Жадид деган айбнома туфайли ҳаёти таъқибу қувғинлар остида ўтган шўрлик ватандошларимизнинг гуноҳлари нима эди? Ўқиб-ўрганайлик, одам бўлайлик, билимдонликда жаҳонга чиқайлик, ҳақ-ҳуқуқларимизни тиклайлик каби одилона даъватлар, учун отиш, осиш, сургун қилиш, наҳотки, адолатли бўлган бўлса?!.
Айнан шундай жазолардан қочган шўрлик Сирожиддин Сидқий эндигина балоғат ёшига етган чоғида вагонга хуфиёна жойлашиб, катта водийга қочиш орқали жонини сақлаб қолган эди.
Булар ўтган аср бошидаги гаплар. Унга қадар тортилган жабру ситамларни айтиб, адо қилиб бўлмайди…
Сирожиддинбек зиёли оилада туғилиб ўсган. Отаси Мирзоҳид Охунд домла Хондайлиқдаги ҳовлисида мактабдорлик, яъни илм-зиёларни тарқатиш билан машғул эди. Ҳазрат домла номи билан танилган бу инсондан билим олиш илинжида Чимкент ва Сайрам, Фарғонадан талабгорлар келиб, устознинг мўъжазгина ҳужраларида яшашар эди. Бағрикенг устоз ҳеч кимдан ҳақ сўрамасди. Тўрт ўғил ва бир қизнинг ўртанчаси Сирожиддин ўн тўққиз ёшга етгунча шундай саховатпеша хонадонда яшади. Аллоҳ тарафидан берилган серқирра фазилатлар туфайли бу хонадонга сиғмай қолган Сирожиддинбек катта шаҳар – Тошкентга отланиб, қолган умрини илм излаш, адолат ва ҳақиқат ортидан қувиш, Ватанни озод ва фаровон даражага кўтаришдек бетиним курашлар билан ўтказди.
Тошкент бағрида не-не машаққатлар билан яшаган Сирожиддин Сидқийга даврдош дўстлари, устозлари Камий, Иффат, Ризоий, Тавалло, Беҳбудий, Камол Турбатий, Фитрат, Чўлпон каби ватанпарварларнинг жуда катта ижобий таъсири бўлган. Сибир сургунидан қочиб, катта водийда азоб-уқубатлар оғушида яшар экан, бағрикенг зиёлилар шоир ҳаётини сақлаб қолганлар, унга таянч-мадад бўлганлар. Уларнинг ҳаммаларини санаш шарт эмас: биргина Ризоий Андижонийнинг йиллар давомида Сидқийга кўрсатган меҳрибонликларини айтмаслик инсофдан эмас.
Умр бўйи таъқибу қувғинлардан қоча-қоча Тошкентга қайтган Сирожиддин Сидқийнинг сўнгги сафари Парвезтепа атрофи бўлди. Ўттизинчи йиллар бошида Сидқийнинг она қишлоғи Хондайлиқдан Паргизга кўчиб туша бошлаган ватандошлари шоирни жон-диллари билан бағирларига олдилар, ҳашарлар уюштириб, мўъжазгина ҳовли-жой тиклаб бердилар. Қўли гул шоир эса бу ҳовлини жаҳондаги нодир анвойи гулу дарахтлар билан ясантириб, умри охирига қадар ушбу маконда ҳаёт кечирди…
Серқирра адибнинг устоз, дўст ва шогирдлари беҳисоб эди. Улар орасидаги энг меҳрибон, софдил, жонкуяр шогирди сифатида албатта Абдулла Носировни эътироф этамиз. Жонли қомус номи билан машҳур бўлган Абдулла ота болалик чоғиданоқ хаттотлик санъати сир-асрорларини астойдил ўзлаштирган эди ва умри сўнгига қадар Сирожиддин Сидқийни юксак эҳтиром ва астойдил ҳурмат билан қалбида асради. Устоз ҳаёти ва ижодини юзага чиқариш учун бетиним курашди. Бу савобли, машаққатли ва олижаноб ҳаёт йўлида адабиётшунос олим, тарих фанлари доктори Маҳмуд Ҳасанийни ҳам четлаб ўтиш мумкин эмас.
