Қоғозбозлик қачон барҳам топади?

153

Яқинда бир йиғилишда қатнашдим. Ҳоким ёрдамчиси ва бир масъул ходим сўровномани қандай тўлдириш зарурлиги ҳақида бири қўйиб, бири олиб, салкам бир ярим соат ваъз ўқиди. Тўғри, бундай тушунтиришлар ҳам керак. Лекин одамларнинг вақтини олмаслик, асосий эътибор уларнинг муаммоларини ҳал этишга қаратилиши фойдалироқ эмасми?

Мен ўша ҳоким ёрдамчисининг кунлик иш режаси билан қизиқдим. Айтишича, у ҳар куни 30 та хонадонга кириб, сўровнома тўлдириши шарт экан. Агар ўзи улгурмаса, мактаб директоридан илтимос қилар ва ўқитувчилар ёрдамига тая­нар экан. Таажжуб, унинг асосий вазифаси аҳолини ташвишга солаётган масалаларни ўрганишми ёки сўровнома тўлдириш?
Баъзи маҳалла фуқаролар йиғини идораларида бўлганимда уларнинг ходимлари ҳам даста-даста қоғозларни тўлдиришаётгани, тинмай телефонда гаплашишаётгани, келиб-кетувчилар билан эса истар-истамас салом-­алик қилишаётгани гувоҳига айланаман. Аслида эса улар эшик қоқиб келган кишилар дардини тинглаб, ваколатлари доирасида ёрдам бериш­лари ёки жўяли йўл-йўриқ кўрсатишлари керак.
Менинг назаримда, бугунги кунда ижро тизимида эртаю кеч суратга тушиб, альбом тайёрлаш ва қоғоз тўлдириш оддий ҳолга айланиб қолаётгандай. Айрим устамон ходимлар хонасидан чиқмай туриб, ҳисобот тайёрлашнинг ҳадисини олишган. Оқибатда ёлғон маълумот болалагандан болалаётир. Энг ёмони, бундай сохтагарчилик ва қуруқ қоғозбозликдан одамларнинг дили ранжийди ва давлат идорасига бўлган ишончи сўнади.
Биз ҳамон қоғозбозлик иллатидан халос бўлолмаётганга ўхшаймиз. Ундан қутулиш учун эса ўқиш, ўрганиш, изланиш ва одамлар онгу шуурини ўзгартириш лозим. Муҳими, лавозимидан қатъи назар, ҳар бир раҳбар ёки ­масъул ходим халқнинг дарду ташвиш­лари билан яшаши ва уларга малҳам бўла олиши жоиз.
Зеро, Президентимиз «Одамларни рози қилиш ва инсон қадрини тушунмаган раҳбарларга орамизда ўрин бўлмайди», дея бежиз қайта-қайта такрорламаяпти. Қачонки, мутасаддилар том маънода халқ орасига кириб борсалар ва бамаслаҳат иш юритсалар, аҳолининг кундалик ҳаётида ижобий ўзгаришлар содир бўлади. Натижада, кенг кўламли ислоҳотлар фақат сўзда эмас, амалда ҳам ижобий самараларини беради.

Анваржон ҲАЛИМОВ,
«ISHONCH»