Уволдан қўрқинг!

1809

Болалигимда бувим бизни, яъни набираларини ёнига ўтқазиб олиб, сабоқ бўладиган ибратли воқеаларни айтиб берарди. Шунинг баробарида ҳалол ва ҳаром нималигини ҳам обдон тушунтирарди. Айниқса, уволдан қўрқиш кераклигини кўп уқтирарди. Уруш давридаги қаҳатчилик азобларини минг бир дард билан ҳикоя қиларди.

Айтишича, ўша пайтлар одамларнинг ҳаёти ниҳоятда оғир кечган, нон йўқлигидан, озиқ-овқат танқислигидан айримлар кунжара еб, шишиб жон берган ҳоллар ҳам кўп бўлган экан.
Бугун эса юртимиз тинч, нон ҳам, озиқ-овқат ҳам сероб. Мен бунинг учун минг қатла шукур қиламан. Аммо шаҳардаги чиқиндихоналарга ташлаб кетилаётган нонларни кўрсам, ўзимни қўярга жой тополмайман. Изтироб аралаш, «Наҳотки, одамлар бу бебаҳо неъматнинг уволидан қўрқмай ­қўйишган бўлса?», дейман. Дабдабали йиғин, туғилган кун ёки тўйлардан сўнг тўкиладиган овқатларни кўрганимда ҳам шундай ҳолатга тушаман. Гоҳида эса, кимлардир ўзларига керак бўлмай қолган ­кийим-кечакларни чиқиндихоналарга улоқтириб кетишганини ҳам кўрганман.
Бувим дастурхондаги нон увоқларини одам қадам босмайдиган жойларга олиб бориб қоқиш зарурлигини, шундай қилинса, уларни қушлар еб кетишини эслатарди. Қотган нон бурдаларини эса майда бўлакларга бўлиб қўярди. Уйимизда шўрва тайёрланган куни ҳамманинг косасига ўша қотган нондан бир қисмдан солиб берарди. Кичик бўлиб қолган ёки ­кийилмайдиган кийим-кечак­ларни эса қишлоғимиздаги муҳтожларга бериб юборар, уларни бошқалар ҳам кийса, савоб бўлишини таъкидларди.
Ҳозир қишлоқда ҳам, шаҳарда ҳам кўпчиликнинг уйида ортиқча кийим-кечак­лар бор. Уларни чиқиндихонага чиқариб ташламай, муҳтожларга ёки маҳалла идорасига олиб чиқиб берилса, кимлардир улардан фойдаланса, маъқул бўларди.
Яна шуни ёдда тутиш керакки, ҳамма нарсанинг ҳам уволи бор. Бу ҳақда бобо-момолар ҳамда ота-оналар ўз фарзанд­ларига ва бошқа ёшларга тез-тез уқтириб турсалар, янада савобли ишга қўл урган бўлардилар.

Хонбиби ҲИММАТ қизи,
журналист