«Камалак»нинг рангсиз жилоси

78

ёхуд тўғрилигига гумонимиз, нотўғрилигига ишончимиз бор

Ҳадемай умумтаълим мактабларида ёзги таътил бошланади. Мавсумни кўнгилдагидек ўтказиш учун оромгоҳларда тайёргарлик ишлари бош­ланиб кетган. Аммо баъзи бир дам олиш масканларидаги «занг» босиб кетган муаммолар ҳали-бери бартараф этилмайди, чоғи.
Хусусан, Навбаҳор туманидаги вазият беш йилдирки, ўзгармаяпти. Ҳудудда дам олиш маскани йўқ ҳисоби. Ваҳоланки, туманда 7-14 ёшли ўқувчилар сони 14 минг 421 нафарни ташкил этмоқда.
Тўғри, Навбаҳорда «Сармиш», «Шаббода», «Камалак» номли болалар соғломлаштириш оромгоҳлари фаолият кўрсатади. Аммо уларнинг ўз «эгалари» бор. Масалан, «Сармиш» оромгоҳи вилоятдаги гигант корхона – «Навоий кон-металлургия комбинати жамғармаси» давлат муассасасига қарашли бўлиб, унга фақат шу корхонада ишлайдиганларнинг фарзандлари бориши мумкин. «Қизил­қумцемент» акциядорлик жамиятига қарашли «Шаббода» дам олиш масканида ҳам вазият шундай. Бевосита навбаҳорлик ўсмирлар учун 1960 йилда қурилган 80 ўринли «Камалак» эса 2007 йилга қадар «Сармиш» ширкат хўжалиги тасарруфида фаолият юритган. 2007 йилнинг 5 апрелида вилоят ҳокимининг қарори билан «Электрокимёзавод» қўшма корхонаси оталиғига ўтказилган. Завод маъмуриятининг ташаббуси билан шу йилнинг ўзида қайта реконструкция қилиниб, оромгоҳ сиғими 100 нафаргача оширилди. 2016 йилга келиб, «Камалак» оромгоҳи завод маблағи ҳисобидан қайта қурилган, анча замонавийлаштирилган. Аммо фаолиятидаги молиявий узилиш­лар сабаб «Электрокимёзавод» корхонаси маъмурияти канадалик ҳамкорлари билан келишувга эришгач, қўшма корхона акциядорлик жамияти мақомини олган. Шу билан «Камалак» оромгоҳига қўшилиб, 14 минг нафар ўсмир ҳам ёзги таътил пайти кўчада қолди.
«Электрокимёзавод» қўшма корхона АЖ маъмурияти олинаётган даромадининг ­кескин камайиб кетиши натижасида 2017 йилнинг 24 мартига келиб, «Камалак» болалар соғломлаштириш оромгоҳини вилоятдаги бошқа бирорта йирик сармояли ташкилот тасарруфига ўтказиш мақсадида Навбаҳор тумани ҳокимлигига расман мурожаат қилади. Корхонанинг ўша пайтдаги собиқ бош­қарув раиси Сайфулла Бобосодиқов томонидан ҳокимиятга йўлланган хатда, жумладан, шундай дейилади:
«Сизга маълумки, Навбаҳор тумани «Ўзбекистон» МФЙ Қалқон ота қишлоғи ҳудудида «Электрокимёзавод» ҚК. АЖ балансида бўлган «Камалак» болалар соғломлаштириш оромгоҳи жойлашган. Ҳозирги кунда корхонамизнинг молиявий аҳволи оғирлиги сабаб «Камалак» БСОнинг харажатларини қоплаш имконияти мавжуд эмас.
