Майли-да, ҳаммага келган дард экан: бошим «оғирлашиб», томоғим бўғилиб, суякларим «симиллаш»ни бошлаганидан билдимки, аниқ ҳамманинг тилидан тушмаётган касалга «ошно» бўлганман…
Барака топгур шифокорларнинг бир марталик тиббий қўлқопга «содиқлик» билан 50-60 нафар одамнинг томоқ-бурнига пахтали чўп тиқиб олишдек шубҳали таҳлил жараёнидан ўтгач, вирус танамга ўрнашганини билдим.
«Одам ҳаётга бир марта келади, кўпчилик бу дарднинг «нашъу намоси»ни тотиб кўраётганида мен бир чеккада қолармидим, етказганига шукр», дея ишхонамдан «больничнийга!» деган қатъий топшириқ бўлгач, кўрпа-ёстиқ қилиб ётиб олдим.
Нохуш хабар тез тарқалар экан. Ҳудудидан бемор чиққани ҳақидаги маълумотни олган поликлиника ҳамшираси орадан бор-йўғи икки кун ўтиб уйимга келиб, вирус билан оғриганлар учун дорилар тўла махсус қутини қўлимга тутқазиб, ундан қандай фойдаланиш кераклигини нари-бери тушунтирган киши бўлди-ю, остонадан қайтиб кетди.
Ҳазил ўз йўлига, аммо бир ҳафта-ўн кун ичида ўзимдан ўтганини ўзим биламан. Тошбақа тезлигида келиб, яшин тезлигида қайтиб кетган ҳамширанинг махсус қутисидаги дориларни кўздан кечирар эканман, қоғозга ёзилган дорилар рўйхати билан қутичадаги дорилар номи бир-бирига умуман мос келмаса, денг. Яхшиям ҳар бир сўровимга билса-билмаса «без отказ» жавоб бериб турадиган «Гугл» дугонам бор! Қўлимдаги дорилардан бир-иккитасини қандай қабул қилиш кераклигини ўша беминнат «ўргатиб» қўйди. Қолганларини эса, таваккал қилиб бирин-кетин ичавердим.
Ният ва ихлос билан ичган дориларим шарофати билан танамдаги вирусдан қутулдим. Дарддан фориғ бўлдим, деб сал эртароқ хурсанд бўлиб қўйибман, чамаси. «Касал»ликнинг зўри ҳали олдинда экан!
Ҳақиқатан касал бўлганимни исботловчи «касаллик варақаси»ни олиш учун ҳамшира билан етаклашиб, врачни қидириб одамлар тўла коридорнинг у бошидан бу бошига бориб келавериб, биринчи қаватдан иккинчи қаватга, иккинчи қаватдан учинчи қаватга чиқиб-тушавериб, соб бўлганим рост.
Касаллик варақаси бетоб бўлган кунимдан очиб қўйилган бўлса-да, ёпилишига келганда негадир «депсиниб» қолганига ҳайрон бўлдим. Барака топгур ҳамширанинг айтишича, «бизнинг ҳудудга қарайдиган врач йўқ эмиш», шунинг учун қайсидир врачга айтиб, «ёптириб» берармиш. «Очиб қўйгани ёпиб берса бўлмайдими?», дедим хунобим чиқиб. «Сиз кетаверинг, ўзим «ёптириб», тайёр бўлгач, қўнғироқ қиламан», деди у.
Шунга ҳам икки кун бўлди. Қўнғироқ қилмаганига қараганда, бечора ёзув-чизувдан бўшолмаётган кўринади. Наманган шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаси ўз номи билан – Марказийда! «Келди-кетди» кўп.Шунинг учун ўша ерда ишловчи ҳамширани ҳам тушунишга ҳаракат қиляпман.
Аммо касаллик варақасини очиб қўйган врачга тезроқ инсоф берсин, бўлмаса, касаллик варақасини қўлга олгунимча яна касал бўлиб қолмасам эди…
Орзугул Рустамова,
«ISHONCH»
