Мудира яна ўз жойида

34

Қизилтепа тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли Оилавий поликлиника мудираси Шаҳноза Баракаева ўтган йилнинг майида бирлашма раҳбарининг розилиги билан янги лавозимда иш бошлаган эди. Афсуски, қувончи узоққа чўзилмади. Орадан олти ой ўтар-ўтмас раҳбариятнинг поликлиника мудирасига нисбатан фикр-мулоҳазаси ва муомаласи бутунлай ўзгарди.

Мудира ўз касбини пухта эгаллагани боис «айб» деганлари ҳадеганда топилавермади. Охири уни ишдан олиш учун бош­қача чора қўлланилди. Йўлки…
Кутилмаганда, Қизилтепа тумани тиббиёт бирлашмасининг навбатдан ташқари йиғилиши қўл келди. Унда тасдиқланган ва Шаҳноза Баракаеванинг қадр-қиммати кўр-кўрона топталган баённомага асосан 2021 йилнинг 14 декабрь куни бор-йўғи олти ойгина фаолият кўрсатган мудира билан меҳнат шартномаси бекор қилинди. Уни ишдан бўшатишнинг энг замонавий усули ўз натижасини берди. Кўпчилик бирлашма «арбоб»лари томонида туриб, чапак чалишдан нарига ўтолмади.
Орадан бироз вақт ўтгач, собиқ мудира Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Навоий вилояти кенгашига мурожаат қилди. Кенгашнинг меҳнат ҳуқуқ ­инспектори Алишер Раҳматов ўрганиш асносида Қизилтепа тумани тиббиёт бирлашмаси томонидан Шаҳноза Баракаева билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш жараёнида Меҳнат кодексининг 101-, 102-, 107- ҳамда ходим билан тузилган меҳнат шартномасининг 4-, 7-банди талаблари бузилганини аниқлади. Шунинг­дек, ишдан бўшатилаётган ходим раҳбарият томонидан ёзма равишда огоҳлантирилмагани, бирлашма касаба уюшмасининг розилиги олинмагани ҳам алоҳида қайд этилди. Натижада иш берувчининг меҳнат шартномасини тўхтатиш тўғрисидаги 261-сонли буйруғи бекор қилинди. Шаҳноза Баракаева ишига тикланди.

Нормурод МУСОМОВ,
«Ishonch»