2022 йилда Шуша шаҳри маданият  марказига айланиши кутилмоқда

1124

Хабарингиз бор, Озарбайжон арманлар босқинидан қадимий ва тарихий шаҳри – Шушани қайтариб олгач, бу ҳудудларда кенг кўламли инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек, маданий қадриятларини қайтариш бўйича изчил ишлар амалга оширмоқда. Мамлакатда 2022 йил “Шуша шаҳри йили” деб эълон қилиниши муносабати билан режалаштирилган тадбирлар беш бўлимдан иборат. Бу ҳақда Озарбайжон расмий ОАВида батафсил ёритилмоқда. 

Ўтган йилнинг май ойида Шуша шаҳрида ўтказилган “Харибулбул” мусиқа фестивали, август ойида ўтказилган Воқиф шеърият кунлари ва бошқалар бутун дунё маданият вакилларининг эътиборини Озарбайжон ва унинг аъзим шаҳрига қаратган, кўпчиликка манзур бўлган эди.

2022 йилда ҳам маданий ва спорт тадбирлари; илмий нашрлар, аудиовизуал ва босма материалларни тайёрлаш; “Шуша шаҳри йили”ни халқаро миқёсда тарғиб қилиш билан боғлиқ тадбирлар; тарих ва маданият ёдгорликларини реставрация қилиш, экология ва туризмни ривожлантириш чора-тадбирлари; эсдалик маҳсулотлари ва интернет ресурсларини тайёрлаш кабилар ўтказилиши кутилмоқда.

Йил давомида Шуша билан боғлиқ 35 та пунктда тадбирлар бўлиб ўтиши белгиланган. Уларга Озарбайжон Республикаси Маданият, таълим, ташқи ишлар, ёшлар ва спорт, рақамли ривожланиш ва транспорт вазирлиги, диаспора ишлари бўйича давлат қўмитаси, Озарбайжон республикаси Давлат туризм агентлиги ва яна бошқа кўплаб ташкилотлар масъул этиб белгиланган.

“Шуша шаҳри йили”нинг биринчи йирик тадбири май ойида Озарбайжон Маданият вазирлиги, Ҳайдар Алиев жамғармаси ва Давлат қўриқхонаси департаменти ҳамкорлигида ўтказиладиган “Харибулбул” халқаро фольклор фестивалидир. Июл ойида эса навбатдаги “Воқиф” шеърият кунлари бўлиб ўтади. Июл-август ойларида “Мақом” телевизион танловининг якуний босқичи ва танлов ғолибларининг гала-концерти ўтказилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, йил давомида “Шуша – 2022” халқаро санъат фестивали, “Шуша шаҳрининг 4 фасли” (“Шушанинг 4 фасли”) халқаро фотосуратлар фестивали ва бошқаларни ўтказиш ҳам режалаштирилган.

270 йиллик тарихга эга шаҳарнинг бой маданий меросини оммалаштириш мақсадида жорий йил бошидан Озарбайжон Маданият вазирлиги томонидан “Шуша маданияти дурдоналари” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳа етти йўналишни ўз ичига олиб, улар қуйидагилардан иборат: “Шуша шаҳрининг меъморчилик солномаси”, “Озарбайжон мусиқаси ибодатхонаси – Шуша”, “Мақом ўчоғи – Шуша”, “Қорабоғ гиламдўзлик мактаби – Шуша”, “Шуша шаҳрининг адабий ҳаёти», «Шуша шаҳрининг кўзга кўринган аҳолиси», «Шуша шаҳридаги миллий либослар.

Бу каби тадбирлар бар пайтлар маданият ўчоғи бўлган Шушани яна қизғин ҳаётга қайтариши, маданият ва санъат ихлосмандларининг қадами узилмайдиган масканга айлантириши шубҳасиз.

Зебо НАМОЗОВА

тайёрлади