Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши Сирдарё вилояти кенгашига вилоят дерматовенерология ва косметология диспансерининг навбатчи ҳамширалари Гулинара Аджихалилова, Мастура Мамадалиева ҳамда навбатчи фарроши София Исроилова ўзлари билан тузилган меҳнат шартномаси уларнинг пенсия ёшига тўлгани муносабати билан бекор қилиниши тўғрисида огоҳлантириш хати берилгани, бу вазиятда қандай йўл тутиш лозимлиги юзасидан кўмак сўраб мурожаат қилишди.
Масала кенгашнинг вилоят бўйича меҳнат ҳуқуқ инспектори томонидан ўрганиб чиқилиб, диспансер бош шифокори номига кўрсатма хати киритилди.
Мазкур кўрсатмада Президентнинг «Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорининг 1-бандида бир қанча кафолатлар билан бир қаторда 2019 йил 1 майдан аёлларнинг пенсия ёшига тўлгани ёки қонун ҳужжатларига мувофиқ ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи вужудга келгани сабабли улар билан тузилган номуайян муддатли меҳнат шартномасини 60 ёшга тўлгунга қадар ёки муддатли меҳнат шартномасининг муддати тугагунга қадар иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш тақиқланиши белгилангани, мурожаатчилар ҳозирги кунда 60 ёшга тўлмагани боис, улар билан тузилган меҳнат шартномаси пенсия ёшига етгани сабабидан бекор қилиниши мумкин эмаслиги билдирилди.
Вилоят дерматовенерология ва косметология диспансери тез фурсатда огоҳлантириш хатлари бекор қилинганини билдирди.
Абдураҳим АЛБЕКОВ,
Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси
Республика кенгашининг Сирдарё вилояти бўйича меҳнат ҳуқуқ инспектори
