Кўчат экдингми, парваришига ҳам ўзинг масъул бўл!

2160

Юртимизда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бошланган «Яшил йиллик» умуммиллий тадбири қизғин давом этмоқда. Серғайрат юртдошларимиз ҳовли ва кўча бўйларига, хиёбон ва далаларга кўчат экишяпти. Бир неча йилдан сўнг кўчатлар бўй чўзади ва юртимиз ҳавоси янада мусаффолашади.

Юртимизда ҳар баҳорда кўкаламзорлаштириш ишлари бошланади, кўчатлар, гуллар экилади, майса уруғлари сепилади. Бу хайрли ишда кўпчилик қатнашади. Умумхалқ ҳашарлари уюштирилади. Галстук тақиб юрадиган раҳбарлар ҳам кўчат экишда қатнашади ва мухбирларга интервью бериб, ҳаммани хайрли ишда фаол қатнашишга даъват этади. Шу билан уларнинг иши тугайди, экилган кўчатлар унутилади. Агар шу йилгача экилган барча кўчатлар кўкарганда эди, юртимиз аллақачон боғу бўстонга айланарди. Эҳтимол, ҳозир кўчат экишга жой излардик.
Савол: «Нега уй эгасининг ҳовлисига, боғбоннинг далага эккан кўчати ҳар доим кўкаради?». Чунки улар кўчат экиш қоидаларига тўлиқ риоя этишади, кейин меҳр билан парваришлайди, асрайди». Ҳашарларда эса кўчатлар хўжакўрсинга туп­роққа қадалади ва қаровсиз қолдирилади. Иссиқ кунлар бошланиши билан кўчатлар сувсизликдан сарғаяди, саратондаги жазирамада қовжирайди.
Афсуски, чанқаган ўсимликларни суғориш ўрнига «Келгуси йили ҳам кўчат экиш учун атайин унмайдиган кўчатларни экишган», дейдиган кимсалар ҳам топилади. Бу иддао ёлғон. Олти йил олдин уйимиз атрофидаги йўл чеккасида сувсизликдан сарғайган бир ярим қаричлик арча кўчатига кўзим тушди. У чеккароқда бўлгани учун ҳеч ким эътибор бермаган ва бирга экилган бошқа кўчатлардан ортда қолиб кетганди. Уйга келиб, идишда сув олиб чиқдим ва арчанинг тагига қуйдим. То куз келиб, ёмғир мавсуми ­бошлангунча бу ишни давом эттирдим.
Табиат қонуни шуки, кўчат ўсгани сайин унинг минерал моддаларга бўлган талаби ҳам ошиб боради. Гул дўконидан минерал ўғит сотиб олиб, уни кўчат тагига солдим. Меҳр билан суғордим. Арчанинг яшнаб бўй чўзаётганини кўрсангиз эди, дилингиз яйрарди. Хуллас, иссиқ кунлар кўчат тагига сув қуйишни канда қилмадим. Ҳозирги кунда арчанинг бўйи мендан икки ярим баравар баланд, бирга экилган арчаларга тенглашди.
Биз ҳозирдан экилган кўчатларни асрашга, парваришлашга эътибор қаратишимиз зарур. Тўғри, экилган кўчатларнинг униб-­ўсишига масъул бошқарма бор. Лекин уларга қўшимча равишда «Кўчат экдингми, унга ўзинг масъулсан» тамойили жорий этилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Шунда ҳар бир экилган кўчат қаровсиз қолмасди, яшнаб кўкарарди.
Яқин кунларда ҳаво исий бошлайди. Эккан кўчатларимизни суғоришни эсдан чиқармайлик. Агар ҳар биримиз ёзда ­уйимиз атрофида «сув, сув» дея илтижо қилаётган кўчатларга сув қуйиб турсак, жуда катта иш қилган бўламиз.
Ўттиз йиллар муқаддам ботаник олимадан интервью олганимда, у мендан «Саҳрои кабир қандай пайдо бўлганини биласизми?» деб сўраб қолди ва ўзи жавоб берди: «Саҳрои кабир ўша жойда битта гиёҳ сабабсиз юлиб ташлангандан кейин саҳролаша бошлаган».
Дарҳақиқат, яқинда ернинг сунъий йўлдоши орқали олиб борилган илмий кузатишлар натижасида Саҳрои кабирнинг қум қатламлари остида шаҳар қолдиқлари борлиги маълум бўлди. Шундай экан, унутмайлик, бирон кўчатни, умуман ўсимликларни қаровсиз қолдириш, ҳатто уларнинг битта шохини беҳуда синдириш юртимиз табиий муҳитига салбий таъсир кўрсатади.
Ўзбекистон ўзимизники бўлгандай, унинг бағрида ўсаётган ўсимликлар ­дунёси ҳам ўзимизники. Уларни авайлаб-асраш ва парваришлаш ҳар биримизнинг вазифамиздир.

Асрор МЎМИН,
Ўзбекистон Республикасида
хизмат кўрсатган журналист