Диний бағрикенглик – тинчлик асоси
Сайёрамиздаги замондошларимизнинг айрим қисми ҳар бир дақиқани ҳадик ва хавотир остида ўтказмоқда. Боиси – урушлар, жангу жадаллар. Бундай ўлкаларда аҳоли эрталаб уйқудан саломат уйғонган бўлса-да, эртага ҳам тириклик ташвиши билан кўз очишига шубҳа билан қарайди. Келажагига ишончи йўқ. Хўш, инсониятнинг бунчалар ҳаловатини ўғирлаган нотинчликлар ва урушларнинг сабаби нимада? Уларнинг олдини олиш учун одамзотга қандай хислатлар етишмаяпти? Биз ҳар биримиз жамиятда бағрикенглик кенг қулоч ёзиши учун нималар қилишимиз лозим? Бугун ушбу саволлар атрофида фикр алмашиш учун тегишли мутахассислар билан мулоқот уюштирдик.
–Абдували ака, мана сиз кўп йиллардан буён ОАВда сиёсий шарҳловчи сифатида фаолият юритасиз. Айтинг-чи, нотинчликлар бўлаётган ўлкалардаги қарама-қаршиликларга кўпроқ қайси омиллар сабаб бўлмоқда?
Абдували Сойибназаров, сиёсий шарҳловчи:
–Шу кеча-кундузда дунёнинг 30 га яқин давлатида катта-кичик нотинчликлар бўлиб турибди. Уларнинг сабаби суриштирилса, аксарият ҳолларда иқтисодий-ижтимоий масалалардан кўра, ирқчилик, миллатчилик, бир дин вакилининг иккинчи дин вакилидан ўзини устун қўйиши каби омиллар сабаб бўлаётгани аён бўлади. Диний нотенглик асосидаги можаролар борасида кўплаб тадқиқотлар ҳам олиб борилмоқда. Нотинчликлар асосан Африка ва Осиё қитъасидаги давлатларга тўғри келмоқда. Масалан, яқин ўтмишдан бошлайдиган бўлсак, диний-этник можаролардан бири бу Ливанда бўлган қарама-қаршиликдир. Ливан –Яқин Шарқдаги энг стратегик мамлакатлардан бири.1970 – 1980 йиллар оралиғида бу ерда насронийлар ва ислом давлатининг икки мазҳаби – суннийлар ва шиалар ўртасида йирик тўқнашув юзага келган. Жанглар оқибатида ўн минглаб одамлар ҳалок бўлганди. Зиддиятлар Сурия ва Эрон каби давлатларнинг сайъ-ҳаракатлари билан албатта яхши якун топди. Ҳозирда Ливанни христиан динига мансуб одам бошқаради. Бош вазирлик лавозими суннийларга тегишли бўлса, парламент спикери лавозимини шиалар эгаллаб келмоқда. Аммо шунга қарамасдан мамлакатда тез-тез террористик ҳаракатлар содир этилмоқда. Чат, Мали, Нигерия каби давлатларда ҳам шу каби ҳолатларни кузатиш мумкин.
–Озарбайжон ва Арманистон масаласига ҳам тўхталиб ўтсангиз. Бу давлатлар ўртасидаги низоларнинг этник хусусияти қай даражада?
–Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги низоларга келадиган бўлсак, бу ҳудудлар ўртасидаги асосий низо Тоғли Қорабоғ ҳудудидаги ерларга эгалик қилиш. Қарама-қаршилик узоқ йиллардан буён давом этиб келаётгани боис уруш фонида этник можаролар ҳам юзага келди. Масалан, Арманистон 1988-1992 йиллардаги урушдан кейин ўз ҳудудида истиқомат қилаётган кўплаб озарбайжонларни чиқариб юборди. Ўлдирди, бадарға қилди. Аммо Озарбайжон диний бағрикенглик тамойилларига амал қилиб, ўз ҳудудида яшаётган арманларни қувғин қилмади, уларга босим ўтказмади. Арманистон Озарбойжоннинг тоғли Қорабоғдан ташқари еттита туманини босиб олган бўлса, ҳозирда эгаллаб олинган ўлкаларнинг йигирма фоизини Озарбайжон қайтариб олишга муваффақ бўлди.