2016 йил болалар дам олиш мавсумидан олдин «Камалак» БСО ҳудудида 100 киши овқатланиши учун мўлжалланган умумий суммаси 300 миллион сўм бўлган янги ошхона биноси қурилиб, фойдаланишга топширилган. Сиздан юқоридагиларни инобатга олиб, «Камалак» оромгоҳини бош­­қа корхона балансига ўтказишда ҳамда янги қурилган ошхона биносининг 300 миллион сўмини оромгоҳни балансига олган корхона томонидан тўлаб берилишида амалий ёрдам беришингизни сўрайман» (Хат бироз қисқартирилган ҳолда берилди – муаллиф).
2017 йилнинг март ойида бундай хатлар Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси раҳбариятига, «Пахтасаноат» корхонаси, «Навоий иссиқлик электр станция­­си» бошқармаси, «Навоийазот» акциядорлик жамияти раҳбарларига ҳам жўнатилган. Шунга қарамай, оромгоҳни бирорта йирик корхона ўз тасарруфига олишни истамади, шекилли, шу йилдан бошлаб, «Камалак» оромгоҳи фаолияти мажбуран тўхтатилди. Ҳеч ким бунинг асл сабаб ва моҳияти устида бош қотирмади. Таътил давомида кўчада қолган ўсмирлар эса мол боқиб кун ўтказди.
Ниҳоят, 2018 йилнинг июль ойида Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 29 июндаги «Базавий тармоқлар корхоналари активларидан самарали фойдаланишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қароридан келиб чиққан ҳолда, «Камалак» оромгоҳи вилоят ҳокимининг таклифига кўра сотувга қўйилди. 2018 йилнинг ­­­8 сентябрида «Электрокимёзавод» ва Навбаҳор туманидаги «Жамбил янги ҳаёт боғлари» фермер хўжалиги ўртасида «Камалак» оромгоҳи билан боғлиқ олди-сотди шартномаси тузилди. Орадан бир ой ўтиб, олди-сотди шартномасида номи қайд этилган фермер хўжалиги оромгоҳни 482 миллион сўмга сотиб олган.
Катталиги жиҳатидан 2,94 гектар майдонда барпо қилинган ва маълум бир сабабларга кўра эгасиз қолган «Камалак» болалар соғломлаштириш оромгоҳи ҳақида мақола ёзиш мақсадида керакли маълумотларни олиш учун «Электроким­ёзавод»нинг ҳозирги раҳбари Фарҳод Ибодовга мурожаат қилдик. Афсуски, у аввалига ҳеч қандай маълумот бермаслигини, тадбиркорлар ишига ҳеч кимнинг аралашишга ҳаққи йўқлигини рўкач қилиб, сўровимизни рад этди. Масалага Навоий вилояти прокуратураси аралашгач, расмий хат билан чиқишимизни сўради.
Олди-сотди шартномаси ҳамда оромгоҳ сотувига тегишли бошқа ҳужжатларни қўлга киритгач, дам олиш мас­канидаги шарт-шароит билан яқиндан танишиш мақсадида йўлга тушдик.
Буни қарангки, оромгоҳ марказий йўл ёқасида – ҳамма учун қулай ва баҳаво ҳудудда жойлашган экан. Ичкарида хилма-хил ва серсоя дарахтлар савлат тўкиб турибди. Сув мўл-кўл. Иккита чўмилиш ҳавзаси, ётоқхона, ошхона, турли кўнгилочар тадбирлар ўтказиш учун саҳна, пешайвонлар, шийпон, спорт майдончаси, шифокорларга, хўжалик ишлари ходимларига берилган бинолар, ўқув зали, қўйингки, ҳамма-ҳаммаси кишининг ҳавасини келтиради. Озгина эътибор билан саранжом-саришта қилинса, кифоя.
Бироқ шундай шинам оромгоҳни кўримсиз ошхонага айлантириб қўйилгани бироз ғалатироқ туюлди бизга. Нима ҳам дердик? Тадбиркор шахсий ­маблағига сотиб олгандан кейин ўзи хоҳлаган мақсадда фойдаланади-да. Оромгоҳнинг янги эгасининг таъкидлашича, ундан олаётган фойдаси сарфланган харажатни оқламаяпти. Шу боис уни келажакда хусусий мактабгача таълим масканига айлантириш ниятида.
