2021 йилнинг 2 декабрида Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш ва аҳолини уй-жой билан таъминлаш масалалари бўйича бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида 2022 йилда «Янги Ўзбекистон» массивларини барпо этиш дастури лойиҳаси доирасида ипотека дастури бўйича мамлакатимизда жами 50 мингта хонадон қуриш, шундан 22 мингдан ортиқ хонадонни субсидия асосида бериш режалаштирилган эди.
Хўш, уй-жойга эҳтиёжи бор аҳолига субсидиялар қай тартибда ажратилади? Авваламбор, субсидия олмоқчи бўлган фуқаро давлат хизматлари марказига келиб, талаб қилинган ҳужжатларни топширади ва бу ҳужжатлар ваколатли органлар вакилларидан иборат комиссия томонидан балл бериш асосида кўриб чиқилади. Белгиланган баллни тўплай олган фуқарога субсидия ажратилади.
Аммо таҳлиллар фуқароларнинг бу борадаги аризалари белгиланган муддатларда кўриб чиқилмаётганини кўрсатмоқда.
Хусусан, шу йилнинг 18 февраль ҳолатига Фарғона вилояти давлат хизматлари марказларига субсидия масаласида жами 4795 та ариза келиб тушган, шундан 1848 таси кўриб чиқиш жараёнида, 2026 таси рад этилган, 812 таси ижобий ҳал этилган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 25 мартдаги 182-сонли қарори билан тасдиқланган «Уй-жой сотиб олиш ёки якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби тўғрисида»ги Низом талабларига риоя этиш аҳволи Давлат хизматлари агентлигининг Фарғона вилояти бошқармаси томонидан электрон ахборот тизими орқали мониторинг қилинганда, ваколатли идоралар томонидан тизимли равишда қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилаётгани аниқланди.
Хусусан, Низомнинг 15-бандида масъул ташкилотлар ўн иш кунида тақдим этилган ҳужжатлар асосида ариза берувчининг ижтимоий мезонларга мослигини ташкилотларда мавжуд маълумотлар базаси билан солиштирган ҳолда ўрганиб чиқиши ва Ягона интерактив давлат хизматлари порталида онлайн электрон шаклда маълумотларни тасдиқлаши белгиланган бўлса-да, мазкур талабга риоя этилмаган.
2022 йилнинг ўтган даври мобайнида келиб тушган аризаларнинг 34 фоизини кўриб чиқишда белгиланган муддат бузилган. Энг ачинарлиси, ваколатли идоралар фаолиятида мурожаатларни кўриб чиқишдаги муддат билан боғлиқ қонун бузилишлари мунтазам тус олмоқда. Масалан, фуқаро Д.Маматованинг 2021 йил 28 декабрдаги мурожаати бўйича Бешариқ тумани маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан хулоса белгиланган муддатдан 24 кун кечиктирилиб берилган. Фуқаро К.Рустамованинг 2022 йил 7 январдаги мурожаати бўйича Фарғона шаҳар солиқ инспекцияси томонидан хулоса белгиланган муддатдан 18 кунга кечиктирилиб берилган.
Афсуски, бу каби ҳолатларни қолган ваколатли идоралар фаолиятида ҳам кузатиш мумкин. Аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан ваколатли органларга қонун ҳужжатлари бузилишларини бартараф этиш тўғрисида 8 та огоҳлантириш киритилди, шунингдек, 11 нафар масъул ходим маъмурий жавобгарликка тортилди.
Жумладан, «Ипотека банк» АТИБ Фарғона вилояти филиали, АТБ «Қишлоқ қурилиш банк» Қува филиали, АТБ «Агробанк» Бағдод филиали бошқарувчиларига, шунингдек, Қўштепа тумани Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази, Қува ҳамда Қўқон шаҳар тиббиёт бирлашмаси раҳбарларига, Давлат кадастрлар палатаси Фарғона шаҳар, Ўзбекистон ва Фарғона туманлари филиаллари бошлиқларига нисбатан маъмурий жарима жазо чоралари қўлланди.
Улуғбек МАҲМУДОВ,
Давлат хизматлари агентлиги
Фарғона вилояти бошқармаси бошлиғи