–Дунёда тинчликни асрашга қаратилган умумжаҳон декларациялари ёки бошқа меъёрий ҳужжатлар ҳам қабул қилинган. Уларга аъзо бўлган давлатларнинг ушбу ҳужжатларга амал қилиши қандай кечмоқда?
–Инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликлари, шу жумладан, тинчлик ва хавфсизликда яшаш ҳуқуқи Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида мустаҳкамлаб қўйилган. Мазкур ҳужжат одатда дунёнинг виждони, инсоният маънавиятининг эталони деб номланади. Мазкур тарихий ҳужжатда ҳақиқат ўз тасдиғини топган: барча инсонлар эркин ва инсоний қадр-қиммат ҳамда асосий, табиий ҳуқуқларда тенг туғиладилар. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида ирқи, тана ранги, жинси, тили, дини, сиёсий ёки бошқа эътиқодларидан, мол-мулки, табақаси ёки бошқа ҳолатидан қатъи назар, ҳар бир инсоннинг эҳтиёжларсиз ва ўз шахсий даҳлсизлиги учун ҳадиксирамай яшаш ҳуқуқи, сўз ва эътиқод эркинлиги, адолатли ва бутун дунёда тинчликка бўлган ҳуқуқи мустаҳкамлаб қўйилган. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинган кун – 1948 йил 10 декабрь – бутунжаҳон байрами бўлиб қолди. Чунки, мазкур ҳужжат барча учун камситишларсиз, инсонга эркин ва мақбул шароитларда ижтимоий адолатни эълон қилган дастлабки ҳужжатлардандир.
Айтиш керакки, бугунги кунда дунёнинг демократик давлатларида, ушбу қадриятларга амал қилаётган мамлакатлар кўпчиликни ташкил этади. Аммо катта ва кичик низолар давом этаётган минтақаларда инсоннинг тинч яшаш ҳуқуқи поймол қилинмоқда. Бундан ҳам ёмони, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тарқатган хабарда қайд этилишича, дунёда вафот этаёган болаларнинг ҳар учинчиси очлик қурбони бўлмоқда. Коронавирус пандемияси ушбу вазиятни янада кескинлаштирди. Натижада сайёрамиз бўйича 200 миллион нафар бола сурункали тарзда тўйиб овқат истеъмол қилмайди. Маълумотларга қараганда, ҳозир ер юзида 60 миллион нафар боланинг мактабда ўқиш имконияти йўқ. Сифатсиз таълим туфайли эса 250 миллион нафар бола ўқиш ва ёзишни билмайди. Хуллас, тинчлик ҳимояга муҳтож. Бу муаммо, айниқса, бугун янада долзарб аҳамиятга касб этмоқда. Дунёнинг қайсидир нуқталарида нотинчликлар, қонли можаролар содир бўлаётган, қай ўлкаларда очарчилик ҳукм сураётган экан, тинчликни асраш инсоният учун энг долзарб вазифа бўлиб қолаверади.
–Саидафзал ака, мана юқоридаги маълумотлардан аён бўлмоқдаки, диний ва этник низолар кўп кузатилмоқда. Сиз исломшунос олим сифатида бу низоларнинг сабабини нималарда кўраяпсиз? Уруш ўлкалариида диний бағрикенглик тамойилига амал қилиш қанчалик муҳим?
Саидафзал Саиджалолов, Ўзбекистон халқаро ислом академияси катта ўқитувчиси, “Маърифат” тарғиботчилари жамияти аъзоси.
