Аъзамжон бугун раҳматли онасининг «қирқ»ини ўтказди. Меҳмонлар тарқагач, сингилларидан бири дастурхонларни йиғиштирди, иккинчиси идиш-товоқларни ювишга, учинчиси ҳовлини супуришга киришди. Аъзамжон эса дўпписини ечиб, сўри устидаги кўрпачага ёнбошлади. Шу тобда кўнглига қил ҳам сиғмасди. Ҳовлидаги ҳар бир нарса унга онаси раҳматлини эслатарди. Мусичадек беозор волидаси қачонлардир қавиган, эндиликда эзғиланиб кетган кўрпачалар ҳам гўё аза тутаётгандай эди. Тинмай безовталанаётган мушук эса кекса эгасини тополмай, унинг ўғил-қизларига суйкаланади. Олдига ушатиб қўйилган емишларни бирров ҳидлаган бўлади-да, думини тик қилиб, яна уй эгаларига яқинлашади.
Аъзамжон яхши эслайди, бир гал акаси Маҳмуджон волидасини ўзи яшайдиган шаҳардаги «дом»га олиб кетди. Аммо барибир бўлмади, «Болам, қўни-қўшниларимни соғиниб кетдим», деявериб ҳол-жонига қўймагач, уни ўз ҳовлисига олиб келди.
Онахон дастлаб анчадан бери кўрмай соғинган ҳовлисининг деворларини қўллари билан сийпалаб чиқди. Орадан икки-уч соат ўтса-да, қўшнилари чиқавермагач, безовталана бошлади. Худди ўша лаҳзаларда қайдандир мушуги пайдо бўлиб, оёқларига суйкалана бошлади. Онахон бундан таъсирланиб, ҳаяжонга берилди.
– Болам, қара, баъзи одамлар ўртасида меҳр-оқибат йўқолаётган бир пайтда бу жонивор менга суянч ва юпанч бўляпти, – деди қўшнилари чиқмаганига шама қилиб…
…Бугун эса онахон сафда йўқ. Унинг беш нафар фарзанди чуғурлашиб катта бўлган кенг ҳовли мунғайиб қолган.
Чойнак-пиёлаларни юваётган кичик синглиси Оқилахон онасининг кўйлагини кийиб олибди. Ё тавба, она-бола бир-бирига шу қадар ўхшаш бўладими?!.Юриш-туришлари, феъл-атвори қуйиб қўйгандай онасининг ўзгинаси-я. Тез-тез соғлиғидан шикоят қилиб турса-да, ҳозир ўзини ҳеч нарса бўлмагандай тутаяпти.
Аъзамжон шуларни ўйлаб, онаси ўлганига ишонгиси келмасди. Гўёки у ҳозир «Болам, чойингни ичдингми?» деб, ўз хонасидан чиқиб келадигандек туюларди.
– Манави кўйлак кўзимга ўтдай кўринади, – деди бир маҳал Оқилахон ичкаридан оҳори тўкилмаган кўйлакни кўтариб чиқиб. – Ундан ҳали онамнинг ҳиди кетиб улгурмабди.
– Агар сенга ёққан бўлса, майли, олавер, – Аъзамжон унинг гапини маъқуллагандай бош силкиб қўйди.
Пиёниста эрининг хурмача қилиқларини кўравергани туфайли ёш бўлишига қарамай, Оқилахоннинг сочларига оқ оралаган, туриши ҳам бир аҳволда, қиёфаси сўлғин эди. Ҳолбуки, турмушга чиқмасидан олдин у ўктам қиз эди…
– Манави пиёлаларга онамнинг лаблари теккан. Уларни ўзим авайлабгина ишлатаман, – деди ўртанча сингил Омадхон.
Унга ҳам бир нима деб бўладими? Майли, олса, ола қолсин. Ахир бутун бошли одам ўлиб кетди-ку?
Қизларнинг каттаси Озодахон эса уч-тўртта тўшакни маҳкам тугиб:
– Онажонимдан қолган ёдгорлик, яхши кунларга сақлаб қўяман, – деди-да, оғир хўрсиниб, уларнинг устига ўтириб олди. Анчадан сўнг бошини кўтариб, Аъзамжонга юзланди. – Ака, сизга ҳеч нарса қолмади-ку?..
– Нега қолмас экан? Қолди! – деди Аъзамжон қатъий ишонч билан. – Ана, Оқилахон онамнинг танасидан узилиб тушган энг бебаҳо ёдгорлик. Уни эртагаёқ шифохонага олиб бориб даволатаман.
Бу гапни эшитгач, Озодахон ҳам, Омадхон ҳам нима деярини билмай ерга боқди. Сал наридаги Оқилахоннинг эса акаси ва опалари ўртасида бўлаётган гап-сўзлардан хабари йўқ эди. У худди онаси каби тез-тез «Худога шукур!» деганча, рўзғор юмушлари билан куймаланарди…
Анваржон ҲАЛИМОВ,
«ISHONCH»
