Банкдан қарз олиш ва уни йилма-йил фоизи билан тўлаб узиш амалиёти дунё миқёсида кенг қўлланилади. У моҳиятан бизнесни ривожлантиришга ҳамда аҳолининг турмуш фаровонлигини яхшилашга хизмат қилади. Шу боис бизнинг мамлакатимизда ҳам оммалашган. Бироқ кредит фоизлари ва аҳоли даромадлари ўртасида номутаносиблик мавжудлиги банкдан қарз олган кишиларнинг айримларини бирмунча қийнаб қўяётгани ҳам бор гап.
Масалага ойдинлик киритиш учун айрим далилларни ўзаро таққослаб кўрайлик. Масалан, 2020 йили Россияда фуқароларнинг ўртача ойлиги 700 АҚШ долларига тўғри келган. Бу кўрсаткич бултур сентябрь ойида 9,3 фоизга ошган. Россия банклари таклиф қилаётган кредитлар фоизлари эса унчалик юқори эмас. Айтайлик, «Росбанк»нинг истеъмол кредитлари 5 йилга 14 фоиздан 16 фоизгача қилиб белгиланган. «МКБ» банкида 15 йилга 6 фоизли, «Сiti» банкида 5 йилга 12 фоизли қарз бериш йўлга қўйилган. «Газпромбанк» 12 фоиз, «СКБ» банки 14 фоиз, «Альфа банк» 16, Совкомбанк 10 фоизгача бўлган истеъмол кредитларини таклиф қилади.
Ўтган йили қозоғистонликларнинг ўртача ойлиги 600 доллар атрофида, кредитларнинг йиллик фоизлари эса 9 фоиздан 24 фоизгача бўлди. Ўзбекистонда эса ўртача маош 300-350 доллардан ошмаса-да, банк кредитларининг фоизи нисбатан юқорилигича қолди. Мана, айрим мисоллар.
«Туронбанк»нинг истеъмол кредитлари. 3 йилга ажратилган кредитнинг йиллик ставкаси 26 фоизда, автокредит 3-4 йилга 24-26 фоизда.
«Трастбанк» автокредитлари 3-4 йилга 22-24 фоизларда берилади. Бунда мижоз автомобиль нархининг 30-50 фоизини бошланғич бадал сифатида тўлайди. Микроқарз эса 25 миллион сўмгача миқдорда 12-24 ойга йиллик 24 фоизда ажратилади. Истеъмол кредитлари 1-2 йил муддатга йиллик 25-27 фоиз билан берилади.
«Микрокредитбанк»нинг истеъмол кредитлари уч йилга 28 фоизда, 5 миллионлик микроқарзлар эса бир йилга 27-28 фоизда берилади.
Банклар томонидан ўрнатилган тартибга мувофиқ, каттароқ суммадаги кредит учун хусусий мол-мулкдан ташқари, ишончли шахс кафиллиги гаров омили ҳисобланади. Бунда мижоз қарз олиши учун унга яқин кишиси кафиллик қилади. Шунга кўра, банкка қарзни фоизлари билан тўлаш даврида асосий қарз олувчининг даромадлари банк ўрнатган тўловларга етмаса, кафил бўлган кишининг ойлик маошларидан ундирила бошланади. Мабодо кредит олган киши ишсиз қолиб, даромадидан айрилса, банк кафилнинг пластик картасидан маблағларини ечиб олаверади. Кредит шартлари бажарилмаса, кафил бўлган шахснинг мол-мулки (уйи, машинаси) ҳам гаровда туради. Чунки у банк билан тузилган шартномага қўл қўйган. Демак, биргаликда қарз олувчи саналади.