–Ғарбда диний бағрикенглик ибораси “толерантлик” атамаси билан ифода топган. “Толерантлик”нинг таржимаси “чидамлилик”, “сабр-тоқатли бўлиш”дир. 1996 йил 16 ноябрда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан қабул қилинган турли дин ва эътиқод вакиллари ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва оқибатни қарор топтиришга қаратилган халқаро ҳуқуқий ҳужжат номи “Толерантлик тамойиллари тўғрисида”ги декларациядир. Бу ҳужжатни ўзбек тилида “Бағрикенглик тамойиллари декларацияси” деб номлаш қабул қилинган. Ғарбона толерантлик турли конфессиялар (конфессия – муайян дин ёки эътиқод вакилларининг ҳуқуқий эътироф этилган уюшмаси) ўртасидаги муносабатларнинг ўзаро чидам ва сабр-тоқатга асосланишини англатади.
Шарқона, ўзбекона бағрикенглик эса, нафақат чидам ва тоқатни, балки, ҳурмат ва эҳтиромни ҳам қамраб олади. Одам авлодига унинг келиб чиқиши, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий мақомига қараб эмас, инсоният вакили эканига қараб муомала қилиш ва муносабатда бўлиш, инсоний ҳуқуқ- эркинликларини ҳурмат қилиш айнан бағрикенгликдир.
Дунёда ҳеч бир одам ёки халқ йўқки, ирқий, диний камситишга жим қараб турса. Бу инсоннинг энг нозик чегарасидир. Унга даҳл қилинганда албатта исён ёки салбий жавоб бўлиши эҳтимоли катта. Мен юқорида Абдували акамиз тилга олган ҳудудлардаги нотинчликларнинг сабаби сифатида у ёки бу томоннинг диний бағрикенглик тамойилига амал қилмаётгани, буни истамаётганида деб биламан. Агар бағрикенглик тамойили билан қаралганида бошданоқ бу даражадаги катта зиддиятлар юз бермаслиги, кейинчалик тинчлик ва муроса йўли билан муаммо ҳал этилиши мумкин эди. Афсуски, ҳозирги кузатилаётган ёндашувлар аянчли. У ерда қанчадан-қанча аҳоли, айниқса, тинч аҳоли жабр тортаётгани, ҳаловатини йўқотаёгани ачинарли.
Шу маънода диний бағрикенгликнинг аҳамиятини англаш бугун ҳар қачонгидан ҳам долзарбдир. Зеро, дунёда ҳукмронлик қилишга интилаётган айрим кучлар ўзларининг ғаразли мақсадларига инсонлар ўртасида ихтилоф ва зиддиятлар чиқариш, кишиларни бир-бирига қарши қўйиш, “Бўлиб ташла, ҳукмронлик қил!” қоидасини амалга ошириш йўлидан бормоқдалар. Тинчлик ва осойишталик душманларининг макр-алдовларига учмасликнинг муҳим тамойили юракни кенг қилиш, ҳар қандай муаммони ақл ва сабр билан ҳал қилишдир. Ҳар қандай жамиятда аҳолининг келиб чиқиши, ирқи ёки миллатига қараб ўзгача муносабатда бўлиш низоларга, норозиликларга, уруш ва жангу жадалларга олиб келади. Илоҳим, инсониятнинг бағрикенглиги юксалсин.
–Мамлакатнинг ичида-чи, аҳоли жамиятда, маҳалласида, борингки, ҳозир кенг тарқалган ижтимоий тармоқларда диний-этник низолар келиб чиқмаслиги учун нималарга аҳамият бериши, қандай йўл тутиши керак?
–Биз жамиятда, оилада ва умуман, қаерда бўлсак ҳам аввало, бирор кишига нисбатан дини ва эътиқодига қараб эмас, балки унинг аввало инсон эканлигини эътиборга олган ҳолда муомала қилишимиз зарур. Бағрикенглик – ўзи учун бегона бўлган дунёқараш вакилларига нисбатан хавотир ва нафрат билан эмас, балки хотиржамлик ва самимият билан муносабат кўрсатишдир.
