Сўзимиз аввалида бир далилни келтирмоқчимиз: фарзандларимизнинг аксарияти 18 ёшга тўлгунга қадар аёллардан таълим-тарбия олишмоқда. Яъни, гўдак 3 ёшга тўлиши биланоқ боғчага берилади. Бу ерда у фақат тарбиячи опалар назоратида бўлади. Мактабларда ҳам педагогик жамоанинг 70-80 фоизини хотин-қизлар ташкил этади.
Хўш, бунинг натижаси қандай бўлмоқда?
– Эртаю кеч она билан бирга бўлган йигитларимиз феъл-атворида юмшоқлик кузатилмоқда, – дейди Пахтаобод туманидаги 37-давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби амалиётчи психологи Холидахон Қорабоева. – Афсуски, ота тарбиясидан йироқлик, хотин-қизлар қуршовида улғайиш улардаги ҳимоячилик хусусиятини йўқотмоқда.
Одатда болага онадан меҳр, отадан қатъият ва ирода каби фазилатлар ўтади. Чунки ўғил бола мурғаклигиданоқ отасини энг обрўли инсон, ўзига яқин дўст, деб билади ва унинг ҳар бир хатти-ҳаракатига тақлид қилиб ўсади. Бу яқинликни умрбод сақлаб қолиш, айниқса, ўсмирлик ва йигитлик даврида фарзандига доимий сирдош бўлиш оталарнинг масъулиятли ва ўта муҳим вазифасидир.
– Фарзандларини тарбиялаш оталарнинг муҳим бурчи, – дейди «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази бош мутахассиси, психолог Замира Билолова. – Ўсмир ёшидаги бола отаси билан мулоқотда бўлишни, турли мавзуларда гаплашишни хоҳлайди ва шунга эҳтиёж сезади. Бу даврда ота ҳам дўстона муносабатга киришса, фарзанди уни энг яқин инсон сифатида қабул қилади. Орзу-истакларини очиқ баён этади, ўзини қийнаётган муаммоларни ҳам тортинмай айтади.
Ота ўғлини тинглаш, ёшини ҳисобга олиб суҳбатлашиш ва ҳис-туйғуларини тушуна олиш қобилиятига эга бўлиши керак. Қуш уясида кўрганини қилганидек, ўғил бола отасининг онасига бўлган муомаласига қараб, бўлажак турмуш ўртоғига қандай муносабатда бўлишни ўрганиб боради. Яъни, у ҳам ота-онасининг ўзаро муносабатларига мос тарзда ўзини келажакда оила бошлиғи, эр бўлишга руҳан тайёрлаб боради. Ва худди шундай оила қуришга ҳаракат қилади.
Тажрибали муаллим Алишер Абдуллаев узоқ йиллар Андижон шаҳридаги мактабларда рус тили ва адабиётидан сабоқ берган. Шу боис таълим-тарбия муаммоларига ҳам бефарқ эмас.
– Болалар ўзлари билмаган ҳолда атрофидаги одамларга тақлид қилиб улғаядилар, – дейди у. – Ҳали эсини яхши танимасданоқ уларда йигитларга хос фазилатлар куртак отади. Бундай кезларда олдиларида отаси ёки эркак муаллим бўлиши уларнинг феъл-атворида шижоат, қатъият ва ирода шаклланишида муҳим роль ўйнайди. Ўсмирлар тарбиясига таълим масканлари раҳбарлари орасида эркаклар кўпчиликни ташкил этиши ҳам таъсир ўтказади. Аксига олиб, ҳозир мактабларга асосан аёллар бошчилик қилишмоқда. Яна денг, мактаблардаги ота-оналар мажлислари асосан аёллар иштирокида ўтказилади. Уларда гоҳида ўқувчиларнинг пенсионер боболари ёки момолари ҳам қатнашадилар.
Президентимиз шу йил 5 апрель куни халқ таълими соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилишида «Мактаб – оила – маҳалла» учлигидаги ишлар самарадорлигини ошириш бўйича устувор вазифаларга алоҳида эътибор қаратди. Жумладан, туман ва шаҳар ҳокимлари маҳалла раислари томонидан намунали ўқувчининг ота-онасига миннатдорлик хати ва совғалар топшириб бориш тизимини йўлга қўйиши, энг намунали ота-оналар ҳар чоракда рағбатлантирилиб, бу борадаги ишлар оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб борилиши зарурлигини уқтирди.
Шу ўринда рус ёзувчиси Николай Карамзиннинг «Мактаблар кўплигига қарамай, яхши оталарсиз яхши тарбия бўлмайди», деган фикрини тан олишга тўғри келади. Ёки инглиз шоири Жорж Гербертнинг «Бир ота юз ўқитувчидан устун», деган сўзлари мактаб, маҳалла ва бозор ёки савдо марказларига ёзиб қўйилса, фойдадан холи бўлмайди. Аксинча, эркакларга ҳар доим ва ҳар қандай вазиятда ўғил фарзандлари тарбиясига масъул эканликларини эслатиб туради.
Адашмасам, 2007 йили республикамиз миқёсида «Оталар мажлиси» ўтказилганди. Ўша тадбир келгусида анъанага айлантирилса, фарзандлар таълим-тарбиясига боғлиқ муаммоларни оталар билан биргаликда муҳокама қилиш имконияти яратиларди.
Сирасини айтганда, биз Аристотелнинг «Ватан тақдирини ёшлар тарбияси ҳал қилади» деган ҳикматини унутмаслигимиз, болалар тарбиясига зинҳор бефарқ бўлмаслигимиз керак.
Анваржон ҲАЛИМОВ,
«ISHONCH»
