Навоий инсонийлик, тинчликсеварлик, маърифатпарварлик ғояларини юксак маҳорат билан тараннум этган улуғ ижодкордир. Шу жиҳатдан у жаҳон адабиётининг ёрқин сиймолари — Ҳомер ва Данте, Рудакий ва Фирдавсий, Низомий ва Саъдий қаторидан муносиб ўрин олган.
Ҳозирги глобаллашув даврида Алишер Навоийнинг инсоний баркамоллик, одоб-ахлоқ, беғубор ва покиза туйғулар улуғланган асарлари ҳарқачонгидан ҳам долзарблик касб этмоқда. Шу боис улуғ шоирнинг ижод намуналари жаҳон халқларининг кўплаб тилларига таржима қилиниб, олимлар, кенг жамоатчилик томонидан катта қизиқиш билан ўрганилмоқда.
Навоий ижодида ҳаётга муҳаббат инсоннинг миллатидан, ирқидан ва диний мансублигидан қатъи назар, унинг қадр-қимматини улуғлаш, халқлар ўртасида дўстлик, биродарлик, тинчлик ва ҳамжиҳатлик каби эзгу ғоялар билан суғорилган. Айниқса, ҳозирги кунимизда турли минтақаларда рўй бериб турган миллат ва элатлараро жанжалу можароларни олдиндан кўра билган буюк Навоийнинг безавол ўгитлари инсоният тарихининг барча даврлари учун ҳамоҳангдир.
Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази ШҲТ мамлакатлари вакиллари Алишер Навоий ғазалларидан парчаларни ўқиб берган видеолавҳани тақдим этди. Унда рус, қозоқ, тожик, қирғиз хитой, ҳинд ва бошқа миллатларга мансуб инсонларнинг бобомиз ғазалларини ифодали ўқиганини кўришингиз мумкин.
Видеолавҳа билан ушбу ҳавола орқали танишишингиз мумкин:
Зебо НАМОЗОВА,
“Ishonch”
