Маънавият – инсон кўзгуси

147

   Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида “Маънавият фестивали” юзасидан матбуот анжумани ўтказилди. Унда олимлар, санъат арбоблари, кино намоёндалари ҳамда ҳамкор вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этишди.

Юртдошларимиз, аввало, ёшлар қалбида амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик, улар орасида ўзаро меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, ватанпарварлик, шукроналик туйғуларини кучайтириш мақсадида “Янги Ўзбекистон – маърифатли жамият” шиори остида ўтказилган фестивал доирасида ҳудудларда қатор тадбирлар ташкил этилди. Уларга илм-фан, маданият, санъат, адабиёт, бадиий ижод каби соҳа вакиллари жалб этилди.

Шунингдек, юртимизда ижтимоий кўмакка муҳтож, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”га киритилган оила вакилларининг “Маърифат тур” лойиҳаси доирасида ҳудудлардаги диққатга сазовор жойлар, қадамжолар ва зиёратгоҳларга ташрифи ҳам амалга оширилди. Акциялар, китоб кўргазмалари, ёзувчи ва шоирлар билан ижодий учрашувлар, концерт дастурлари ўтказилди.

Яна бир лойиҳа “Бахтли болалик шарафига” деб номланиб, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”га киритилган оилаларнинг болалари учун концерт дастурлари ҳамда уларни қизиқтирган турли кўнгилочар ўйинлар бўлиб ўтди.

Тадбирнинг иккинчи қисмида ўзбек миллий кулолчилик намуналари кўргазмаси ҳам уюштирилди. Унда ғиждувонлик сополсоз уста Ибодулла Нарзуллаев ҳамда унинг фарзандларининг ижод намуналари намойиш этилди. Кўргазмага қўйилган миллий буюмлар анжуман иштирокчиларида катта таассурот уйғотди.

Анжуманда Маънавият ва маърифат маркази матасаддилари тадбирни ташкиллаштиришда яқиндан кўмак берган ташкилотларга ташаккурномалар топширди.

Комила БОЙМУРОДОВА,

“ISHONCH”