Тез-тез шеър ўқиб туринг…

44

Мен шоира эмасман, лоақал ҳаваскор сифатида шеър ёзмайман ҳам. Аммо кўпчилик сингари яхши шеърларни хуш кўраман…

Талабалик давримизда халқ оғзаки ижодидан сабоқ берадиган ўқитувчимиз касал бўлиб қолди. Унинг ўрнига таниқли педагог ва филолог Омонулла Мадаев машғулот ўта бошлади. Қизиғи, бу домла дарс давомида бирор марта «Жим ўтиринглар» ёки «Гаплашманг­лар!» деган танбеҳли сўзларни ишлатмади. Чунки барчамиз худди сеҳрлангандек сукутга чўмиб, уни тинглардик. Устоз талабаларга мавзуга доир савол берар ёки жўшиб-тошиб шеър ўқиб кетарди. Бир сафар «Алпомиш»дан парчани, бошқа пайт Абдулла Ориповнинг ёки Эркин Воҳидовнинг шеърларини ёддан айтарди. Уларни шундай меҳр билан ўқирдики, ҳар бир сатри юрагимизни забт этиб, вужудимизни жимирлатарди.
Навбатдаги машғулотларнинг бирида устоз «Мен Эркин Воҳидовнинг «Руҳлар исёни» достонини ўқимаган ўзбекни тан олмайман», деб қолди. Шу гап баҳона уйга бориб, ўша асарни, гарчи аввал ҳам иштиёқ билан ўқиган бўлсам-да, яна қўлга олдим. Мутолаа асносида достондан янгича мазмунни кашф этавердим. Ҳатто айрим бандларини ёдлаб ҳам олдим.
Шу-шу ҳозирга қадар нимадандир хафа бўлсам ёки қувонсам, «Руҳлар исёни»ни ўқийман. Негаки, унда бахт ҳам, қайғу ҳам, орзу ҳам, армон ҳам мужассам. Уларга рўбарў бўлиб, кўнглингиз юмшайди ва ўзингиз учун тегиш­ли сабоқ чиқариб оласиз.
Бошқа бир сафар Омонулла Мадаев «Нидо» дос­тонидан парча ўқиди. Парча ниҳоя­сига етгандан сўнг устоз «Орқада ўтирган Ирода ­ қизимизга иккита «5» қўяман», деди. Ҳаммамиз Иродага қарадик. Унинг кўзлари тўла ёш эди. Устоз эса ўзи қўйган баҳога изоҳ берди: «Ирода ушбу парчадан ҳаммангиздан кўпроқ таъсирланди, кўпроқ маънавий озуқа олди. Унинг қўлидан ёмон иш келмайди»…
Ҳа, бу устознинг ўзига хос услуби эди. Шу каби жиҳатлари билан у бетакрор дарс ўтарди. Ўша кезлар Омонулла Мадаев педагогик фаолияти жараёнида шеърга тез-тез мурожаат қилишини унинг филологлиги билан боғлиқ деб тушунгандим. ­Кейинчалик у кишидан бир мақола юзасидан интервью олишга борганимда, бунинг асл сабабини билиб олдим.
– Нега жиноят кўчасига кириб қолаётган ёшлар кўпаймоқда? Нега одамларда шафқатсизлик кучайгандек? – деди устоз. Кейин бу саволларига ўзи жавоб берди. – Биз, адабиёт ўқитувчилари ёшлар қалбини тарбиялашда оқсаяп­миз. Уларни адабиётга, шеъриятга ошно қилолмаяпмиз. Ҳолбуки, қандай касб эгаси бўлишидан қатъи назар, инсон шеър ўқиши ва тинглаши керак. Сабаби, унда ҳарорат юқори. Шу боис одамга тез таъсир қилиб, мудроқ ҳис-туйғуларни уйғотади, ақлни чархлайди. Тил ва адабиёт фани ўқитувчилари ёки ота-оналар болаларимизни шеъриятга ошно қилолмасалар, уларнинг юраклари қаттиқлашиб ­бораверади. Ёмонликдан нафратланмайдиган, ёлғондан қўрқмайдиган бўлиб қолишади. Фит­рати соғлом инсон яхшилик ва эзгуликдан севиниши, унга астойдил интилиши, ёву­з­ликка қарши курашувчан бўлиши лозим. Шеърият эса инсондаги ана шу ҳислар ўткирлашишига ва софлигича қолишига катта таъсир қилади. Ҳис-туйғулари ўтмаслашиб қолган инсон лоқайд бўлиб бораверади ва ёвуз ишлар унинг учун оддий ҳолдек туюлади. Қалб кўзи ёпилади. Бу бизнинг фожиамиздир. Шу боис мен дарсларимда кўпроқ шеър ўқийман, ёшлар қалбини юмшатишга, уларни шеъриятга ошно қилишга интиламан.
… Бугун устоз орамизда йўқ. Аммо унинг ёниқ сўзлари, бизга берган сабоғи, хотираси ҳамон ёдимизда. Бас, шундай экан, сиз ҳам вақти-вақти билан шеър ўқиб, кўнглингизни юмшатинг ва бошқаларни ҳам шунга унданг.
Зеро, сўзга ихлос қилиб, у орқали инсониятни эзгуликка бош­лаганлар даъвати тўхтаб қолмасин. Унинг ҳарорати ҳар бир юракка кириб борсин!

Зебо НАМОЗОВА,
«ISHONCH»