МЕҲНАТ НИЗОЛАРИ СУДЛАРИ ТАШКИЛ ЭТИЛСА…
Ўзбекистон республикаси Олий Мажлиси
қонунчилик палатасига!
Иш берувчи ва ходим ўртасида меҳнат муносабатлари жараёнида юзага келадиган низолар заруратга қараб давлат судларида кўриб чиқилади. Ва табиийки, бу жараён узоқ давом этади.
Шунинг учун ходимларнинг вакиллик органи ҳисобланган касаба уюшмалари ҳузурида нодавлат шаклдаги «Меҳнат низолари судлари»ни ташкил этса бўлмайдими? Айнан шунга кўра, «Меҳнат низолари судлари тўғрисида»ги қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш юзасидан таклиф киритиш керак, деб ўйлайман.
Натижада касаба уюшмаларининг бу борадаги масалаларни давлат судларига муқобил (алтернатив) равишда мустақил ҳал этишдаги роли ва нуфузи ортган бўларди.
Низолар судларда кўрилганида вақт тежалади, суд иштирокчиларига қулайлик яратилади ва ҳозирги кунда бу каби низоларни судда кўраётган фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судларнинг иши енгиллашади.
Дилмурод ПИРМАНОВ,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Сирдарё вилояти
кенгаши бўлим мудири
Бор отангга, бор онангга…
Бюджетдан ташқари
Пенсия жамғармасига!
Ёшим 61 да. II гуруҳ ногирониман. Умумий иш стажим 29 йил. 4 нафар фарзандим бор. Бола парваришида бўлган ҳамда мутахассислигим бўйича таълим олган йилларим иш стажимга қўшилмаган. 55 ёшдан ошганимда иш стажим бўйича пенсия тайинлашлари учун яшаш ҳудудимдаги Ғузор тумани Пенсия жамғармасига мурожаат қилдим. Шу масалада бир неча бор тегишли ташкилотлар эшигини қоқдим. У ердагилар «Сизга ногиронлик нафақаси ёзилган, шунинг ўзи етади», дея пенсияга чиқишимга қаршилик қилишди. Ҳатто бу масаланинг ижобий ечим топишини истаб, Президент виртуал қабулхонасига мурожаат қилганимда, туман Пенсия жамғармасидагилар «Сизга ногиронлик нафақасидан бошқа пенсия ёзмаймиз. Мурожаатларингизни барибир бизга жўнатишади», дейишди.
Ногиронликка тайинланадиган нафақалар ва иш стажи бўйича белгиланадиган пенсиялар алоҳида бўлиши керак эмасми? Мазкур масалага ойдинлик киритсангиз…
Саида ШЕРДАНОВА
Қашқадарё вилояти
Сизга бегона эмасман!
«Ўзбек геология қидирув» акциядорлик жамиятига!
Куч ва имкониятим бор чоғларда геология соҳаси ривожига озми-кўпми хизматим сингди. Аммо инсон умри бир зайлда кечмас экан. Иш фаолиятим давомида аёвсиз дард – касб касаллигини орттириб олдим. Турли касалхоналарда ётиб даволанишимга тўғри келди. Тиббий текширувлар натижасида менга III гуруҳ меҳнат ногиронлиги белгиланди. Шунга кўра, «Ўзбек геология қидирув» акциядорлик жамияти марказий лабораторияси томонидан соғлиққа етказилган зарар учун ойма-ой товон пули тўлаб келинаётир.
Энг бебаҳо неъмат – соғлиғим тез-тез панд бериб туради. Шу боис Тошкент шаҳридаги махсус шифохонада даволанишимга тўғри келади. 2021 йилда ҳам пойтахтдаги шифохонада даволандим. Тартиб бўйича марказий лаборатория даволанишга кетган йўл харажатларимни қоплаб бериши керак. Даволанишга бориш-келишга доир поезд йўл чипталарини лаборатория ҳисобхонасига топширганимга ҳам анча бўлди. Аммо мазкур корхона раҳбарияти, ҳисобхонаси харажатни тўлашни пайсалга солиб келаётир.
Яхши ҳам бахтимизга касаба уюшмалари бор. Улар бизга ўхшаган меҳнат ногиронларига суянч бўлмоқда. Арзимизни тинглаб юқоридаги ташкилотга мурожаат билан чиқди. Аммо жамоат ташкилоти талаблари ҳам инобатга олинмаяпти. Ажаб, бир тизимда ишлаб, энди уларга бегона бўлиб қолдимми?
Лола Ўролова,
Каттақўрғон шаҳар «Каттақўрғон» МФЙда яшовчи фуқаро
Қаерда тамадди қиламиз?
Соғлиқни сақлаш вазирлигига!
Касбим шифокор. Пойтахтимиздаги оилавий поликлиникалардан бирида ишлайман. Иш кунимиз 8:00 дан 19:00 гача. Тунги навбатчиликка қолаётган ходимларимиз ҳам бор. Тамадди қилишда бироз қийинчиликлар юзага келади. Тушлигимизни хонада қила олмаймиз, тозалик масаласидаги қарорлар чиққанидан кейин ишхонада ҳатто бир пиёла чой ичишга ҳам рухсат беришмаяпти.
Ўз-ўзидан савол туғилади: ходимларнинг меҳнат муҳофазаси, ҳуқуқ ва имтиёзларидан келиб чиқиб, оилавий поликлиникалар қошида ошхонами, тамаддихонами ташкил этиш наҳотки мумкин эмас?
