Сувни лойқалатаётган ким?

144

Ёхуд Халқ таълими вазирлигининг буйруғи Самарқанд вилоятида
қарийб беш ойдан буён бажарилмаётгани хусусида

Ишонч инсонга қанот бағишлайди. «Сенга ишонамиз», деган икки оғиз ширин каломдан руҳланган киши дадил ишга киришади, кези келса, буюк янгиликларга қўл уради. Аммо бу туйғу топталса-чи? Инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати ерга урилса-чи? Шубҳасиз, у руҳан эзилиб, тушкунликка тушади. Иложсизликдан боши гангиб, нима қиларини билмай қолади. Энг ёмони, ишидан кўнгли совиб, ҳам ўзига, ҳам бошқаларга нисбатан ишончини йўқотади.

Феруза Умрзақова ана шундай изтироблар гирдобида қолган инсонлардан бири. Унинг касби – ўқитувчилик. Учта тилни она тилидек пухта ўзлаштирган. Яқин-яқингача «Мен аёлман», деб қўл қовуштириб ўтирмаган, аксинча, ҳар доим тинимсиз меҳнат қилиб, эзгу мақсадлари сари дадил интилган. Таъбир жоиз бўлса, синчалакдек жуссаси билан елкасида тоғни кўтаришга ҳам қодирлигини намоён этган. Шу боис ўн икки йил бошланғич касаба уюшмасига етакчилик қилди. Етти йилдан буён эса Иштихон туманидаги 26-мактабга раҳбарлик қилиб келаётган, шунингдек, туман кенгаши депутати сифатида фаолият юритаётган эди.
Аммо, минг афсуски, шундай серғайрат ва тиниб-тинчимас бу аёлнинг ўзи бугунга келиб, таскин-тасаллига ва кўмакка муҳтож бўлиб ўтирибди. Ҳолбуки, у ҳеч қачон бирон-бир юқори лавозимда ишлашни орзу қилмаган, юмшоқ ўриндиқда ястаниб ўтиришни хаёлига ҳам келтирмаган эди. Уни бошқалар аввалига «кўтар-кўтар» қилиб, майдонга олиб чиқишди, сўнгра росманасига ҳар томонлама синдиришди.
Ҳаммаси Иштихон тумани халқ таълими бўлими мудири вазифасидан бўшатилганидан кейин бошланди. Ўшанда Халқ таълими вазирлиги бу лавозимга иқтидорли ва жон куйдириб ишлайдиган мудир тайинлаш учун танлов эълон қилди. Унда қатнашиш истагида бўлганлар кўп эди. Жумладан, мактаб директори сифатида соҳада илдиз отган лоқайдликлардан роса безган Феруза Умрзақова ҳам омадини синаб кўришга жазм этди.
– Танловда «Аргуст» тест тизими бўйича иштирок этган 34 нафар номзоднинг 20 нафари дастлабки саралаш босқичида синовдан ўтолмади, – дейди Феруза Умрзақова. – Қолган 14 нафар даъвогар сафида эса мен ҳам бор эдим. Улар қатори вазирлик томонидан ташкиллаштирилган онлайн суҳбатда иштирок этдим. Кейин кўнглимни тўқ тутганча ишлаб юравердим. Ўтган йил 15 ноябрда мени Халқ таълими вазирлигига таклиф қилиб, туман халқ таълими бўлимига мудир этиб тайинланганимни айтишди. Ўша куни ўзаро меҳнат шартномасини ҳам имзоладик.

Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирининг 2021 йил 15 ноябрдаги лавозимга тайинлаш тўғрисидаги 634-к-сонли буйруғидан айнан кўчирма:

«Умрзақова Феруза Азаматовна Самарқанд вилояти, Иштихон тумани халқ таълими бўлими мудири лавозимига барча ҳужжатларга биринчи имзо чекиш ҳуқуқи ва уч ойлик синов муддати билан 2021 йил 15 ноябрь кунидан тайинлансин.
Ойлик маоши штат жадвалига биноан белгилансин.
Иштихон тумани халқ таълими бўлими мудири вазифасини вақтинча бажарувчи Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ижро интизоми ва мурожаатлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Болиев Абдураҳмон Сидиқович ўз вазифасини бажаришга киришсин.
Асос: Меҳнат шартномаси, Ф.Умрзақованинг аризаси.
Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси (З.Шодиева) Иштихон тумани халқ таълими бўлими ҳужжатларини топшириш ва қабул қилиш учун комиссия тузсин ҳамда ҳужжатларни амалдаги меҳнат қонунчилиги асосида расмийлаштирсин.