Мен ҳам Сирожиддин Сидқийнинг ҳаёти ва ижоди билан ўтган асрнинг олтмишинчи йиллари охирида шуғуллана бошлаган эдим. Не бахтки, дорулфунуннинг филология факультети талабаси Каримахон иккимизни Аллоҳ умр йўлдошлик бахтига муяссар айлади. Шу-шу ҳамқишлоғимиз Сирожиддин Сидқий Хондайлиқий ҳаёти ва ижоди йўлида биргаликда шуғулланишга киришдик. Сидқийни эшитган, таниган, билган инсонлардан, Шарқшунослик институти, юрт бўйлаб маълумотлар тўплардим, тўхтовсиз қоғозга туширардим ва жуфти ҳалолимга топширардим. У эса куну тун машинкани чиқиллатаверарди. Билмадим, тўғри қилдимми, ё… Ҳамма нарсалар менинг номимдан чоп этилар, шўрлик жуфти ҳалолим чеккада қолиб кетаверарди. Яна менинг жиззакиликларим, зардаю дашномларимни айтмайсизми! Қани энди унда бир оғиз эътироз, норозилик ёки гап қайтариш бўлса. Сидқийга оид китоблар чоп этилганида оламга сиғмас қувончларини-ку таърифлашга тилим ожиз! Жонажоним, меҳрибоним умрининг сўнгги кунларини яшаётганини қайдан ҳам билардим?!. Айниқса, биргина сўрови юрагим тўрига қадалди-қолди: «Ҳамқишлоғингиз Сирожиддин Сидқий уй-музейини яратиш ҳақида нега бош қотирмайсиз? Ота-боболаримиз икки минг йилдан зиёд вақтдан бери яшаган Қўрғонтепа бағрида ноёб шу иншоотни қуриш ташаббускори бўлмасангиз, бу ишга ким қўл уради? Шу орқали Қўрғонтепа нафақат Бўстонлиқ тумани, балки бутун Ўзбекистон, ҳатто олам одамларининг зиёратгоҳига айланиши аниқ. Шу билан бирга кутубхона ҳам битади. Уйимизда ҳеч ким ўқимай увол бўлиб ётган мингдан ортиқ ноёб китобларимизни совға қиламиз. Ҳам Сидқийнинг уй-музейи, ҳам маънавият маркази пайдо бўлади. Тепалик ва унинг чор тарафи янаям кўркамлашиб, ҳақиқий гузар ва сайлгоҳга айланади. Қўрғонтепа билан тенгдош бобочинорлар бағрида туристлар меҳмонхонаси яратилса, уларнинг тарихини ёзиб берсангиз, ажойиб маънавий ва маданий мерос қолади келажакка!».
Ярим асрга яқин муддат ёш авлодга она тили ва адабиётдан билим бериб келган умрдошим шундай ноёб фикрларни айтар экан, юрагим орқага тортиб кетди. Жуфти ҳалолимнинг умри наҳотки тугаб бораётган бўлса?!.
Ҳа, бу ҳаёт ҳақиқати эди. Умр йўлдошимни «тез ёрдам» Зангиотага олиб кетиб, икки кундан сўнг… муздаккина қилиб олиб келиб берди. Жонажонимнинг бебаҳо фикрлари менга мерос бўлиб қолди.
Ўзимни қайга қўяримни билмас эдим: ўлиб ўлолмайман, яшаб яшай олмайман… Шу кезда ҳам Сирожиддин Сидқийнинг минг бир азоблар билан яшаган ҳаёти менга таянч бўлди. Улуғ шоир боғига қандоқ борганимни билмайман. Кўзларимдан шашқатор ёшлар оқиб, Сидқий ўгитларини ўқийман. «Одам уч хил бўлур, – деб ёзарди шоир. – Бутун одам, ярим одам, одам ҳисобинда бўлмаган одам. Бутун одам улдирки, ўз ақлига иш буюриб, касбу корга машғул бўлур, киришур ва тиришур. Ярим одам улдирки, бирон ишнинг уддасидан чиқа олмас. Локин ўзганинг иршоди (кўрсатмаси) бирлан ишга киришур ва тиришур. Одам ҳисобинда бўлмаган одам улдирки, на унисининг ва на бунисининг уддасидан чиқур. Улар дангасалар, текинхўрлар ва ялқовлар жамоаси эрурки, таъма бирлан кечинурлар».
Жуфти ҳалолимнинг менга айтган доно гаплари, аниқроғи, васиятларини амалга ошириш учун Бўстонлиқ тумани ҳокимининг қабулига кирдим. Жўрабек Аҳмедов билан биргаликда қишлоққа чиқдик. Сирожиддин Сидқийнинг уй-музейи ва кутубхона қуриладиган жойларни кўрдик. Айниқса, икки минг йилдан зиёд умр кўраётган бобочинорлар Жўрабек Аҳмедовда чуқур таассурот уйғотди.
– Қўрғонтепа ва бобочинорлар тарихини яхшилаб ёзиб беринг, уларни абадийлаштириш ва туризмга оид масалалар билан алоҳида шуғулланамиз, – деди ҳоким осмонўпар гўзалликларга ҳавас билан тикилар экан. – Ёнгинамизда шунақа ажойиб табиат гўзалликлари туриб, биз қаёқлардан мўъжизалар излаб юрибмиз.
Ҳа, умр вафо қилса, олдинда ҳал этилиши лозим бўлган улуғвор вазифалар турибди. Ватанимизни жаҳондаги илғор мамлакатлар даражасига олиб чиқиш учун бор саломатлиги, куч ва имкониятларини сарфлаётган Президентимизга юртимиздаги ҳар бир киши қўлидан келганча кўмаклашмоғи шарт. Айниқса, биз каби нуронийлар буни қалбдан тушунмоғи, ёшларни нурли йўлларга бошламоғи лозим. Мана, туризм соҳасини янги куч, шиддат ва шижоат билан давом эттиришга юртимиз раҳбари қатъий кўрсатмалар берди. Юқорида айтганимиздек, Бўстонлиқ туманининг Хондайлиқ қишлоғида бунга жуда кенг ва қулай имкониятлар мавжуд.
Юртбошимиз доимо қайта-қайта таъкидлаганларидек, мамлакатимиздаги ҳар бир инсон бахтли ҳаёт кечиришга ҳақли. Шундагина Сирожиддин Сидқийларнинг азалги орзулари амалга ошади ва уларнинг руҳлари ҳам шод бўлади, иншооллоҳ!
Асад АСИЛ,
ёзувчи



