Қозоғистон Туркиянинг ANKA дронларини ишлаб чиқариш бўйича келишувга эришди

128

              Туркиянинг ANKA разведка-зарбдор дронлари Қозоғистонда ишлаб чиқариладиган бўлди. Куни кеча Анқарада Kazakhstan Engineering ва Turkish Aerospace миллий компаниялари ўртасида мазкур меморандум имзоланди, деб хабар тарқатди чоршанба куни Қозоғистон саноат ва инфратузилмаларни ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати.

«Ўнинчи майда Туркия пойтахти Анқарада Kazakhstan Engineering миллий компанияси билан Turkish Aerospace  ўртасида ҳарбий-техник ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди. Ушбу ҳужжатга биноан, Қозоғистонда Kazakhstan Engineering шўъба компанияси базасида ANKA  разведка-зарбдор учувчисиз ўзи учар қурилмаларни йиғиш линияси ташкил қилинади»,  – дейилади хабарда.

Тарқатилган матбуот хабарномасида келтирилишича, мазкур битим учувчисиз ўзи учар қурилмаларни биргаликда ишлаб чиқариш йўналишида узоқ муддатли ҳамкорликни назарда тутади. Шунингдек, ҳужжатга  ўзаро технологияларни алмашиш ҳамда Қозоғистон қуролли кучлари учун ишлаб чиқариладиган  дронларга техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш бўйича усталарни тайёрлаш банди ҳам киритилган.

Хабарда айтилишича, Қозоғистон ANKA  дронлари йиғиладиган биринчи хорижий мамлакат бўлади.

ANKA разведка-зарбдор ўзи учар қурилма Туркияда 2013 йилда яратилган. Аппаратнинг парвоз оғирлиги 1700 килограммгача бўлиб, 350 килограмм фойдали юкламани олиб юра олади. ANKA  9 минг метргача баландликда 30 соатгача тўхтамай парвоз қила олади.