Шамолдан нур

83

Юртимизда бу имкониятдан қанчалик фойдаланиш мумкин?

Яқинда Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев 2050 йилгача юртимизда табиий газ, кўмир ва нефть маҳсулотларидан ёқилғи сифатида фойдаланиш тўхтатилишини маълум қилди.
Қорақалпоғистонда айни йўналишда илк қадамлар ташланди. Аниқроғи, Беруний туманида 100 МВт қувватли янги шамол электр станцияси қурилишига Президентимиз томонидан старт берилди.
Биз ушбу лойиҳанинг аҳамияти ҳақида олим, ЎзФА Қорақалпоғис­тон бўлимининг табиий фанлар институти қайта тикланувчи энергия бўлими ­бошлиғи Юсуп КАМАЛОВ билан суҳбатлашдик.

– «Яшил энергия»нинг анъанавий электр энергиясидан афзаллиги нимада?

– Анъанавий усулда электр энергияси ишлаб чиқариш учун газ, нефть каби табиий ресурслар керак. Албатта, Ўзбекистон табиий газ захирасига эга давлат. Лекин унинг ҳам чеки-чегараси бор. Шамол эса ҳеч қачон тўхтаб ёки тугаб қолмайди.
Беруний туманидаги шамол электр станцияси ишга тушгач, 120 минг хонадон электр энергияси билан таъминланади. Агар Қорақалпоғистонда 360 минг атрофида хонадон борлигини ҳисобга олсак, бу электр энергиясига бўлган эҳтиёжнинг учдан бирини битта ўша станциянинг ўзи қондиради деганидир. Тахиатош иссиқлик электр станциясида 100 МВт энергия ишлаб чиқариш учун 106 миллион куб метр табиий газ талаб қилинади. Бунча миқдордаги бебаҳо неъмат билан 38 минг хонадонни бир йил мобайнида таъминлаш мумкин. Беруний туманида эса 33 мингга яқин хонадон мавжуд. Кўряпсизки, шамол энергетикаси катта миқдордаги табиий ресурсларни тежаш имконини беради.
Президентимиз ушбу станцияга тамал тошини қўйиш маросимида Қорақалпоғистонда жорий беш йилликда қуввати қарийб 1800 МВт бўлган 3 та шамол электр станцияси ишга туширилиши, 2026 йилга бориб мамлакатимиз миқёсида 4000 МВт электр энергияси ишлаб чиқарадиган станциялар қурилишини эслатиб ўтди. Бунга қуёш электр станцияларини ҳам қўшсангиз, вазият янада ойдинлашади.
Ҳозир Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги истеъмолчиларни электр энергияси билан таъминловчи Тахиатош ИЭС 1190 МВт энергия ишлаб чиқаради. Бундан хулоса қилиш мумкинки, келгусида табиий ресурсларни талаб этадиган электр станциялари ўрнини қайта тикланувчи энергия манбалари эгаллайди. Натижада газ каби кўплаб табиий бойликларимиз тежалади. Ривожланган давлатлар аллақачон бу ишнинг уддасидан чиққан. Жумладан, Данияда кўплаб қишлоқлар 100 фоиз шамол электр энергияси билан таъминланган.

– Нима учун дастлабки шамол электр станцияси айнан Беруний туманида қурилмоқда? Ушбу ҳудудни танлашда нималарга кўпроқ эътибор берилган?

– Одатда, бунақа станцияларни барпо этишдан олдин йил давомида ­тажриба ўтказилади. Чунончи, шамолнинг хусусияти махсус ўлчов асбоблари ёрдамида ҳар сонияда ўрганиб борилади ва бир йилга баланс чиқарилади. Беруний туманида танланган жой ҳам шу тариқа аниқланган ва хорижий инвесторларга маъқул бўлган.
Бундай иншоотларда ишлаб чиқарилган саноатга мўлжалланган электр қуввати мамлакатдаги ягона энергетика тизимига тўлиқ уланади. Чунки, Илон Маскнинг «Тесла» компанияси томонидан Австралияда ишга туширилган 100 МВт.лик аккумуляторни истисно қилганда, дунёда бу янглиғ катта миқдордаги қувватни сақлайдиган аккумулятор йўқ.
Шамол электр станцияларини Устюрт чинкларида ҳам қурса бўлади. Чунки у ерларда доимо шамол эсади. Лекин саноат эҳтиёжи учун ишлаб чиқариладиган қувват учун махсус ускуналарда йил давомида шамол кучини ўлчаб бориш зарур.