Карима МАҚСУДОВА
Тошкент шаҳри
Қувват оладиган телевизорлар ишлаб чиқарилса…
«Қорни тўқнинг қорни оч билан нима иши бор», деган ибора бор. Шу боис мен кўтараётган муаммо кимларгадир эриш туюлиши мумкин.
Гап шундаки, қишлоқда яшаймиз. Ҳар куни бўлмаса-да, кунора электр токида узилишлар бўлиб туради.
Масалан, 15 февраль куни санаб турдим, нақд 6 марта узилиш рўй берди. Баъзилари бир соатда ёнди, баъзилари уч соатда.
«ARTEL» компаниясига таклифим шуки, чиқараётган телевизорлари қувват оладиган қилиб тайёрланса нур устига нур бўлармиди? Яъни, электр токи борида қувватланадиган ва «свет ўчганда» кўрсатадиган қилиб. Масалан, ноутбуклар шундай-ку! Электромобиллар ишлаб чиқарилиб, аҳолига хизмат кўрсатаётган тараққиёт асрида, менимча, бунинг иложи бор.
Майли, ҳамма телевизорлар 100 фоиз қувват оладиган қилиб тайёрланмасин, маълум бир қисмини шундай тарзда чиқариб, борингки, 100-200 минг сўм қимматроқ нархда сотилса ҳам айни муддао бўлмасмикан? Керак одам (бизга ўхшаган қишлоқдагилар) қувват оладиган телевизорларни харид қилармиди…
Шундай ўзгаришлар амалга оширилиб, янги функцияларга эга телевизорлар ойнаи жаҳонда бир реклама қилиб юборилса, ҳамма янгиликдан хабардор бўларди ва ўйлайманки, бу матоҳнинг савдоси ҳам сезиларли равишда кўтариларди. Фақат сифатли ва «заряди» жуда тез тугаб қолмайдиган қилиб чиқарилса бўлгани…
Акмал АБДИЕВ
Чироқчи тумани
Низом Кодексдан устунми?
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 234-моддасида ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаганидан кейин аёлнинг хоҳишига кўра, унга боласи икки ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун таътил берилиб, бу даврда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда нафақа тўланиши мустаҳкамлаб қўйилган.
Амалда эса Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (ўша пайтда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги), Молия вазирлигининг 2002 йил 18 февралдаги №588, 35-сон қарори билан тасдиқланган «Ишловчи оналарга бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича ойлик нафақа тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида»ги низомга риоя қилинади. Мазкур низом бюджет ташкилотларида ишловчи оналарга татбиқ этилмаслиги кўрсатилган. Шунга кўра, бюджет идораларида ишловчи ходимларга 2 ёшгача бола парвариши пули тўлаб берилмайди. Низом бюджет ташкилотларида ишловчи оналарга татбиқ қилинмаслиги уларга 2 ёшгача бола парвариши пули тўлаб берилмаслиги керак, дегани эмас-ку! Нима учун қонун барчага баробар эмас? Нима учун низомда Меҳнат кодекси талабларига риоя қилинмаган? Бундай меъёр бюджет ташкилотида ишлаётган аёлнинг меҳнат ҳуқуқларини поймол қилмайдими? Ваҳоланки, аёл бюджет ташкилотида ишлайдими ёки нодавлат сектордами, бундан қатъи назар, бир хил солиқ тўлайди. Янада ажабланарлиси, нима учун вазирлик низоми Меҳнат кодексидан устун қўйилади? Бундан ташқари, бюджет ташкилоти бўлмаган корхона ва ташкилотларда маблағларни тасарруф қилишни нега энди Молия вазирлиги белгилаб бериши керак?
Қолаверса, Кодексда икки ёшгача бола парвариши учун таътил аёл хоҳишига кўра берилиши аниқ ва равшан кўрсатилган. Айрим идора ва ташкилотларда бола икки ёшга тўлгунга қадар аёлнинг ишга тушишига монелик қилиш ҳолатлари йўқ эмас.
Ушбу Низом оналик ва болаликни муҳофаза қилишга монелик қилиб, хотин-қизлар ҳуқуқларининг камситилишига олиб келмайдими?
Бизнингча, Адлия вазирлиги ушбу низомни халқаро меъёрлар ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига кўра, ҳуқуқий экспертизадан ўтказиши мақсадга мувофиқдир.
Муҳаббат ТЎРАБОЕВА
Хоразм вилояти
Қачон ойдинлик киритилади?
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Юридик клиникаси диққатига!
Одатда касаба уюшмаси аъзолигига жалб қилинган ходим ўзи ишлаб турган корхонада қатор йиллар давомида аъзолик бадалларини ойма-ой тўлаб боради. Аммо у бошқа бир жойга ишга ўтгач, касаба уюшмаси ҳисобидан санаторийларда дам олишни истаса, унга «Ҳозирча бундай имкониятдан фойдалана олмайсиз. Бунинг учун бизнинг ташкилотда узлуксиз 3 йил ишлаган бўлишингиз зарур», деган шарт қўйилади.
Савол: Ходим аввал ишлаган ташкилотида тўлаб борган аъзолик бадаллари бошқа муассасада фаолият кўрсата бошлагач нима учун ҳисобга олинмайди? Янги иш жойида касаба уюшмаси имкониятидан фойдаланиш учун 3 йил кутиш имконияти бўлмаса-чи? У нафақага чиқиб кетиши ёки иш жойини яна ўзгартиришга мажбур бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас, ахир! Ушбу масалани жиддий кўриб чиқиш вақти келмадимикан?
Маҳфуза Юлдошева,
пенсиядаги ўқитувчи
Кармана тумани
