Сеҳрли бармоқлар соҳиби

584

Ташқи кўринишидан жудаям содда ишланган доира ўзининг бетакрор оҳанги, зарб усуллари билан ҳар қандай тингловчини ўзига ром этади. Бу сознинг оҳанглари қалбларга сурур бағишлайди.

Марғилонлик Уста Олим Комиловни кўпчилик жуда яхши билади. Зотан, бундан саксон беш йил аввал Лондон саҳналарини титратган доира зарби, ҳамон акс садо бериб тургандек гўё. Нуфузли Альберт Холл саройида бўлиб ўтган ва Қирол Жорж V ҳамда Қиролича Мери мезбонлик қилган фестиваль доирачи Уста Олим бармоқларининг сирли ҳаракатларини британ жамоатчилигига кўрсатиш имконини берган эди. Ўшанда фестивалнинг барча иштирокчилари тақдирланган, лекин Уста Олим Комиловга шахсан Қиролича номидан медаль берилган. Қиролича ва Қирол машҳур доирачининг қўлларидан тутиб, унинг бармоқларини ҳурмат тарзида юзларига теккизганлар.
Британ жамоатчилиги Уста Олимнинг кўриниши оддий чолғудан бу қадар турфа хил садоларни чиқара олишидан ҳайратга тушган. ­Фестиваль ташкилотчилари унинг қўлидан қуйма нусха олишган ва у узоқ йиллар Сесил Шарп уйида сақланган.
АҚШнинг Финикс шаҳрида дунёга машҳур «Musical Instruments Museum» музейи бор. Унда дунё халқларининг етти мингдан ортиқ чолғу асбоблари ва моҳир созандаларнинг ижод намуналари бор. Улар қаторида моҳир доира ижрочиси Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Аббос Қосимовнинг ижодига оид маълумотлар билан бирга у чалган доира ҳам ўрин олган.
Жаҳон саҳнасида мухлисларни лол қолдирган саънаткорларнинг давомчилари бугун юртимизда кўплаб топилади. Улардан бири жиззахлик Атҳамжон Очиловдир. У 1998 йил томошабинлар ҳайратини келтирадиган истеъдодли ёшлардан иборат «Бобурхон» доирачилар гуруҳига асос солди. Жиззах ихтисослаштирилган санъат мактабида ташкил этилган ансамбль салкам чорак аср давомида халқимиз назаридан тушмай, элга хизмат қилиб келмоқда.
Атҳамжон Очилов доирадан илк сабоқларни устози Бобур Баҳодировдан олган. Сўнгра таниқли санъаткорлар Дилмурод Исломов, Ҳасан Азимов, Аббос Қосимов ва Маъруф Азимовлардан созандачилик сирларини ўрганди. Бугун эса, унинг ўзи ҳам устоз.
– «Бобурхон» ансамбли илк маротаба ­мустақиллигимизнинг 7 йиллигига бағишлаб ўтказилган байрам тадбирида катта саҳнага чиққан эди, – дейди Бегзод Орипов. – Ўшанда мен олти ёшда эдим. 30 нафар тенгқурларим билан саҳнага чиқиб, йиғилганларнинг олқишини олганмиз. Атҳамжон аканинг «Саҳнани, сени тинглаётган мухлисларни ўзингники қилиб олишинг керак», деган ўгитлари ҳамон қулоғим остида янграйди. У киши сабаб санъат йўлига кириб келдим. Устоз шогирдларига жуда меҳрибон, айни вақтда талабчан ҳам. Бугун мен ҳам устозимнинг йўлидан боришга ҳаракат қил­япман. У киши билан ёнма-ён туриб, Жиззах ихтисослаштирилган санъат мактабида доира сирларидан дарс бер­япман.
Атҳамжон Очилов ўзбек санъати ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётгани боис, Ўзбекистон Республикаси касб-ҳунар таълими ­аълочиси, Россияда ташкиллаштирилган «Талант шоу» халқаро танловида 1-даражали диплом, Францияда ўтказилган «THE OPEN WORLD IN PARIS» номли халқаро танловда 2-даражали диплом билан тақдирланди.
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 27 йиллиги муносабати билан Греция, Бельгия ва Нидерландия давлатларида ўтказилган Ўзбекистон кунларида қатнашган моҳир созанда шундай дейди:
– Грециянинг тарихий шаҳарларидан бирида шаҳар марказига уч юз ўриндиқли саҳна қилинган экан. Концерт бошланишига озгина вақт қолган, лекин томошабин деярли йўқ. Шунда делегация аъзоларидан бири саҳнага чиқиб, доира чалишимни айтди. Чалдим. Концерт дастури бошланганда ўриндиқлар, саҳна атрофи тумонат одам билан тўлган эди. Томошабинларни кўриб, ҳаяжоним янада ортди. Боиси, бу хорижий давлатда саҳнага илк бор чиқишим эди. Учта доирани бирваракайига чалганимда мухлислар тик туриб олқишлашди. Шунда билдимки, санъат миллат танламас экан. Якунда чамаси беш дақиқагача қарсак тинмади. Ўшанда мусиқанинг кучи, таъсирини кўрдим. Концерт тугагач, атрофимни мухлислар ўраб олиб, савол кетидан савол бера бош­лашди. Таржимон орқали уларнинг саволларига жавоб бердим.
– Бу қанақа соз?
– Доира.
– Қўлингда нима бор? Қўлингга бирон нарса ўрнатмаганмисан?
– Ҳеч нима! (қўлимни уларга кўрсатаман).
– Учта доирани қандай чалдинг, қандай уддаладинг?
– Бизнинг юртимизда учта доирани чаладиганлар кўп.
– Қойил!!!
Изланувчан санъаткор Атҳамжон Очилов улуғ санъаткорлар изидан бориб, Уста Олим Комилов, Тўйчи Иноғомов, Ғофур Азимовлар яратган «Шодлик», «Ўзбек халқ усуллари», «Сарбоз­­ча», «Шодиёна», «Тантана», «Қўш қарс» каби доира усулларидан фойдаланиб, ўзининг «Етти доира садоси» бадиий композициясини яратди. Шарқ ва ғарб халқларининг зарбли чолғу усулларини доира созига мослаштириб, доирада янги жилоларни кашф этиш билан биргаликда, анъанавий ижрода доира сози мутахассислиги бўйича болалар мусиқа ва санъат мактаблари учун ўқув қўлланма, дастурлар ва кўплаб услубий қўлланмалар яратди.
Қилинган меҳнат эътирофсиз қолмайди. ­Республикани ижтимоий-иқтисодий ривож­лантириш, маданият ва саънат соҳасида эришган ютуқлари инобатга олиниб, Ўзбекистон касаба уюшмалари куни муносабати билан «Ўзбекис­тон касаба уюшмалари Федерацияси лауреати» мукофоти билан тақдирланди.
– Алишер Навоий номидаги опера ва балет театрида ўтказилган маросимда менинг исм-фамилиям ўқилганда қалбимда ўзгача бир ғурур пайдо бўлди, – дейди Атҳамжон Очилов. – Ахир, ишлаш ва ижод учун шароит яратиб берилса, яна мендек оддий созанда мукофотланса, буям бахт-ку!
Атҳамжон Очилов доирага берган зарби билан оламни «забт» этмоқда. У нуфузли концерт заллари, стадионларда доира оҳанглари билан минглаб томошабинларни ўзбек санъатига мафтун қилиб келяпти.
Биз бу йўлда унга улкан зафарлар тилаймиз.

Муқимбой ИСМОИЛОВ,
«Ishonch»