чунки яхши даромад орттириш имкони мавжуд жойга бориб ишлаш ёки ўша ерга кўчиб ўтиш глобал дунё талабига айланди. Бироқ хориждаги опа-сингилларимизнинг аксарияти оилали ва фарзандли эканини ҳисобга олсак, уларнинг тахминан учдан бир қисмининг, яъни 6 мингдан зиёдроғининг фарзандлари мамлакатимизда қолган (Тахминан дейишимнинг сабаби масъул ташкилотлар томонидан аниқ ҳисоб-китоби юритилмагани боис бу рақамлар тез-тез ўзгариб турар экан).
Хўш, ана шу қоракўзлар кимларнинг қўлида қолган ва нималар билан машғул? Улар қандай таълим-тарбия олишяпти?

Бухоро вилояти ички ишлар бошқармаси ­масъул ходими Мирғолиб Шамсиевнинг таъкидлашича, бугунги кунда хориж­га кетган 400 дан ортиқ оила бош­лиқлари болаларини васийлик ва ҳомийлик тамойилига биноан яқин қариндош­ларига беришган. Қолганлари эса, расман бўлмаса-да, фарзандлари тарбия­­си билан шуғулланишни опа-укалари ва ака-сингилларига ишониб топшириб кетишган. Лекин бу ўғил-қизларга бобо-бувиси, амма-холаси, амаки-тоғаси ҳар қанча ғамхўрлик қилишгани билан ҳақиқий ота-она меҳрини бера олмасликлари аниқ.

Мутахассислар нима дейди?

– Ўз волидаси ғамхўрлигини ва меҳр-шафқатини ҳар қадамда ҳис қиладиган бола онасидан айро яшаётган тенгдошларига нисбатан анча соғлом, ақлли ва тарбияли бўлиб улғаяди, – дейди Бухоро давлат университети психология факультети доценти Шуҳрат Остонов. – Қариндош-уруғи қарамоғида қолган бола эса психосоциал ва ҳиссий муаммоларга дуч келади. Жумладан, таълим олиши, саломатлиги ва ижтимоий ҳолати салбий томонга ўзгаради. Онаси ёнида эмаслиги унинг овқатланиши ва ўқишига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Тадқиқотларга кўра, бундай болаларнинг 33 фоизи васий қўлида ўзини бахтсиз ҳис этади, 21 фоизи хавотирда яшайди. Айниқса, ота-онасини соғинган пайтлари қайсар, кайфиятсиз ва исёнкор бўлиб қолади. Уларнинг 37 фоизи ғазабини ака-укалари ва опа-сингилларидан олади, 18 фоизи эса катталарга қўпол муносабатда бўла бошлайди.
– Ўқувчиларим орасида эр-хотиндан бири ёки иккаласи ҳам хорижга ишлаш учун кетган бир ­нечта оила фарзандлари ҳам бўлган, – дейди Ғиждувон туманидаги 18-мактаб ўқитувчиси, синф раҳбари Вилоят Абдуллаева. – Уларнинг кўпчилиги бошланғич синф ёшида тушкун кайфиятда бўлади, фанларни ўзлаштиришда, фикрларини жамлашда қийналади. 5-6-синфга ўтгач, ташқи муҳитга мослаша бошлангани туфайли ота-онага муҳтожлиги сал сусаяди, кўпроқ эркинликка интилади. 7-8-синфда ота-она меҳри билан бир қаторда, уларнинг иқтисодий кўмаги ҳам зарурлигини англаб етади. 9-10 синфларда эса ота-она ҳомий деган хулосага келади. Улар пул топиш мақсадида узоқларга кетганини тушунгач, ҳамма нарса моддиятга боғлиқ экан деган фикр миясига қаттиқ ўрнашиб қолади. Инсоний туйғулар бу матоҳ олдида қийматсиз эканини англагач, пулга ўч, худбин шахс сифатида ­шаклланади. Оқибатда жиноят кўчасига кириб қолиши ҳам ҳеч гап эмас.

Ечим нимада?

Ҳеч кимга сир эмас, бу муаммонинг ечими энг жиддий муаммолардан бири – ишсизликка бориб тақалади. Шу боис Президентимиз аҳоли бандлигини таъминлаш борасида қайғуриши жараёнида фарзандларни оналар бағрига, оналарни болалар ёнига қайтаришни, аҳолини сердаромад ишлар билан қамраб олишни асосий мақсадга айлантирганига шак-шубҳа йўқ. Аёллар бандлигини таъминлаш борасидаги асосий ислоҳотлар негизида нафақат мамлакатдаги, балки хориждаги опа-сингилларимизни ҳам юртга қайтариш мақсади мужассам. Бироқ ушбу масалада фақат давлат раҳбарининг жон куйдириши, турли қонун ва қарорлар қабул қилишнинг ўзигина кифоя қилмайди. Бунинг учун мамлакатимиз аҳолиси бир халқ, бир куч бўлиб, ана ўша саъй-ҳаракатлар атрофида бирлашса, илгари сурилаётган ­ташаббусларни амалда қўллаб-қувватласа, ижобий натижаларга эришиш мумкин.
Истагимиз, фарзандларимиз ўз бағримизда камол топсинлар!

Дилдора ИБРОҲИМОВА,
«ISHONCH»