Шамол ҳисобига ишлайдиган станцияларнинг салбий жиҳатлари ҳам борми? Айтайлик, «Улар кўчманчи қушлар учун хавфли. Атрофга 40 децибелдан ошадиган, соғлиқ учун зарарли товуш тўлқинларини тарқатади» деган гаплар қанчалик тўғри?
– Қушларга хавф туғдириши рост. Чунки бу станциянинг парраклари жуда катта бўлиб, парраклар сониясига 60 метр тезликда айланади. Демак, ўзига келиб урилган қушларни нобуд қилиши турган гап. Шу боис станциялар бунёд этиладиган жой дастлаб орнитологлар томонидан ҳам ўрганиб чиқилади. Замонавий шамол электр станциялари парраклари секин айланадиган ва кўп қувват йиғадиган даражада такомиллаштирилмоқда. Кўчманчи қушлар йилига икки марта галалашиб учади ва бир ҳафта ичида бу ердан тўлиқ ўтиб бўлади. Баъзи давлатларда қушларнинг кўчиш мавсумида станциялар фаолияти вақтинча тўхтатиб турилади.
Товушнинг зарари билан боғлиқ масала эса аллақачон ижобий ечим топган. Яъни замонавий шамол электр станциялари инсон саломатлигига зарар етказадиган даражада шовқин чиқармайди.

– Қарийб ярим асрдан буён шамол қуввати масалалари билан шуғулланар экансиз. Илмий изланишларингиз натижаси қандай бўлди?

– Саноатбоп энергия ишлаб чиқарадиган станция ҳақида мен ҳам кўп бош қотирганман ва бу борада ўз ғоямга эгаман. Ҳозирги шамол электр станция­лари горизонтал бўлиб, паррагининг ўзи 120 метрни ташкил этади. Мен ўйлаб қўйганим эса вертикал шаклга эга. Бундан ташқари, амалдаги турбиналарнинг энг каттаси йилига 17 МВт, камина таклиф қилган ихтирога доир турбина эса 70 МВт.гача қувват ишлаб чиқариши мумкин. Шу боис ғояларимни бир неча бор тегишли ташкилот-идораларга тақдим этдим, аммо менга ишонишмагани туфайли барчаси қоғозда қолиб кетди. Ҳозир 71 ёшдаман. Ғоям ҳеч бўлмаганда, синовдан ўтказилишини кўрсам эди, дея орзу қиламан.

– Журналистлар сиз ҳақингизда дельтапланларда учиб, шамолнинг таъсирини ўрганар экан, шунингдек, бу қурилма воситасида Орол денгизи узра саёҳат қилиш мумкинлигини исботламоқчи эмиш, деб ёзишди. Бу қанақа тажриба эканини тушунтириб берсангиз…

– Тўғри, Чилпиқ қалъаси қошидаги тепаликлар узра дельтапланларда учиб тураман. Лекин бу ишнинг шамол таъсирини синашга ёки Оролга саёҳат қилишга умуман алоқаси йўқ. Мени болалигимдан бир нарса қизиқтириб келади. Нега биз одамлар қушлар каби учадиган технологияни ихтиро қилолмаяпмиз?
– Қайтадан велосипед ихтиро қилмоқчимисиз? Самолёт ва вертолётлар бор-ку?..
– Улар бутунлай бош­қа масала. Вазни атиги 100 грамм келадиган баъзи кўчманчи қушлар тинимсиз қанот қоқиб, 10 минг километргача уча олади. Шу жараёнда улар шартта ортга қайтишлари ёки ён томонга қайрилишлари мумкин. Шундай технология одамзод томонидан яратилганми? Йўқ! Ушбу жумбоқ сирини ҳали биронта олим топа олмаган. Вертолёт ва самолётлар эса бундай хусусиятга эга эмас. Дельтапланда учиб тажриба ўтказишдан мақсадим эса, қушлар қандай қилиб бу тарзда ҳаракатлана олиши тўғрисида аниқ тасаввурга эга бўлишдир.

– Айтганча, Леонардо да Винчи ҳам шунга ўхшаш тажриба ўтказган-ку…

– Албатта, Леонардо да Винчидек бўлиш қийин. Бироқ бу масалада бош қотирганлар жуда кўп.

– Шамол электр станцияси тўғрисидаги ғоянгизни амалга ошириш учун сизга нима керак?

– Жуда катта миқдорда маблағ зарур! Хорижда бирор ихтиро қилинса, ишонишади ва катта пулга сотиб олишади. Бизда, аксинча, негадир олимларимизга ишонишмайди. «Буларнинг қўлидан нима ҳам келарди?» дегандек, лоқайд муносабатда бўлишади. Бизнинг энг оғриқли ва фожиали муаммомиз ана шунда.

«ISHONCH» мухбири
Есимхон ҚАНОАТОВ
суҳбатлашди