Вергулнинг вазифаси

1257

ёхуд бизга бу тиниш белгиси қандай кириб келган?

Кичкинагина «вергул» нафақат ёзувни тўғри ўқиш ва ёзишда, балки яқин тарихимизни тўғри таҳлил этишда ҳам бизга ёрдам бериши мумкин. Хўш, қандай қилиб?

Ҳозирда аксарият тиллар грамматикаси асосида қадимги лотин грамматикаси ётади. Шу боис тилшуносликка оид атамалар асосан лотинча ёки юнонча. Замонавий ўзбек грамматикаси ҳам ана шу улкан дарахтнинг бир шохчаси дейиш мумкин. Айтайлик, унда илгари мавжуд бўлган араб сарфу наҳви асосидаги тил қоидалари нисбатан кучсиз акс этган.
Лотин грамматикасига хос қоидалардан бири – тиниш белгилари. Дарвоқе, баъзи атамалар тилимизга муваффақиятли ўгирилган, масалан: тиниш белгилари, қўшимча, келишик, тўлдирувчи… Баъзи атамалар эса Кошғарий замонида ҳам мавжуд эди: феъл, от (исм), сифат…
Ўтган аср бошларида лотин грамматикаси асосидаги рус грамматикаси биз учун ҳам улги бўлиб хизмат қилгани сир эмас. Айтайлик, келишик (падеж), тўлдирувчи (дополнение), аниқловчи (определение) каби атамалар айнан русчадан нусха кўчириш орқали ясалган. Аммо «вергул» негадир русча («запятая») эмас, французча («virgule»).
Аксарият оврўпо тилларида «вергул» ўрнида ҳозирда асли юнонча – «comma» («coma», «komma», «koma») қўлланилади, лотинча («virgula») «вергул» эса фақат француз ва бошқа баъзи оврўпа тилларида сақланган. Хўш, қандай қилиб тилимизга олис французчадан «вергул» ўтиб қолди?
Ҳозирда турк, ўзбек, озарбайжон, турк­ман, форс ва тожик тилларида «вергул» ишлатилади. Бу ҳам бежиз эмас, ўтмишда мазкур тиллар қўлланадиган ҳудудда икки тилли ягона маданий муҳит мавжуд эди, десак хато бўлмайди. Аммо «вергул» бу ҳудуд­­га тўғридан-тўғри эмас, усмонли туркчаси орқали кириб келган.
XIX аср охири ва XX аср бошларида турк зиёлилари ўртасидаги Оврўпо, жумладан, француз маданияти ва адабиётига қизиқиш, француз тилли мактабларнинг очилиши, турк тилини арабий ва форсий сўзлардан тозалаш ҳаракатлари натижасида турк тилига кўплаб французча сўзлар кириб кела бошлаган. Али Чичек турк тилига оврўпа тилларидан энг кўп ўзлашган сўзлар – бу французча сўзлар эканини ёзади.
XIX аср охири – XX аср бошида Туркис­тонда ҳам маърифатчилик, Ғарб маданиятига интилиш кайфияти пайдо бўла бош­лади. Шунинг маҳсули ўлароқ, XX аср ­бошида жадидлар ҳаракати майдонга келди. Исмоил Ғаспирали асос солган жадидлар ҳаракати Истамбул билан ҳам қизғин муносабатда эди. Қадимчиларга мухолиф бўлган жадидлар кўпгина инқилобий ўзгаришлар, шу жумладан, алифбо, тилни ҳам ислоҳ этиш тарафдори эдилар. Французча «вергул» ҳам тилимизга ўша даврда жадидлар, уларнинг нашрлари орқали кириб келди. Бу эса тил қоидалари, грамматикага оид ислоҳотлар ҳам жадидлар томонидан бошлангани, аммо тугалланмагани, яъни бу ишга «нуқта» эмас, «вергул» қўйилгани ва кейинги давр­­да ҳам давом эттирилганидан дарак беради.

Абдувоҳид Ҳайит,
филология фанлари номзоди