Миллий матбуот марказида ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг давлат-хусусий шериклик ва рақамли технологияларни ривожлантириш бўйича маслаҳатчиси Джон Александр Райт мамлакатимиз сув хўжалиги соҳасидаги ислоҳотлар ҳақида ўз мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
Халқаро мутахассиснинг фикрига кўра, 2018 йилда Қишлоқ хўжалиги ва Сув хўжалиги вазирликларининг ташкил этилиши ўта тўғри қарор бўлган.
Илгари, маълумки, Ўзбекистонда сувни ўлчаш ишлари қўлда олиб борилиб, кунлик ҳисоб-китоб натижалари дафтарга қайд этилган ва маълумотлар телефон орқали марказга етказилган.
Ўзбекистон Республикасида сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2021-2023 йилларга мўлжалланган стратегиясида 2023 йилгача сув ресурсларини прогнозлаштириш, ҳисобини юритиш ва маълумотлар базасини шакллантириш тизимини такомиллаштириш ҳамда шаффофлигини таъминлаш белгиланган.
Давлат-хусусий шериклик Ўзбекистон сув хўжалиги учун мутлақо янги йўналиш бўлиб, хусусий шериклар сув хўжалигидаги муайян инфратузилмани модернизация қилишга инвестиция киритади ва уни бошқаради. Бу халқаро тажрибада йўллар ёки шифохоналар каби инфратузилмани ривожлантириш ва ишлатишда хусусий капитал ва тажрибани жалб қилиш учун кенг қўлланиладиган механизмдир. Кези келганда таъкидлаш жоизки, хусусий капиталдан суғориш ва сув инфратузилмасида фойдаланиш хорижда ҳам нисбатан камроқ тарқалган. Айнан шуни назаридан қочирмаган Ўзбекистон ҳукумати сув хўжалигида ДХШ лойиҳаларини амалга ошириш бўйича улкан мақсадларни ўз олдига қўйганлигини яна бир карра тасдиқлайди. Асосий эътибор насос станцияларини модернизация қилишга қаратилган бўлиб, бу энергияни иқтисод қилиш ва агрегатлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш имконини беради.
Олиб борилаётган ишлар кўламини тасаввур қилиш учун баъзи маълумотларга эътиборингизни тортамиз: 2021 йилда давлат-хусусий шерикликни жорий этиш бўйича қиймати 1 216 млрд. сўм бўлган 100 та лойиҳа юзасидан битимлар имзоланди. Ушбу лойиҳалар доирасида хусусий шериклар томонидан дастлабки 3 йилда 112,3 млрд. сўм миқдорида инвестиция киритилиши ва 152,9 млрд.сўм бюджет маблағи иқтисод қилиниши кўзда тутилган.
– Ўзбекистондаги институционал тузилмалар ҳам, сув инфратузилмаси тармоғи ҳам ўта мураккаб. Ўтган бир йилга яқин вақт ичида республиканинг деярли барча ҳудудларига бориб келдим. Бу мен учун сув хўжалиги соҳасидаги муаммолар ва реал ҳолатни тушунишимда жуда зўр имконият бўлди. Жойларда сувчилар билан суҳбатлашдим, улар ўзларининг фикр-мулоҳазаларини эшитдим, – дейди Жон Райт.
2021 йил якунига келиб Ўзбекистонда сув хўжалиги объектларига 5 567 та замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, жумладан, 3 099 та “Ақлли сув”, 426 та насос станциясига сув миқдорини ва 2 022 та мелиоратив кузатув қудуғига сизот сувлари кўрсаткичлари ва ерларнинг минераллашганлик даражасини онлайн назорат қилиш қурилмаси ўрнатилди. 20 та сув хўжалиги объекти автоматлаштирилди. 1688 та насос станциясига 2173 та автоматлаштирилган электр ўлчов асбоблари ўрнатилди ва республика бўйича ягона электрон ахборот тизимига интеграция қилинди ҳамда электр энергия сарфини “онлайн” назорат қилиш имконияти яратилди.
Умуман, ўтган бир йил ичида сув хўжалиги соҳасида кўплаб янгиликлар жорий қилинди. Соҳада мутахассис кадрлар тайёрлаб берадиган таянч олий ўқув юрти – Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг мақоми яна бир поғона юксалиб, Президент қарорига асосан “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университети деб қайта номланди. Университетга таълим ва ишлаб чиқариш узвийлигини мустакамлаш, гидроэнергетика, ирригация, мелиорация, қишлоқ хўжалигида инновацион техника ва технологиялар, сув тежовчи суғориш технологиялари каби йўналишларда кадрлар тайёрлаш бўйича улкан вазифалар юклатилди.
2021 йилда Сув хўжалиги соҳасидаги 5 500 нафар раҳбар-ходимнинг малакаси оширилди. Тизимдаги ташкилотларнинг олий маълумотли мутахассис кадрлар билан таъминланганлик даражаси 45 фоиздан 47 фоизга етказилди.
Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси учинчи йўналишида сув ресурсларини бошқариш тизимини тубдан ислоҳ қилиш ва сувни иқтисод қилиш бўйича алоҳида давлат дастурини амалга ошириш мақсадлардан бири сифатида кўрсатилган.
2022 йилда янги ва фойдаланишдан чиққан 129 минг гектар ерларни ўзлаштириш, сув тежовчи технологияларни 260 минг гектарда жорий этиш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳисобига камида 7 млрд куб метр сувни иқтисод қилиш каби вазифалар қўйилган келажакда кутилаётган хатардарга олиндан тайёргарлик кўриш, жумладан, муқаррар сув танқислигини юмшатиш бўйича амалий чоралар қабул қилаётганлигининг исботидир .
Ўзбекистоннинг сув хўжалиги соҳасидаги трансформацион ўзгаришлар кўп йиллар давом этади. Ушбу трансформацион ўзгаришлар ўз натижасини бериши шубҳасиз.
Маълумот ўрнида: Жон Райт Янги Зеландиянинг Жанубий оролидаги Ашбертон шаҳрида туғилган. Линкольн университетини тамомлаган. Сўнгги 15 йил давомида Янги Зеландия фермерлар кооперативи номидан янги ирригация инфратузилмаларини яратиш (эскиларини модернизация қилиш) ишларига раҳбарлик қилди. Кооперативлардан бирининг бош директори сифатидаги фаолияти чоғида Кентерберидаги 25 000 гектар майдонга қувур орқали сув етказиб бериш схемасини ишлаб чиқди.
Жон Райт 2021 йил апрель ойидан буён Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг маслаҳатчиси сифатида фаолият юритиб келмоқда. У давлат-хусусий шериклик ва аутсорсинг хизматини жорий этиш, шунингдек, сув ресурсларини бошқаришда рақамли технологияларни бошқариш йўналишларида иш олиб бормоқда.
Раъно МАҲКАМОВА,
“Ishonch”
