ёхуд бўсаға сўзи ҳақида
Бўсаға – уй эшигининг пастки кириш қисми бўлиб, тилимизга форсийдан ўзлашган «остона» сўзининг маънодоши.
«Бўсаға» деярли барча турк тиллари ва лаҳжаларида айни маънода мавжуд. Э.В.Севортяннинг «Этимологический словарь тюркских языков» луғатида бу сўзнинг келиб чиқиши ҳақида икки хил: туркча ва мўғулча этимологияга эга, деган нуқтаи назар борлиги айтилади. Туркча деб ҳисобловчи мутахассислар уни қадимги туркий «ба:с» ўзаги, яъни ҳозирги тилимиздаги «босмоқ» феълидан ясалган, дейди. «Босмоқ» феълининг «қадам босмоқ», «куч билан босмоқ», «сиқмоқ», «эзмоқ», «босим ўтказиш», «(бирор мамлакатни) босиб олмоқ» каби ўнлаб маънолари бор.
«Бўсаға»нинг келиб чиқиши мўғулча дегувчилар эса уни: «ҳақоратлаш», «сўкиш», «камситиш» маъносидаги мўғулча «bas-u» феълидан деб ҳисоблайди. Аммо «Этимологический словарь тюркских языков» луғатида ёзилишича, «бос»нинг қадимги туркийдаги архетипи «ба:с»нинг бирламчи луғавий маъноси – «куч билан босиш» (русча: «давить») бўлган. Шу нуқтаи назардан, мўғулча «басу»нинг «камситиш», «таҳқирлаш» маънолари – туркий «ба:с»нинг мазкур бирламчи маъносига яқин.
«Бўсаға» сўзи «Мўғулларнинг сирли тарихи» ёдгорлигида ҳам «Bosoqa» шаклида учрайди. Хусусан, асарнинг 37-бўлимида журкинлардан бўлган Гуун-Ува (Gü’ün-u’a) икки ўғли Муқали (Muqali) ва Буқа (Buqa)ни Чингизхонга топширар экан, шундай дейди: «(Булар) сенинг БЎСАҒАнгда қул бўлсин» (Аслиятда: «BOSOQA-yїn činubo’olboltugai». П.Пеллео транскрипцияси). Асарни ҳозирги мўғул тилига қилинган табдили билан қиёслаганда ҳозирги мўғул тилида «bosoqa» – «босго» («босғо») эканини кўриш мумкин. Яъни, «Мўғулларнинг сирли тарихи» аслиятидаги «bosoqa» шаклан туркий тиллардаги «бўсаға»га яқинроқ. Бундан ташқари, мўғул тилининг бошқа бир томири – тунгус-манжур тилларида ҳам «бўсаға» – «басурга» шаклида мавжудлиги айтилади. Тунгус-манжур, санбий ва бошқа тиллар ҳам Олтой оиласига мансуб. Шу боис ўртада умумий сўзлар бўлиши табиий.
Бизнингча, «бўсаға» сўзи замирида қадим туркий «ба:с» архетипи ётади, деган фикр тўғрироқ. Бўсағада ўтириш қадимги мўғул жамиятида ҳақоратли ҳисобланган ва мўғулча «басу» сўзининг «камситиш», «таҳқирлаш» маънолари шунинг таъсирида кейинчалик пайдо бўлган. Айтайлик, илгари эътиборли шахслар ҳар доим уй ёки ўтовнинг тўрида ўтиришган бўлса, ҳамма босиб ўтадиган бўсағадан хизматкорлар ёки қуйи табақа вакиллари жой олишган. Қадим туркийда бўсаға маъносида, шунингдек, «эшик», «ил» сўзлари ҳам қўлланган.
Юсуф Хос Ҳожибнинг «Қутадғу билиг» асаридан олинган ушбу байтда эса инсон қадр-қиммати унинг қаерда ўтиришига қараб эмас, балки билимига қараб белгиланиши айтилади:
«Билигсизкә ТӨРдә орун болса көр,
Бу ТӨР ИЛкә санды ИЛиг болды ТӨР, –
Мазмуни: «Билимсизга тўрда ўрин бўлса, кўргин, бу тўр пойга саналади, пойга эса тўр» (Қаюм Каримов табдили. Юсуф Хос Ҳожиб. Қутадғу билиг. Т.:Фан. 1971. 100-бет).
Кўпчилигимиз болалигимизда «бўсағада ўтирма…», деган гапни, танбеҳни кўп эшитганмиз ва бу сўз аждодлар оша, асрлар оша айтиб келинмоқда.
Абдувоҳид ҲАЙИТ,
филология фанлари номзоди
