Ҳиндистон мустақиллигининг 75 йиллигига тайёргарликлар бошланди

855

1947 йил 15 августда Ҳиндистон мустақилликка эришди ва жорий йилда  мазкур муҳим сананинг  75 йиллиги  нишонланади.  Мамлакат  тарихидаги ушбу муҳим воқеани нишонлаш учун Ҳиндистон ҳукумати «Азади Ка Амрит Маҳотсав» ёки АКАМ деб номланган катта байрамларни бошлади. Ушбу байрамлар 2021 йил 12 мартда бошланган бўлиб,  2023 йил 15 августга қадар давом этади.

Тошкентда 25 йилдан ошиқ вақт мобайнида фаолият юритиб келаётган Лал Баҳодур Шастри номидаги Ҳиндистон маданият маркази ҳам турли маданий дастурларни ташкил этишда етакчи. Марказда ҳинд тили, Катҳак ҳинд классик рақси, йога ва Табла, зарбли чолғу асбобларини ўрганиш бўйича мунтазам машғулотлар олиб борилади. Ҳиндистоннинг 75 йиллик мустақиллик байрами муносабати билан марказда қуйидаги дастурлар ўтказилди.  Улардан бири “Ҳиндистоннинг ёзма мероси: ҳинд-ислом хаттотлиги ва қўлёзмалари» кўргазмаси. Бундан ташқари  профессор Чандер Шекҳар Ҳиндистоннинг турли архивларидан, жумладан,  Деҳли, Патна, Ҳайдаробод ва Рампурдан махсус кўргазмасини  тақдим этди. Ушбу қўлёзмалар турли ҳинд тилларида ва форс тилларида бўлиб, уларда Насталик, Шикаста, Бихари ва бошқа кўплаб ўрта аср услубларини ифодаловчи гўзал хаттотлик тақдим этилган. Кўргазма Тошкентда намойиш этилди, сўнгра турли шаҳарлар, жумладан, Наманган, Андижон, Бухоро, Самарқандда ҳам намойишлари давом этмоқда.

Бибигул Mуртазаева