«Ўзимизнинг Маҳмуда опа»

44

Гапнинг дангалини айтганда, касаба уюшмалари тизимида опани танимаган киши йўқ. Ким билан гаплашсангиз, у кишини ўзгача ҳурмат билан тилга олади. Опа кўп билан ишлайди-да. Кўп билан ишлашнинг эса ўзига хос юки бўлади. Аммо опа барчасини эплайди. Эплаганда ҳам тартиб билан, маромига етказиб бажаради ишларини.

Биласиз, санаторийларда турли соҳа вакиллари ҳордиқ чиқаради. Уларнинг дунёқараши ҳам турлича. Дам олувчиларнинг кўнглини олиш, уларни нафақат жисмонан, балки маънан ҳам улғайтириш, руҳлантириш катта вазифадир. Бугун сиҳатгоҳларда бу борада эришилаётган ютуқларни эшитганимизда эса беихтиёр барчанинг ёдига опа келади.
Ҳа, ўзимизнинг Маҳмуда опа. Кенгроқ ва батафсил таништирганимизда – Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси қошидаги Санатор-курортлар бошқармаси Ўқув-услубий марказининг маънавий-маърифий ишлар бўйича бош мутахассиси Маҳмуда Мурзаева.
Маҳмуда опа Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) филология факультетини тамомлагандан буён умумий таълим ҳамда касаба уюшмалари тизимида самарали фаолият олиб бормоқда. Ҳар ишда фаол бўлиб, ўзига юклатилган вазифани сидқидилдан бажармоқда. Жумладан, Таълим ва фан касаба уюшмаларида кўп йиллар соҳа ходимларининг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий манфаатларини ҳимоялашда муносиб ҳисса қўшган. Ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилишни сўраб эшик қоқиб келган ҳар қандай мурожаатчига ёрдам қўлини чўзган, маслаҳатларини аямаган.
Опа маданий-маърифий ва спорт ишлари борасида тегишли вазирликлар билан ҳамкорликда республика миқёсида турли кўрик-танловлар, семинарлар, конференция­лар, спорт мусобақаларининг ўтказилишига бош-қош бўлди. «Уч авлод учрашуви», «Аёл – она, ўқитувчи, касаба уюшма фаоли», «Онам айтган аллалар», «Энг намунали талабалар турар жойи» каби тадбирлар ва кўрик-танловлар шулар жумласидандир.
Опанинг кейинги саккиз йиллик фаолияти бевосита Санатор-курортлар бошқармаси билан боғлиқ. Бу даврда Федерация тасарруфидаги санаторийларда маданий-маърифий ишлар талаб даражасига кўтарилди. Ушбу соҳа бўйича масъул ходимлар ва кутубхоначиларнинг намунавий иш режаларини тузиб, услубий қўлланмалар ишлаб чиқилиши натижасида мазкур йўналишдаги ишлар тизимли йўлга қўйилди ва доимий назорат ўрнатилди.
Ҳудудлардаги маънавият ва маърифат марказлари, таълим муассасалари, маҳалла фуқаролар йиғини, диний идоралар билан ҳамкорликда «Маърифат соатлари»ни ўтказиш, кўрик-танловлар, фестиваллар, шоир ва ёзувчилар, олимлар, эл ардоғидаги инсонлар билан учрашувлар уюштириш йўлга қўйилди.
Бугина эмас. Маҳмуда опа бир неча йилдан бери Алишер Навоий номидаги Ўзбекис­тон Миллий кутубхонаси ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келаётган «Central Asia: фан, таълим, маданият ва бизнесда кутубхона – ахборот ресурслари» мавзуидаги халқаро конференцияларда ўз маърузалари билан қатнашиб келмоқда. Бунинг натижаси ўлароқ, Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва коммуникациялар агентлигининг «Ахборот-кутубхона аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирланди.
Ҳозирги кунда санаторийлар кутубхоналарида яхши анъана юзага келган, бу ҳам бўлса, ўзбек мумтоз ва ҳозирги замон адабиётига ўзининг улкан ҳиссасини қўшган шоир ва ёзувчиларнинг таваллуд кунлари муносабати билан шеърият кечалари, китоблар кўргазмаси, адабий учрашувлар ташкил этилади. Тўрт йилдан бери «Китоб тақдимоти», санаторий ходимлари ўртасида «Энг яхши китобхон ходим» танловлари ўтказилаётгани ҳам айни муддао бўлаётир.
Маҳмуда опа турмуш ўртоғи Комилжон Мурзаев билан бахтли турмуш кечирмоқда. Улар икки ўғил, икки қизни вояга етказиб, олий маълумотли қилишган. Барчаси ҳозирда эл-юрт хизматига камарбаста. Қизи Нодира кардиолог, тиббиёт фанлари номзоди, Малоҳат ўқитувчи, ўғли Алишер тадбиркор, Рустам божхоначи, техника фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD).
Маҳмуда опа Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси қошидаги Хотин-қизлар кенгаши аъзоси, кенгашнинг маданий-маърифий, спорт ишлари гуруҳига раҳбарлик қилади. Ташкилотчилиги, ўзига юклатилган вазифани бажаришда масъулиятни ҳис этиши, самимийлиги ҳамда кўп йиллик ҳаётий тажрибасини ҳаётга оқилона қўллаши билан тизим ходимлари ўртасида ҳурмат-эътибор қозонган.
Таъкидлаш жоизки, опанинг узоқ йиллик меҳнат фаолияти муносиб эътирофини топган. Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси тизимидаги кўп йиллик самарали меҳнати учун 2005 йилда «Халқ таълими аълочиси» кўкрак нишони, 2013 йилда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгашининг «Эҳтиром нишони», 2019 йилда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг «Мўътабар аёл», 2021 йилда II даражали «Меҳнат фахрийси» кўкрак нишонлари билан мукофотланган.
…Маҳмуда опани касаба уюшмалари тизимида танимаган киши йўқ. Муҳими, барча опадек фидойи инсон билан ёнма-ён ишлаётганидан фахрланади. Ким билан опа ҳақида суҳбатлашманг, бир олам таъриф келтиради. Таъриф-ки, бари ижобий. Яъни, меҳнаткаш, фидойи, ғамхўр, ҳақгўй, меҳрибон, оилапарвар, ўзгалар кўнглига йўл топа оладиган…
Тилагимиз шуки, эл дарди билан яшаётган Сиз каби покиза қалбли ходимлар кўпайсин. Маҳмуда опа, Сиз эса ҳеч қачон эл хизматидан чарчаманг!

Салим АБДУРАҲМОНОВ,
«ISHONCH»