ёхуд маҳсулот сифатига фақат сотувчи масъулми?
Маҳсулот харид қилаётганимизда доим ҳам эътибор бермайдиган жиҳатлар бисёр. Жумладан, савдо шохобчалари ёки дўконларда «майский» ёки «уй тухуми» ёзуви остида сотилаётган озиқ-овқат маҳсулотларига кўзимиз тушади. Лекин сотувчидан унинг нега айнан шу ном билан аталишини тасдиқловчи ҳужжат сўралса, топиб бера олмайди.
Ёки айрим буюм дўконларида маҳсулот айнан Туркия ёки Хитойга тегишли экани айтилади-да, ёрлиғида айнан ўша давлатда ишлаб чиқарилганини тасдиқловчи бирон-бир белги мавжуд эмас.
Аммо биз андишали халқмиз. Индамай қўя қоламиз. Аслида буни сўрашга ҳақлимиз.
Германияда муддати ўтган маҳсулотларни сотганлик ёки харидорни алдаганлик учун ўртача жарима 20 минг еврони, Бирлашган Араб Амирликларида 25 минг еврони ташкил этади. Қозоғистонда бундай қонунбузарликлар учун 4 миллион тенгегача, Россияда эса 50 минг рублгача жарима ёки муқобил вариант сифатида дўкон фаолиятини 90 кунгача тўхтатиб қўйиш чоралари қўлланилади. Шунингдек, муддати ўтган ёки сифатсиз маҳсулотлар бир кишидан ортиқ инсон ўлимига олиб келса, жиноий жавобгарлик қўлланилиб, 10 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси белгиланиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 178-моддасига мувофиқ, истеъмолчиларга била туриб нотўғри маълумотлар тақдим этганлик, шу жумладан, товар истеъмолига оид хусусиятлар ёки сифати хусусида чалғитиш туфайли истеъмолчиларга зарар етказиш – ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан етти бараваригача, мансабдор шахсларга эса етти бараваридан ўн бараваригача жарима солишга сабаб бўлиши белгиланган.
Шу ўринда савол туғилади: аслида маҳсулот қадоғи ёки ёрлиғида нималар акс этиши керак.
Маълумотларга кўра, ишлаб чиқарувчининг номи ва жойлашган жойи (юридик манзили), ишлаб чиқарувчининг товар белгиси (агар мавжуд бўлса), саралаш вақти, яроқлилик муддати ва сақлаш шартлари, озуқавий қиймати, сертификатлаш маълумотлари, мисол учун «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» каби ёки экспорт учун «Made in Uzbekistan» ёзувлари бўлиши керак. Айни пайтда ҳуқуқлари бузилган истеъмолчилар учун Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг ишонч телефони ҳам ишлаб турибди.
Энди ўзимизга бир савол бериб кўрайлик: маҳсулотни сотиб олишда юқоридаги жиҳатларга қачон аҳамият қаратамиз? Бизни алдашларига токайгача сабр қиламиз?
Ахир ўзимиз ўзгармасак, талаб қилмасак, сифат ҳам ўзгармайди.
Шаҳло АБДУРАҲМОНОВА,
«ISHONCH»
