«Котта боллар» минадиган машина

7489

Ўғлим анчадан буён енгил автомобиль олиш ­орзусида юрган эди. Бир куни нонушта устида мендан «Ойижон, сизга қанақа рангли машина кўпроқ ёқади?» деб сўраб қолди. «Маҳаллий иқлимимизга унчалик тўғри келмаса-да, қора ранглиси маъқулроқ», дедим. Келиним «Менга пушти ранглиси ёқади, шунақасидан олинг», деди.

Танловимиз икки хил чиққанидан қайнона-келин маза қилиб кулишиб олдик. Ўғлим эса ўша куни бизга «сюрприз» тайёрлаган экан, кечқурун уйимизга қора рангли «Спарк» ҳайдаган ҳолда кириб келди.
Мен сўнгги пайтларда ишга асосан жиянимнинг машинасида бориб келардим. Унинг машинаси ҳам «Спарк», фақат ранги оқ. Йўлда ДАН ходимлари бизни тўхтатишганини эслолмайман. Ўғлимнинг «Спарк»ига ҳозирга қадар атиги тўрт-беш марта ўтирган бўлсам-да, ҳар сафар ДАН ходимлари тўхтатишганининг гувоҳи бўлдим. Бундай ҳолатларда ўғлимни «Йўл қоидасини буздинг, шекилли. Ҳушёр бўлсанг бўлмайдими?», деб койийман. У «Хавотирланманг, ойижон, мен қоидани бузганим йўқ. ГАИ ходимлари фақат ҳужжатларни текшириб кўришмоқчи», ­дейди.
Яқинда жиянимга шу ҳақда сўз очган­дим, у ми­йиғида кулди. Кейин сабабини тушунтирди. Унинг айтишича, қора рангли машиналарни асосан «котта боллар», янада аниқроқ қилиб айтганда, «крутойлар» минар эмиш. Бу тоифага эса айрим амалдору бой-бадавлат кишиларнинг эркатой фарзандлари кирармиш. Энг ачинарлиси, уларнинг аксарияти йўл қоидаларига риоя қилмас, баъзилари эса маст ҳолда рулга ўтирар экан. Шу боис ДАН ходимлари қора рангли машиналарни ҳужжат текшириш баҳонасида тўхтатишар экан…
Мен бу гапни эшитиб, ўғлимга ачиниб кетдим. Бояқиш аслида менинг эмас, келинимнинг хоҳишига қараб, пушти рангли машина олса бўларкан…

Дилором ХУДОЙБЕРГАНОВА,
«ISHONCH»