Қалб сўзлари қоғозга тушганда…

111

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида олий таълим муассасалари талабалари ўртасида «Янги Ўзбекистонни ўзимиз, ўз қўлимиз билан бунёд этамиз!» шиори остидаги республика эсселар танловининг Тошкент шаҳар босқичи бўлиб ўтди.

Унда 40 га яқин олий ўқув юртидан икки босқичда сараланган 100 нафардан зиёд талаба қатнашди. Улар икки ярим соат давомида шу пайтгача эгаллаган билимлари ва шахсий дунёқарашларига таяниб, Ўзбекистоннинг келажаги, унда ўзларининг ўрнини қандай кўриши, юртимиздаги ислоҳотлар моҳиятини қандай тушуниши, уларга муносабати ва таклифларини ўзбек, инглиз, рус ва қорақалпоқ тилларида баён этдилар.
– Бугунги ҳудудий босқичда талабаларимизнинг сараланган энг муносиблари омадларини синаб кўришади, – дейди Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ўқитувчиси Авазжон Эшқулов. – Ҳозирга қадар улар университетимизнинг энг моҳир филологларидан маслаҳат ва тавсиялар олишди. Қисқасини айтганда, танловга жиддий тайёргарлик билан келишди. Биз уларга омад тилаб, аудиторияга кузатдик.
Масъулиятли синовдан ўтишига ишонч ҳосил қилиб чиқаётган ёшлардан бири – Тошкент давлат транспорт университети талабаси Комронбек Раҳмоновни суҳбатга тортдик.
– Мен ўз ижодий ишимда диёримизда бугун олиб борилаётган ислоҳотлар, уларнинг мазмун-моҳияти, ҳамюртларимиз учун яратилаётган янги имкониятлар ҳақида ёздим, – дейди у. – Талаба бўлганим учун шу қатламга хос бир оғриқли жиҳатни ҳам айтиб ўтдим. Маълумки, кўпчилик тенгдошларимиз ривожланган давлатларга бориб таълим олишади. Ўқишни тугатгач, юртимизга қайтмасдан ўша ерда қолиб кетишади. Тўғри, республикамизда ҳали ечимини кутаётган муаммолар кўп. Аммо бундай ёшлар чет элда қолиб кетаверишса, юртимизни ким юксалтиради? Кимдир бугунги қийинчилик­ларга сабр қилиб, шу мамлакатни юксалтириш йўлида изланиб-интилиши, Президентимизга таянч ва суянч бўлиши керак-ку!
Ҳа, танловда иштирок этган ҳар бир ёшнинг ўз айтар сўзи ва аниқ мақсади бор. Масалан, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабаси Гулбону Фахриддинова биринчи босқичда ўқиётганига қарамай, юқори босқич талабалари ва тенгдошларини ортда қолдириб, ҳудудий босқичда қатнашди.
– Қорақалпоқ тилида эссе ёздим, – дейди у. – Унда ёшларнинг бугунги имкониятлари ҳақида фикр юритдим. Шунингдек, орзуларим ва режаларим билан ўртоқлашдим.
Эсселар махсус ҳакамлар ҳайъатига топширилди. Улар баҳолангач, 19 май куни Ўзбекистон Миллий университетида ғолиб­ларни тақдирлаш маросими ўтказилади. Унда исм-шарифлари эълон қилинган уч нафар ғолиб талаба респуб­лика босқичига йўлланма олади.

Зебо НАМОЗОВА,
«ISHONCH»