Муносиб меҳнат концепцияси амалиётда қай даражада қўлланиляпти?

1039

Муносиб меҳнат концепцияси – эркин, адолатли ва хавфсиз меҳнат асосидир. Ана шу тамойил доирасида ҳуқуқ ва мажбуриятлар мутаносиблиги таъминланиб, меҳнаткашлар қадр-қиммати юксалмоқда. Ҳар бир шахс қониқарли меҳнат шароитларида ишлаш, дам олиш ва ижтимоий таъминотдан баҳраманд бўлиш, малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

– Миллий қонунчилигимизда меҳнат жараёнида қўлланилиши шарт бўлган ижтимоий-иқтисодий, ташкилий, техник, санитария-гигиена, даволаш-профилактик чора-тадбирлари аниқ белгилаб ­қўйилган, – дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Самарқанд вилояти кенгаши меҳнат техник инспектори Усмон Каримов. – Касаба уюшмалари ХМТ илгари сураётган муносиб меҳнат дастури доирасида кенг кўламли ишларни амалга оширмоқда.
Лекин шу билан бирга, меҳнат муносабатларидаги мувозанатда қатор чалкашликларга дуч келинаётганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Касаба уюшмалари меҳнат инспекцияси вилоятдаги таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларидаги қатор ҳолатларни ўрганди. Шулардан бири, бу бепул тиббий кўриклар ташкил этилиши билан боғлиқ вазият. Ҳудуддаги учта олийгоҳ, учта туман халқ таълими ва мактабгача таълим бўлимларига қарашли таълим-тарбия муассасалари, битта туман тиббиёт бирлашмаси мониторинг кузатувига олинди. Муассасаларда 33446 нафар ходим меҳнат қилиб келмоқда. Бу ташкилотларда ходимлар ишга киришида, дастлабки ва иш давомида вақти-вақти билан тиббий кўрикдан ўтмоқда. Лекин ташкилотлар маъмуриятлари иш давомида ходимлар қайта тиббий кўригини ташкил этиш юзасидан поликлиникалар билан келишувга эга эмас. Натижада ишловчи тиббий кўрик сарф-харажатларини ўз ҳам­ёнидан амалга ошириб келмоқда. Вазият юзасидан муассасалар раҳбарлари, бошланғич касаба уюшмаларига тегишли тавсиялар берилди.
Жамоатчилик назорати жараёнида аниқланган қонун бузилиш ҳолатлари юзасидан қатъий чоралар кўрилди. Иш берувчиларга 62 та бажарилиши шарт бўлган тадбирлардан иборат 9 та кўрсатма киритилди.

Меҳнат инспекцияси томонидан меҳнат ҳуқуқлари бузилишига доир 54 та мурожаат қабул қилинганди. 49 ҳолатда ходимларнинг ишлаш ҳуқуқлари тўла тикланган.

Меҳнатга мажбуран жалб этиш ёхуд болалар меҳнатидан фойдаланиш ҳолати барҳам топди. Аммо мавжуд тартибларни четлаб ўтиш, вазиятдан фойдаланиб қолишга умидвор бўлаётганлар йўқ эмас. Меҳнат инспекцияси ва миллий мониторинг ишчи гуруҳи томонидан пахта терими мавсумидаги ҳолат ўрганилиб, таҳлил этиб борилди.
– Ана шу жараёнда меҳнатга ҳақ тўлаш борасида юз берган бир қатор чалкашликларни бартараф этишимизга тўғри келди, – дейди Усмон Каримов. – Пай­ариқ, Оқдарё, Нарпай, Пастдарғом туманларидаги айрим фермерлар йиғим-терим ишлари иштирокчиларига иш ҳақи тўлашни пайсалга солаётгани аниқланди. Мутасадди банкларни жалб этган ҳолда дала ишчиларига тўланмай қолган 86 миллион 897 минг сўм иш ҳақлари ундириб берилди.
Қурилиш соҳасида фаолият кўрсатаётган йигирмага яқин ташкилотда ишловчи 300 нафардан зиёд ходимлар билан учрашув ва мулоқотлар ўтказилди. Аён бўлишича, ҳали бу соҳа муносиб меҳнат концепцияси талабларидан анча ортда қолмоқда. Ҳудудда ўтган йил давомида ишлаб чиқариш билан боғлиқ содир бўлган 15 тадан зиёд бахтсиз ҳодисаларнинг аксари шу тизим ҳиссасига тўғри келмоқда.
Меҳнат инспекцияси томонидан меҳнат ҳуқуқлари бузилишига доир 54 та мурожаат қабул қилинганди. 49 ҳолатда ходимларнинг ишлаш ҳуқуқлари тўла тикланган.
– Иш берувчиларнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатидан айрим фуқароларимиз азият чекишган, – дейди меҳнат ҳуқуқ инс­пектори Улуғбек Ғаниев. – Шу ҳолатда ходимларга мажбуран бекор юрган кунлари учун иш ҳақлари ундириб берилди. 11 нафар мансабдор шахсга меҳнат қонунчилиги бузилиши юзасидан йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш бўйича кўрсатмалар киритилди.
Муносиб меҳнат концепцияси – ишчи-ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари соҳасида асословчи кафолатдир. Айнан шунга кўра ҳам бу жараён касаба уюшмаларининг мунтазам назоратида бўлиб келмоқда.