Спорт – саломатлик гарови

90

Аҳолини спортга жалб қилиш, бу орқали жамиятда соғлом муҳитни шакллантиришга бугун ҳар қачонгидан-да катта эътибор қаратилмоқда. Мазкур йўналишда олиб борилаётган ислоҳотлар самараси ўлароқ кунда-кунора турли тадбирлар ўтказилмоқда. Хусусан, Маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши бир қанча вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ташкиллаштирилган спартакиада замирида ҳам ходимларнинг саломатлигини асрашдек эзгу мақсад мужассам.

– Бу каби спартакиадаларни ўтказиш касаба уюшмаларида аллақачон анъанага айланиб улгурди, – дейди тармоқ ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Шуҳрат Деҳқонов. – Бундан кўзланган асосий мақсад – ходимлар саломатлигини таъминлаш. Зотан, соғлом танда соғ ақл, дея бежиз айтишмайди. Қолаверса, бундай тадбирлар жамоадаги муҳитни янада яхшилайди. Ходимларнинг бир-бирига бўлган ҳурмат ва эҳтиромини юксалтиради.
Корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият кўрсатаётган ходимларни турли касб касалликларидан спорт, соғлом турмуш тарзи асос­лари орқали муҳофаза қилиш, меҳнаткашларнинг жисмоний тарбия ҳамда спортнинг оммавий турларига қизиқишларини кучайтиришни мақсад қилган ушбу тадбирда соҳа ходимларидан 21 минг 359 нафар киши иштирок этди.
Мусобақаларнинг биринчи босқичи барча ҳудудларда, иккинчи босқич вилоятлараро 5 та ҳудудга бўлиниб ташкил этилди. Финалда вилоятлардан саралаб олинган ҳудудий жамоа­лар куч синашди.
«Спорт – саломатлик гарови» шиори доирасида ташкил этилган спартакиаданинг республика босқичи мусобақалари Чирчиқ шаҳридаги «Бўстон» сиҳатгоҳи ҳамда ва Жисмоний тарбия ва спорт университетида ўтказилди.
Қизғин ва муросасиз кечган беллашувларда иштирокчилар пухта ҳозирлик кўрганликларини тасдиқлади. Ғолиблик волейболда (аёллар ўртасида) Наманган, минифутболда Бухоро, шахмат, шашкада Самарқанд, стол тенниси бўйича эса Наманган вилоятлари вакилларига насиб этди. Совриндорларга тармоқ касаба уюшмаси Республика кенгашининг дип­лом ва қимматбаҳо совғалари тақдим этилди, қолган иштирокчиларга ҳам эсдалик совғалари топширилди.
– Аввало, бундай мусобақада иштирок этишнинг ўзи қувонч­­ли, аммо унда ғолиб бўлиш – спортда юксак марраларга эришиш демакдир, – дей­ди Рес­публика кенгашининг Наманган вилояти бўйича ­масъул ташкилотчиси Икромжон Солиев. – Мунтазам спорт билан шуғулланганимиз ўз мевасини берди. Волейбол бўйича бизга биронта рақиб тенг кела олмади.
Спартакиадада, шунингдек, иштирокчилар «Энг ёши улуғ иштирокчи», «Ғалабага бўлган интилиши учун», «Энг ёш иштирокчи», «Энг маҳоратли хаваскор спортчи» номинациялари бўйича ҳам тақдирландилар.
Якунда Маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ва Ўзбекис­тон спорт фахрийлари уюшмаси ўртасида Ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ,
«ISHONCH»