Мактаб қуришга жой йўқ(ми?)

82

ёхуд бўлиши мумкин эмас, дейишга шошилманг

Учкўприк туманининг Ҳошимдашт қишлоғидаги 342 нафар ўқувчи таҳсил олаётган 53-умумтаълим мактаби кутубхонаси қишлоқнинг эски масжидида жойлашган.
Ишонаверинг, бу – рост. Чунки мактабда кутубхона учун хона йўқ.

1972 йилда дастлаб боғча сифатида фойдаланишга топширилган мазкур бино кейинчалик мактабга айлантирилган. Муассаса ҳудуди 22 сотихдан иборат. Таълим даргоҳида 8 та синф хонаси бор, 15 та синф ўқувчилари икки ­навбатда таҳсил олади.
Бир қарашда муассаса рисоладагидек кўринса-да, синф хоналаридаги манзара киши кўнглини хира қилади.
Парта ва стуллар кам. Масалан, 11-синф хонасини олайлик. Хона жуда тор. Бу синфда жами 19 нафар ўғил-қиз таҳсил олади, аммо синф хонасидаги парта ва стуллар 16 нафар ўқувчига етади, холос. Агар ўқувчилар дарсга тўлиқ келса, ўқувчилар дарсга кам келган синф­лардан стуллар олиб чиқилиб, 1 та партага уч киши ўтиришар экан…
Бу ҳам етмагандек, парталарнинг ҳам, стулларнинг ҳам баланд-пастлиги ҳар хил. 4-синф хонасидаги стуллар шу қадар кичкинаки, худди болалар боғчаси учун мўлжаллангандек гўё…
5-синфдаги парталар эса анча «қадимий». 1-синф ўқувчилари ўқийдиган синф хонасидаги парталар ҳам аллақачон хизматини ўтаб бўлган. Айнан шу синфда тушдан кейин 4-синф ўқувчилари билим олишади. Бироқ парталар 4-синф ўқувчиларига мос келмайди.
Ажабланарлиси, мактабда директор, унинг ўринбосарлари ва ўқитувчилар учун хона йўқ. Ошхона, мажлислар зали, мусиқа, спорт зали ва ўқув-лаборатория хоналари ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Каталакдек хона ҳам қоровулхона, ҳам ўқитувчилар хонаси, ҳам ошхона, ҳам тиббиёт хонаси, ҳам ўқувчиларнинг кийим алмаштириш хонаси ўрнида фойдаланилади.
– Кўриб турибсиз, мактабда ўқувчилар учун ҳам, ўқитувчилар учун ҳам шароит йўқ. Хоналар етишмайди. Шу сабаб туман ва вилоят ҳокимликларига ҳошимдаштлик ўғил-қизлар учун янги мактаб зарурлиги ва мактаб қурилиши учун ер майдони ажратишда кўмак сўраб кўп маротаба мурожаат қилдик, – дейди маҳалла фаолларидан бири Ўлмасхон Отабекова. – Ўтган йили ёзда мактаб қурилишига ер ажратиш бўйи­­ча шахсан вилоят ҳокими билан учрашганмиз. Ҳоким бу масалани ўринбосари Файзулло Қосимовга топширганди. У киши Ҳошимдаштга бориб, мактабни кўришини ва ер майдони ажратилишида кўмак беришини айтганди. Мана, орадан шунча вақт ўтса-да, ундан дарак йўқ.
– Тунов куни вилоят ва тумандан мутасаддилар келиб, янги мактаб қурилиши учун жой йўқлигини баҳона қилиб, мактаб ҳовлисида 2 қаватли 220 ўринли ўқув биноси қурилишини айтишди, – дейди яна бир суҳбатдошимиз Мапиратой Абдураҳимова. – Бу, албатта, яхши янгилик. Лекин, ўйлаб кўринг, ўзи мактаб ҳудудининг жами майдони 22 сотих бўлса, унинг ярмини ўқув биноси эгаллаган бўлса, унга яна қандай қилиб мактаб қуриш мумкин?
– Мактабдан 150 метр нарида мактабнинг 20 сотихли стадиони бор. Унинг ёнида боғ ва фермер хўжалигига қарашли ер бор, – дейди Абдуҳамид Раҳмонов. – Масъул идора вакиллари янги мактабни шу ерга қурамиз дейишганди. Аммо нима бўлди-ю, бу фикрларидан қайтишди. Агар мактаб ҳовлисида янги ўқув биноси қурилса, «нафас» олишга ҳам жой қолмайди-ку! Наҳотки, мактаб қуриш учун бошқа ер йўқ бўлса? Ерни мактаб учун, келажак авлод учун сўраяпмиз, ахир?
Дарҳақиқат, ҳошимдаштлик­ларнинг куйинганича бор. Бу жумбоқни ким ечади? Масалага мутасаддилардан изоҳ кутиб қоламиз.

Жамшид ЭРГАШЕВ,
«ISHONCH»