«Қуёш болалари»га кўмак керак

182

Мен бир аёлни ҳар куни эрталаб юзлари қуёшчадек кулиб турадиган қизалоғини махсус мактаб-интернатга етаклаб кетаётганида кўрар эдим.

Бир куни тасодифан у билан суҳбатлашиб қолдим. Билдимки, унинг тўрт нафар фарзанди бор, уларнинг уч нафари Даун синдроми билан туғилган. Фақат тўртинчи фарзандигина соғлом дунёга келган.
– Болаларим шунақа бўлса-да, қобилиятли, – дея кўзлари ёшланди опанинг. – Бири рассом. Бирининг математикадан билими яхши. Ҳозир икки нафари махсус мактабни битирган, уйда ўтирибди. Балки, шундай синдромли болаларнинг ҳам коллежлари ёки институтлари бўлса, фарзандларим ҳам таълим олиб, жамиятда ўрнини топармиди?..
Аёлнинг сўзлари мени ҳам ўйлантириб қўйди.

Даун синдроми

Мазкур касаллик 1866 йилда британиялик шифокор Жон Даун томонидан кашф этилган. 1959 йили эса француз олими Жером Лежен синдромнинг ирсий келиб чиқишини аниқлаган.
Аслида соғлом одам туғилганида унинг организмидаги хромосомалар сони 46 та бўлиши лозим. Даун синдромида эса умумий хромосомалар сони 47 та бўлади.
Ушбу хасталик эркакларда ҳам, аёлларда ҳам учрайди. Аксарият ҳолатларда нуқсонли болалар ёши 40 дан ошган оналардан туғилади. Аммо, бу тахмин. Негаки ота-­оналар орасида 16, 17, 18 ёшида турмуш қурган ва биринчи фарзанди шундай синдром билан туғилганлар ҳам йўқ эмас.
Мазкур синдромли барча болаларда турли даражадаги ақлий етишмовчилик бўлади. Уларнинг бир қисми ўқиш, ёзиш ва унча мураккаб бўлмаган топшириқларни бажара олади. Қолганлари эса …
Улар бутун ҳаёти давомида ёш бола бўлиб қолишади – ҳамиша жилмайган, кўнгилчан, ёқимтой бўлиб, битта одамга боғланиб қолишади. Даун касаллиги билан оғриган беморлар ўзига хос юз тузилишига эга. Бекорга уларни «қуёш болалари» деб аташмайди.
Синдромнинг юзага келиши ирсий ёки носоғлом турмуш тарзи билан ифодаланиши айтилади. Ушбу синдром билан туғилган болалар ҳеч қачон ичувчи ёки гиёҳванд бўлиб кетмайди. Улар ҳамиша кимгадир ёрдам беришни истайди. Ғайрат-шижоатли, ижтимоий ҳаётга тез мослашувчан ва киришувчан бўлади.
Улар алоҳида ёпиқ махсус мактабларда, жамиятдан бирмунча йироқ ­шароитда тарбияланадилар. Натижада алоҳида эҳтиёжи бор болалар ҳеч қандай ижтимоий кўникмаларсиз жамиятга кириб боришга мажбур бўлишади. Ўз-ўзидан савол туғилади: жамиятдан айро ҳолда улғайиб, етарли кўникмаларни орттириш мумкинми? Бундай синдромли болалар у ёки бу вазиятдан қандай чиқади?

Болаликдан чиқариб бўладими?

Илмий тадқиқотларга кўра, бундай болалар енгил ва ўрта даражада паст диапазонда IQ(интеллект ўлчови)га эга ва бошқа болаларга қараганда секинроқ гапиришади. Аммо бу улар ўқий олмайдилар дегани эмас. Таълим олишга синдромнинг таъсири одатда енгил ва ўрта даражада бўлади.
Тараққий этган давлатларда бундай синдромга эга шахслар жамиятда бошқалар қатори таълим оладилар, ишлайдилар, ўзларига тааллуқли қарорларни қабул қилишда иштирок этадилар.
Бизда эса Даун синдроми бор болалар махсус мактаб-интернатларни битириб, уйда ўтириб қолишмоқда. Чунки бундай ўсмирлар учун касб-ҳунар техникумлари ёки курслар, олий таълим тизимида эса махсус факультетлар йўқ. Шу сабаб ота-оналар ўзларининг пулларига хусусий таълим марказларига мурожаат қилишади. Хусусий таълим марказларида ўқитишга эса қурби етганлар бор, етмаганлар бор…

Дунёда қандай?

2019 йилда Америкада Даун синдроми болаларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш, уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида «Глобал Даун синдром фонди» (ННТ)га асос солинган. Россиядаги «Даунсайд ап» хайрия фонди 1997 йилдан буён Даун синдромли инсонлар ва уларнинг оиласига психологик ва ижтимоий ёрдам кўрсатиб келади. Буюк Британияда эса 1970 йилдан буён «Даун синдроми ассоциацияси, Ҳиндистонда 1984 йилдан бери «Down syndrom federation of India» (DSF) фаолият юритади. Канададаги «Даун синдроми жамияти»га 1987 йилда, Япония­даги «Nobato-kai» номли жамиятга 1964 йилда асос солинган.
Ўзбекистонда эса… фонд ёки нодавлат ташкилот тугул аҳолининг қанча қисми ушбу синдром билан яшаётгани ҳам маълум эмас.

Сиз нима дейсиз?

Анча йиллардан бери кўп сонли Даун синдроми бўлган болаларнинг ота-оналарининг ўз-ўзига ёрдам клублари нодавлат нотижорат ташкилотини давлат рўйхатидан ўтказишга ҳаракат қилиб келишади. Ҳозирча фақат Самарқанд вилоятида «Иймон» ННТ бор. Аммо республика миқёсида расмий фаолият юритувчи бирор бир ташкилот йўқ.
Шу ўринда бир мулоҳаза юзага келади: уларга аниқ ва манзилли кўмак бериш учун дастлаб мазкур синдромга чалинган болаларнинг сонини аниқлаш керак.
Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги ва бошқа мутасадди ташкилотлар бу муаммони ечиш учун ҳамжиҳат бўлишлари, теварагимиздаги бундай инсонларни қўллаб-қувватлашлари зарур.
Даун синдроми бўлган болаларга сифатли ва инклюзив таълим берилса ва керакли ижтимоий кўникмалар, имкониятлар яратилса, улар ҳам барча қатори ишлаб, мустақил бўлишлари мумкиндир, балки…
Сиз нима дейсиз?

Шаҳло АБДУРАҲМОНОВА,
«ISHONCH»