Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Сирдарё вилояти кенгаши, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва Врачлар ассоссацияси вилоят бўлими ҳамкорлигида ҳар йилги анъанага кўра марҳум шифокор Облоқул Эркаев хотирасига турнир ташкил этилди.
– Одатда беморларимизга хасталанмасликлари учун доимо ҳаракатда бўлиш ва спортнинг бирор тури билан мунтазам шуғулланишларини тавсия қиламиз. Бу тавсияга, албатта, ўзимиз ҳам амал қиламиз, – дейди Янгиер шаҳар тиббиёт бирлашмаси шифокори Ғойибназар Райимназаров.
Турнирда 12 та жамоа ўзаро куч синашди. Голларга бой бўлган финал учрашуви ғолиблар кетма-кетлигини аниқлади: вилоят онкология маркази 3-, Боёвут туман тиббиёт бирлашмаси 2-, Ширин шаҳар тиббиёт бирлашмаси шифокорлари 1-ўринни қўлга киритишди.
Ғолибларга кубок, диплом ва эсдалик совғалари топширилди. Шунингдек, қатор номинация эгалари рағбатлантирилди.
Озода МАМАДАЛИЕВА,
«ISHONCH»