Халқимиз бошида не-не синовларни ўтказмасин, оғир дамларни сабр билан енгиб ўтиб, кишилар ўртасида диний ва миллий ихтилофларнинг юзага келишига йўл қўймаган. Аксинча, қийинчилик даврида бошқа миллат ва эътиқод вакилларига гўзал инсонпарварлик намунасини кўрсатган. Масалан, иккинчи жаҳон уруши даврида юртимизга уруш бўлаётган давлатлардан 250 минг атрофида болалар олиб келинган. Уларга халқимиз бошпана, уйининг тўридан жой, нон-туз берган. Яқинда ижтимоий тармоқларда Россия Федерацияси халқ артисти, машҳур актёр Юрий Стояновнинг (1957 йилда туғилган) “Мою семью во время войны спасли узбеки” номли видео эътирофи кенг тарқалди. Актёр ўз хотираларида онаси Евгения Стоянова (1935 йилда туғилган) Иккинчи Жаҳон уруши даврида Ўзбекистонга кўчирилган миллионлаб кишиларнинг бири бўлганини, ўша пайтда ёш қизча сифатида ўзбек оиласида тарбия топганини қайд этган. Шу билан бирга ўзбек заминига кўчирилганлар нафақат жонларини сақлаб қолгани, балки бу ерда тўлақонли ҳаёт кечирганларини алоҳида таъкидлаган. Юрий Стоянов ҳозиргача ўзбек палови ва нонини севиб истеъмол қилишини гапирар экан, қўлини кўксига қўйиб инсонлар билан муомала қилишини ҳам таъкидлаб ўтган. Бу халқ бағрикенглиги, меҳмондўстлиги, фидойилиги, камтарлиги билан ҳамиша ҳурмат ва эҳтиромга сазовор эканини ҳис-ҳаяжон билан қайд этди.
Бугун мамлакатимизда 16 диний конфессия ва 130дан ортиқ миллат вакиллари тинч-тотув ҳаёт кечирмоқдалар. Ўзбекистондаги бағрикенглик дунё ҳамжамияти томонидан эътироф этилиб келмоқда. Демак, шундай бағрикенг халқнинг фарзандлари эканимизни ҳис қилган ҳолда, миллати ва эътиқодидан қатъи назар, маҳалладошларимизга ҳурмат билан муносабатда бўлишимиз, кекса ёшдаги қўшнилардан оғир кунларда ҳол-аҳвол сўраб, уларга ҳамиша ёрдамга шошилиш орқали жамиятда бағрикенглик ривожланишига ҳиссамизни қўшишимиз мумкин.
Айни пайтда ижтимоий тармоқларда ҳам танимаган одамига қўпол муомала қилиш, қаҳр-ғазабини сочиш ҳолатлари тез-тез учраб турибди. Бу борада ҳар бир зиёли ўзаро суҳбатлар ва маърузаларда атрофдагиларга ўрнак бўлиши, ёшлар онгига бағрикенглик ғояларини сингдиришга алоҳида эътибор қаратмоғи лозим.
Эндиликда “Виртуал бағрикенглик” атамасини илм-фанга жорий қилиш ва уни ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш вақти келди. Виртуал бағрикенглик – интернет оламида мулоқот чоғида турли профил ва аккаунт эгалари ўртасида ўзаро ҳурмат-оқибатни унутмаслик, шахси, миллати, эътиқоди, дунёқарашидан қатъи назар, бирор кимсани ҳақорат қилишдан, обрўсини тўкишдан, камситиш ва таҳқирлашдан сақланиш, кишиларни пароканда қиладиган, одамлар орасида адоват ва бузғунчиликка сабаб бўладиган маълумотларни тарқатмасликдир. Виртуал бағрикенглик – диний бағрикенгликнинг, диний бағрикенглик – тинчликнинг, тинчлик – тараққиёт ва фаровонликнинг муҳим асосларидандир. Бағрикенглик хислати барча соҳалардаги тарақққиётнинг омили. Уни оилада, маҳаллада, таълим муассасасалари, корхона-ташкилотларда тарғиб ва ташвиқ этиш, юртини севган, унинг мунаввар истиқболи учун қайғурган ҳар бир фуқаронинг долзарб вазифасидир.
–Бугунги қизиқарли ва фойдали мулоқот учун сизларга ўз миннатдорлигимни билдираман, саломат бўлинг!
Мулоқотни
Зебо НАМОЗОВА ёзиб олди