Охирги пайтлар жамиятимизда бундай кафиллик балосидан қутула олмаётган ижтимоий қатлам юзага келмоқда. Шунингдек, кафилликдан чиқолмай, судга мурожаат қилаётганлар ҳам кўпаймоқда. Ушбу ҳолатлар молиявий келишмовчиликларни келтириб чиқаришидан ташқари, одамлар орасига совуқлик тушишига, ўзаро ишончсизлик пайдо бўлишига ва душманлик кайфиятлари кучайишига олиб келмоқда. Ҳатто, яқин қариндошлар ва дўст-биродарлар ўртасида низо туғдириб, меҳр-оқибатсизлик уруғини сепмоқда.
Айни кезларда Қозоғистон Марказий банкининг йиллик ставкаси 9,75 фоиз, Россия Марказий банки ставкаси 8,5 фоиз. Бу демак, улар тижорат банкларига шу фоизда маблағ ажратади. Бизда бу кўрсаткич 14 фоизга тенг. Табиийки, Марказий банкдан шунча фоиз билан маблағ олган тижорат банки ўз фаолиятини юритиш учун унга устама қўйишга мажбур бўлади. Сабаби – ишчи-ходимларга маош бериш, коммунал тўловларни амалга ошириш ва ҳоказолар учун маблағ керак. Қарабсизки, тижорат банклари ўз харажатларини ҳам қўшиши натижасида кредит пулининг умумий фоизи 20-30 фоизга етади. Бунинг оғирлиги мижозлар гарданига тушади.
Яқинда Марказий банк кредитлар бўйича ўртача фоиз ставкаларининг 2022 йил 1 январь ҳолатига оид статистикасини тақдим этди. Ундан маълум бўлишича, бултур миллий валютадаги кредитлар бўйича ўртача фоиз ставкалари қарийб 3 фоизга ошган. Оқибати эса ўз-ўзидан аён. 500-700 АҚШ доллари миқдорида ойлик олаётган қўшни давлатлар фуқаролари кредит учун 8-10 фоиз тўлаётган бир пайтда, маоши 300-400 доллар бўлган бизнинг ҳамюртларимиз 20-30 фоиз тўлашмоқда.
Бундан сал олдин бир танишим кредит эвазига умумий нархи 94 миллион 538 минг сўмлик «Спарк» русумли енгил машина олди. Аввалига автомобиль қийматининг 30 фоизини, яъни 28 миллион 500 минг сўмини тўлади. Қолган 66 миллион сўмдан ортиқроқ қисмини эса банк қарз сифатида берди. У кредитни тўрт йил муддатга йиллик 23 фоизлик устама тўлаш шарти билан тақдим этаяпти. Натижада 94 миллион 538 минг сўмлик автоуловнинг нархи тўрт йил ичида асосий қарз ҳамда фоизлари билан биргаликда 132 миллион сўмга айланяпти (2 миллион сўмдан ортиқ суғурта пуллари ҳам тўланган).
Танишим бугунга келиб ҳар ойда банкка 2 миллион 116 минг сўм миқдорида пул тўлаши керак. Ана энди ойига 3 миллион сўм маош оладиган кишининг аҳволини ўзингиз тасаввур қилаверинг.
Банк соҳаси мутахассислари кредит фоизлари юқорилигини миллий валютанинг қадрсизланиши, яъни пул инфляцияси билан боғлашади. Аммо миллий валютанинг қадрсизланиши фақат бизда эмас, бошқа давлатларда ҳам кузатиляпти-ку. Мисол учун, бултур Ўзбекистонда инфляция 9,98 фоизга, Россияда 8,4 фоизга, Қозоғистонда эса 8, 9 фоизга тўғри келган.
Шубҳасиз, Марказий банк йиллик фоиз ставкасини сезиларли даражада камайтирса, тижорат банклари мутасаддилари ҳам кредит фоизларини озайтириш ҳамда тўлов муддатини узайтириш масаласи ҳақида атрофлича ўйлаб кўришса, юртдошларимиз банк қарзларини тўлашда муайян енгилликларга эга бўлишади.
Марказий банк бу борада қачон янгилик қилар экан?
Умида ХУДОЙБЕРГАНОВА,
«ISHONCH»
