Озарбайжоннинг ўзбеги

1291

Туркий халқлар тарихини ўрганишда улуғ озарбайжон олими Зиё Мусо ўғли ­Бунёдовнинг муносиб ҳиссаси бор. Буюк тарихнавис ўз илмий фаолиятини Яқин ва Ўрта Шарқ давлатлари тарихи ва маданияти, Озарбайжон Отабеклари давлати, Хоразмшоҳ Ануштегенийлар давлатининг шаклланиши ва довруқ таратган даври ҳамда мўғуллар истибдоди вақтидаги ҳолатини тадқиқ қилишга бағишлаган.

Зиё Бунёдов Шиҳобиддин ан-Насавийнинг «Жалолиддин Мангуберди» асарини арабчадан таржима қилган. Шу давр билан боғлиқ тадқиқотини давом этдириб, «Ануштегин Хоразмшоҳлар давлати» номли монография ёзган. Ушбу монографияни ёзишда араб ва форс тилларидаги 118 та қўлёзма асар, дунёнинг турли давлатларида нашр этилган 40 дан зиёд илмий адабиёт билан танишиб, уларни кенг таҳлил қилгани олимнинг мавзуни нақадар қунт билан ўрганганидан далолат. Бу асарда Мангуберди билан сафдош бўлиб, унинг ҳалокатидан сўнг Туркия ва Сурияда яшаб қолиб кетган хоразмликларнинг ҳаёти ҳам ёритилган.
…1974 йил Хоразм вилоят фирқа қўмитасининг мафкура бўйича котиби, тарихчи олим Ражаб Жуманиёзов Бокуга боради. Ўшанда иккала тарихчи, халқлар ўртасидаги азалий дўстлик, озарбайжон тили ва хоразм шеваси ўртасидаги яқинлик, Жалолиддин Мангуберди ҳарбий, сиёсий фаолият кўрсатган давр ҳақида суҳбат қуришади.
Бокудаги бу учрашувдан сўнг Зиё Бунёдов Ражаб Жуманиёзовга Хоразмшоҳлар даврига оид китобидан 100 дона совға қилади. Бу китоблар Урганчга олиб келинганидан тарихчилар жуда мамнун бўлишган.
Бунёдовдек буюк аллома билан у киши яшаб ўтган Боку шаҳрида учрашишга муваффақ бўлган шоир ва таржимон ­Миразиз Аъзам эса шундай хотирлайди:
«…Олимни излаб Бокудаги шарқшунослик институтига бордим. У мени ҳеч қандай расмиятчиликсиз, самимий қабул қилди. Биринчи кўришда мен уни «бу киши озарбайжон эмас», деб ўйладим. Чунки у оврўпаликларга ўхшарди: оқ сариқдан келган, рус мужикларидай миқти, кўккўз, жингалак сочлари қўнғир эди. Суҳбатимиз ҳазил-ҳузил аралаш, самимий оҳангларда бошланди. «Кечирасиз, сиз озарбайжонларга ўхшамайсиз», дедим, кўнглимга келган гапни яширмай.
– Онам рус, отам озарбайжон. Миллат шарқда отага қараб белгиланади, ё сиз бошқача ўйлайсизми? – деди у кулиб.
– Йўқ-йўқ, мен ҳам сиздай ўйлайман, – дедим жилмайиб.
– Исмим аслида Зиёвуддин, отам Мусо шайх, отамнинг отаси Маъсум шайх, бобомнинг отаси Маҳди шайх ва ҳоказо. Мен ҳужжатлар асосида шажарам тарихини ўрганиб, 15 ота-бобом шайх бўлганини ва уларнинг исм-шарифларини аниқлаганман.
1988 йил Зиё Бунёдов Хоразмга ташриф буюради. Ўшанда унинг ҳурмат-иззатини жойи­­га қўйган воҳаликлар олимни Огаҳий номидаги вилоят ­театрида ўтган тадбирда «Урганчнинг фахрий фуқароси» этиб сайлашади. Урганч – Зиё оға фахрий фуқаро унвонини олган тўртинчи шаҳар эди.
Буюк озар олими Хоразмда 4 кун бўлиб, замондошлари ҳаёти ва фаолияти, воҳадаги экологик ҳолат, маданий мерос обидалари билан танишган, «Хоразм ҳақиқати», «Хорезмская правда» газеталари таҳририяти, Хоразм вилояти телерадиосида учрашувлар ўтказган.
* * *
Зиё оғанинг асарларини ўзбек тилига таржима қилиш ва китобхонларга етказиб беришда Ашраф Аҳмедов, Маҳкам Маҳмудов, Муҳаммадали Қўшмоқов, Ҳамидулла Болтабоев, Худоёр Карим, Маъруф Жалил, Ўктам Ҳакимали, Ҳамдам Содиқов каби олим ва ижодкорларнинг ҳиссаси катта.
1998 йил Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти томонидан З.Бунёдовнинг «Ануштагин Хоразмшоҳлар давлати» номли монографияси жузъий қисқартиришлар билан нашр этилади. 2012 йил «Мумтоз сўз» нашриёти озарбайжонлик олимнинг «Марказий Осиёга доир тадқиқотлар», «Хоразмшоҳлар давлати» китобини нашр қилди.
Маълумки, Зиё Бунёдов Ўзбекистонга кўп маротаба ташриф буюрган ва олимлар, ижодкорлар билан суҳбатлашган. Ана шу суҳбатлар ва олимнинг турли мақола, интервьюлари «Ўзбекистон адабиёти ва санъати», «Шарқ юлдузи», «Гулистон», «Хоразм ҳақиқати», «Хорезмская правда» нашрларида чоп этилган. Шунингдек, Зиё оғанинг телевидениега берган интервьюлари архивларда сақланиб қолган.
Демак, Зиё Бунёдовнинг ўзбек матбуотида чоп этилган мақола, суҳбатлари, у билан учрашган юртдошларимизнинг хотираларини тўплаб, шунингдек, алломанинг бошқа асарларини ҳам таржима қилиб, З.Бунёдовнинг сайланма жилдларини нашр этиш ҳамда олимнинг 100 йиллигига атаб, у ҳақда ҳужжатли фильм ишлаш мақсадга мувофиқ. Зеро Зиё Бунёдов нафақат озарбайжон, балки ўзбек халқи учун ҳам улкан хизмат қилган олимдир.

Умид БЕКМУҲАММАД