Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Сардор Ҳикматович Кариев эътиборига!
ёки яхши фармацевтикасиз соғлом авлодни асраб қололмаслигимизни қачон англаб етамиз?
Яқинда бир истеъмолчи «Потребитель.уз» телеграм каналига хорижий фармацевтнинг мамлакатимиз дорихоналари ҳақидаги фикрларини жойлаган эди. Мавзу долзарб ва айни дамда муҳим бўлгани боис биз ҳам ушбу фикрларни қисқача келтириб ўтишни лозим топдик:
«Сўнгги пайтларда мамлакатимизга хориждан кўплаб меҳмонлар келяпти. Кимдир дам олиш учун, кимдир иш юзасидан. Ва албатта, уларнинг аксарияти бизнинг «ўзига хослик»ларимизга эътибор қаратади. Булардан бири эса кўчаларимизда дорихоналарнинг беҳад кўплигидир.
Хуллас, яқинда Москвадан Тошкентга таниқли бир фармацевт келди. У ҳам шаҳарнинг ҳар қадамида учрайдиган дорихоналар қаторларига ҳайрат билан боқар экан, 1-шаҳар шифохонаси яқинидаги аптекалар ёнида тўхташни сўради. Кирдик. У ассортиментни кўздан кечирар, сотувчи билан суҳбатлашар, аллақандай дориларни сўрар, уларнинг кўрсатмаларини ўқир ва ҳар гал «эҳ, аттанг!» дегандек, бошини чайқар эди», деб ёзади истеъмолчи.
Унинг ёзишича, дорихоналарни бир-бир айланиб чиққан мутахасссис уларнинг барчасида деярли бир хил дори сотилишини, аммо Европа, AҚШ, Россия ёки Украинада ишлаб чиқариладиган, ҳақиқатан ҳам, самарали дори-дармонлар жуда кам ёки умуман йўқлигини айтган. Аксинча, пештахталар сифати шубҳа уйғотадиган, касалликнинг ўзини эмас, балки аломатларини даволайдиган женериклар ёки турли микстура ҳамда ёрқин ҳапдорилар билан тўла эканига эътибор қаратган.
Мутахассис дорихоналарда ишлайдиган сотувчилар билими ҳам анча саёз эканини айтди. «Баъзилари ҳатто буюрилган дорини бошқасига алмаштиришни, кераксиз ва қиммат дори-дармонларни ва биологик фаол қўшимчаларни тавсия қила бошлайди. Бунга асло йўл қўйиб бўлмайди. Бундан ташқари, маҳаллий дорихоналарда ҳар қандай дорини рецептсиз сотиб олиш мумкин экан. Бу – нотўғри», дейди у.
«Охир-оқибат хорижлик фармацевт бундай дорихона тизими билан мамлакатда беморлар ва камбағаллар сони ортиб бораверади, чунки шаҳарда одамлар ҳордиқ чиқарадиган истироҳат масканлари, дўконлар ва ресторанлардан кўра дорихоналар кўплигини инобатга олсак, халқ ўз даромадининг каттагина қисмини озиқ-овқат, дам олиш ва ўйин-кулгига эмас, балки дори-дармонларга сарфлар экан, деган хулосага келди», дейди меҳмон таассуф билан.
Таҳририятдан: Бу муаммони ватандошларимиз ҳам бир неча йиллардан буён муҳокама қилади. Мутасадди идораларга савол йўллайди. Аммо қани энди жўяли жавоб ололса? Афтидан, соҳадаги бугунги бошбошдоқлик, қонунсизлик кимларгадир қўл келаётган кўринади.
Аммо биз яхши тиббиётсиз, яхши фармацевтикасиз ҳеч бир халқ ўз генофондини соғлом асраб қололмаслигини қачон англаб етамиз? Дунёнинг аксар мамлакатларида дори-дармон савдоси биздагичалик эркин ва оммавий эмаслигини билмайдиган ким қолди? Ахир нотўғри қабул қилинган дори соғлиққа кушанда-ку!
Хулоса шуки, мамлакатимизда дори-дармон савдосининг, дорихоналарга лицензия бериш тартибининг қонуний асосларини қатъий қайта кўриб чиқиш, бу борада кескин қарорларни қабул қилиш фурсати келди! Бунга мутасаддилардан жавоб кутиб қоламиз.