Бизга берилган олди-сотди шартномаси ҳамда бошқа ҳужжатлардан кўриниб турибдики, «Камалак» оромгоҳи Нав­баҳор туманлараро иқтисодий судининг ажрими билан 2020 йил 16 март куни тасдиқланган шартномага асосан «Жамбил янги ҳаёт боғлари» фермер хўжалиги раиси Ш.Каримов томонидан ўртадаги 443 миллион сўмлик қарз ўрнига «Конимех чордора» МЧЖга бериб юборилган. Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 29 июндаги «Базавий тармоқлар корхоналари активларидан самарали фойдаланишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ҳамда Навоий вилояти ҳокимининг тегишли қарорида сотувга қўйилаётган активлардан самарали фойдаланиш лозимлиги алоҳида қайд этилган.
Хўш, «Камалак»ни сотиб олган фермер хўжалиги уни қарзидан қутулиш учун ­бошқа бир корхонага бериб юбориши адолатданми? Сўлимгина оромгоҳ ошхона сифатида бошқа бир кишига ижарага бериб ­қўйилгани ва бундан «Конимех чордора» МЧЖ бир ойда бор-йўғи 2 миллион 500 минг сўм даромад қилаётганини ҳам қўшсак, вилоят ҳокимининг қарори мутлақо самарасиз бўлиб чиқади-ку!
Хуллас, «Камалак» оромгоҳининг олди-сотди ҳужжатлари бизда бироз шубҳа уйғотди. Аниқроғи, «Камалак» оромгоҳи олди-сотди ҳужжатларининг тўғрилигига гумонимиз, нотўғрилигига ишончимиз бор.
Биринчидан, «Электрокимёзавод» маъмуриятидан қилган жами харажатлари ҳамда оромгоҳни бошқа бир ташкилот зиммасига ўтказиш жараёнида йилига қанча даромад олаётгани ёки зарар кўраётгани тўғрисида маълумотларни ололмадик. Иккинчидан, «Жамбил янги ҳаёт боғлари» фермер хўжалиги оромгоҳни сотиб олгандан сўнг, орадан кўп ўтмай қарзини қоплаш учун бошқа бир корхонага бериб юборганини сира тушуниб бўлмайди. Учинчидан, 2017-2018 йилларда ­Навбаҳор тумани, «Ўзбекистон» МФЙ, Қалқон ота қишлоғини кесиб ўтган катта йўлнинг атрофидаги 8-10 сотихли хонадонлар юз миллион сўмдан қиммат нархланаётган бир пайтда, салкам уч гектар ҳудудда жойлашган, бинолари яқингинада таъмирланган ва ҳаттоки, ичидаги жиҳозлари ҳам олинмаган оромгоҳ жудаям арзон баҳоланмаганмикан? Хўш, буни қайси мутасадди изоҳлаб беради?
Хулоса ўрнида шуни алоҳида таъкидлашимиз жоизки, Навбаҳор тумани халқ таълими бўлимидан олинган маълумотларга кўра, бу йил ёз мавсумида 7 – 14 ёшдаги 14 минг 421 нафар ўсмирдан бор-йўғи 20 нафари оромгоҳларда дам олиш имкониятига эга. Алқисса, ана шу 20 нафар ўқувчи ҳам мавсумда учга бўлинади. Бир қисми Кармана туманидаги «Ишонч» оромгоҳига, қолган икки қисми эса Қизилтепа туманидаги «Дўстлик» ва «Шодлик» оромгоҳларига жалб қилинади. Наҳотки, иқтисодий салоҳияти юксалаётган Навбаҳордек катта бир туманда мактаб ўқувчилари учун биттагина бўлса-да, оромгоҳ қуришнинг иложи бўлмаса?

Нормурод МУСОМОВ,
«Ishonch»