ёхуд соғлиқни сақлаш соҳасидаги муаммолар нега бунчалар кўп?
Очиғи, биз аввалига Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг Самарқанд вилояти кенгаши ва қуйи касаба уюшмалари томонидан ҳар ойда ўртача 900 тадан зиёд мурожаат ўрганилганига ишонқарамадик. Аммо бу гап рост бўлиб чиқди.
– Тизим касаба уюшмаларида қайд этилган 10837 та мурожаатнинг 10235 таси қаноатлантирилди, – дейди вилоят кенгаши мутахассиси Шаҳло Ҳусанова. – 542 та шикоят муаллифларига тушунча ва ҳуқуқий маслаҳатлар берилди, 60 та мурожаат эса тааллуқлилик даражасига кўра, рад этилди.
Мурожаатлар таҳлилига назар ташлаб, соҳада ишга боғлиқ хатоликлар ростданам кўплигини пайқадик. Касаба уюшмалари эса бу муаммоларни имкон қадар бартараф этишга ҳаракат қилмоқда. Уларнинг аралашуви билан лавозимидан ноҳақ бўшатилган, ҳомиладорлик таътилидан кейин ўз иш ўрнига қайта олинмаган 700 нафар ходимнинг ҳуқуқлари тикланди. Меҳнат қонунлари бузилишига доир 36 та ҳолатда судга даво аризалари киритилди. 32 нафар ходимнинг манфаатлари фуқаролик ишлари бўйича судлар ёрдамида тикланди. Меҳнат ҳуқуқларига путур етган, мажбуран ишсиз қолдирилган 121 нафар ходимга 126 миллион сўм миқдоридаги меҳнат ҳақлари ундириб берилди.
Самарқанд шаҳар марказий поликлиникаси ҳамшираси Сурайё Шакарова ҳам ноҳақликка учраганлардан бири. Чорак асрлик меҳнат стажига эга бу аёлдан раҳбарият поликлиника ёпилди, деган баҳонада ишдан бўшаш тўғрисида ариза ёздириб олади. Кейинчалик уни 8-оилавий поликлиникага ярим ставка ишга қабул қилади. Ноҳақликка чидай олмаган ҳамшира тармоқ касаба уюшмасига нажот истаб келди. Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмаси билан олиб борилган музокаралар натижасида унинг муаммоси ижобий ечим топди.
– Ўтган йилнинг сўнгги саккиз ойи мобайнида бевосита меҳнат инспекциясига турли йўналишларга доир 46 та мурожаат келиб тушди, – дейди Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Самарқанд вилояти бўйича меҳнат ҳуқуқи инспектори Абдунаби Турсунов. – Барча мурожаатлар тегишли равишда қаноатлантирилди. Олти ҳолатда ходимларнинг жами 8 миллион 324 минг сўмлик иш ҳақлари ундириб берилди. Пастдарғом тумани тиббиёт бўлими ходими З.Тўраеванинг манфаатларини уч марта судда ҳимоя қилдик. Пировардида адолат қарор топди.
Мурожаатлар билан ишлашда тармоқ касаба уюшмалари манфаатлар тўқнашувига кескин зарба бермоқда. Бу эса тизимда мусаффо муҳит шаклланишига, одамларнинг эртанги кунга ишончи ортишига хизмат қилмоқда.
Нурилла ШАМСИЕВ,
«ISHONCH»