Вазир Ш.Шерматов».

Ўзига билдирилган юксак ишончдан Феруза беҳад қувонди. Неча тунларни бедор ўтказиб, янги-янги режалар тузди. Ёш авлод ва жамият олдидаги масъулиятни янада чуқурроқ ҳис этган ҳолда устозларга бош-қош бўлиш учун астойдил ҳозирлик кўрди. Аммо Иштихон тумани ХТБга вазир буйруғини кўтариб кириб боришга истиҳола қилди. Устига-устак, орадан бир неча кун ўтса-да, вилоят халқ таълими бошқармасидагилар ҳеч нарсани билмагандек, ер чизиб ўтираверишди. Феруза эса ўзи ишлаб келган 26-мактабни бошқаришда давом этаверди. Ҳар замон-ҳар замонда вазир буйруғини қўлга олиб тикилади. Кўнглидан «Бу ростмикан ёки қалтис ҳазилмикан?» деган фикр кечади. Кейин «Ҳозирча бош­қармадагиларнинг бу янгиликдан хабари йўқ, шекилли», деб ўзига-ўзи тасалли беради…
Йўқ, барибир, бўлмади. Кутавериш жонига теккач, Самарқандга борди. Буни қарангки, вазир буйруғи бошқармага аллақачон келган экан. Шундай эса-да, унинг ижросини таъминлайдиган одамни топиш душвор бўлди. Бошқарма бошлиғи (айни чоғда собиқ) З.Шодиева ўзини олиб қочгани бир, кадрлар бўлими бошлиғининг талмовсираши бир бўлди. Бу идорадагилар қандайдир «қудратли куч» йўлларига ғов бўлаётганига шама қилишди.
– Халқ таълими бўлими мудири лавозимига расман тайинланганимга салкам беш ой бўлди, – дейди Феруза Умрзақова. – Лекин ҳали бу идорага қадам босганим ҳам, ҳеч кимга жойимни бўшатиб бер, деганим ҳам йўқ. Шунга қарамай, менга нисбатан сирли муносабатда бўлишяпти. Айбим нима эканини билолмаяпман? Бунақа вазиятда менга амалнинг кераги йўқ. Кимга керак бўлса, ана, олсин. Фақат бизни тинч қўйсин, ишимизга тўсқинлик қилмасин. Ростини айтсам, ҳаммасидан безор бўлиб, руҳан чарчадим. Шу боис вилоят халқ таълими бошқармасига мени бир кун ҳам ишламаган вазифамдан 2022 йил 5 апрелдан эътиборан озод қилишни сўраб, ариза ёзишга мажбур бўлдим.
Табиийки, бу масала бизни ҳам ҳайратга солди. Шу боис уни чуқурроқ ўрганишга киришдик. Аниқлашимизча, Иштихон тумани халқ таълими бўлимини ҳозир ҳам вилоят халқ таълими бошқармасининг бўлим бошлиғи А.Болиев вақтинчалик бошқараётган экан. Демак, вазирликнинг 2021 йил 15 ноябрдаги буйруғи ҳамон бажарилмаган.
Феруза Умрзақова бундан бир муддат олдин Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Самарқанд вилояти кенгашига мурожаат қилиб, адолатни қарор топтиришда ёрдам сўраган экан. Аммо у яқинда аризасини қайтариб олди. Касаба уюшмаларининг меҳнат ҳуқуқ инспектори Улуғбек Ғаниев рўй берган воқеалар қонунларимизга зидлигини таъкидлаб, шундай деди:
– Лавозим мажбуриятларини бажаришга кириша олмагани Феруза Умрзақованинг айби эмас. Халқ таълими вазирлиги буйруғининг ижроси қуйи ташкилот томонидан таъминланмаганини асло оқлаб бўлмайди. Ферузада ишлаш иштиёқини сўндириб, ариза ёзишга мажбур қилинаётгани эса мавжуд тартибларга зиддир. Қолаверса, уч ойлик синов муддати аллақачон ўтиб бўлган. Унга мажбуран бекор юрган кунлари учун ҳақ тўланиши керак, аслида.
Кўриб турибсизки, халқ таълими тизимида кадрларни танлаш ва жой-­жойига қўйиш ишлари талаб даражасида эмас. Бу қандай хунук оқибатларни келтириб чиқариши эса ҳаммамизга яхши маълум. Модомики, шундай экан, биз Халқ таълими вазирлиги мутасаддиларидан юқорида баён этилган можаронинг туб сабабларини ўрганиш ва уларни бартараф этиш юзасидан қандай чоралар кўрилгани ҳақида аниқ жавоб кутамиз.