ёхуд унинг томирига кимлар сув қўймоқда?
Тўйга боришдан Собиржон аканинг юраги безиллаб қолган. Сабаби ўзига маълум. Масалан, ўтган ҳафта ўғлини уйлантирган қадрдон ошнасининг тўйига минг бир истиҳола билан борди. Амаллаб бир соатча ўтиргач, уйига зўрға қайтди-ю, дарвозаси олдида ўтириб қолди. Келини дарҳол «Тез ёрдам» чақирди. Шифокорларнинг аниқлашларича, қон босими ошиб кетибди: нақд 200 га 140…
Афсуски, тўйлардан мазаси қочиб қайтадиганлар кам эмас. Катталар тугул, ҳатто баъзи ёшлар ҳам базмхонада икки соат ўтирсалар, ўзларини беҳузур сезадиган бўлиб қолишган.
Тиббиёт ходимлари кейинги йилларда юрак-қон томир касалликлари бирмунча «яшарган»ини айтишмоқда. Бунинг сабабларидан бири тўйларда мусиқа ниҳоятда баланд қўйилиши эмасмикин?
Товушлар инсон танасига тинимсиз салбий таъсир қилиши туфайли марказий асаб тизими, томирлар тонуси, ҳазм йўллари, эндокрин тизим ва бошқа аъзолар фаолияти бузилади. Оқибатда бош оғриғи, бош айланиши, тез чарчаш, қулоқ касалликлари, нерв ва юрак-томир касалликлари келиб чиқади. Бу ёши катта инсонларда инсульт, миокард инфарктига олиб келиши мумкин. Эшитиш қобилиятининг сусайиши, фикрлаш ва диққат қилишнинг пасайиши эса ёшларда иш унумдорлиги камайишига ва бошқа касалликларга сабаб бўлади.
Ачинарлиси, кўпчилик аёллар тўйларга чақалоқлар ва ёш болаларни ҳам олиб боришади. Ҳали ривожланмаган танада етилиб суяклашмаган ички қулоқ тоғай тизими баланд товушлар, шовқин-суронлар туфайли деформацияланади. Айни ҳолат орттирилган карлик-гунгликка ва дудуқликка сабаб бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Бунга кўплаб мисоллар келтириш мумкин.
Мусиқалар ва товушлар маълум бир шарт-шароитда ва манбаига боғлиқ равишда инсонни тинчлантирувчи ёки илҳомлантирувчи омил вазифасини ўтайди. Масалан, сокин мусиқалар, дарахт япроқларининг майин шитирлаши, ёмғирнинг бир маромда шивалаши, денгиз тўлқинларининг шовқини, сувнинг шилдираб оқиши инсонга роҳат бағишлайди.
Аммо 55-60 децибелдан баланд овозлар, мусиқа ва шовқин инсон соғлиғи учун ниҳоятда зарарли саналади. Энг баланд шовқинларга биз асосан базм-зиёфатларда ва тўйларда дуч келяпмиз. Ушбу муаммонинг олдини олиш ўзимизга боғлиқ. Истиҳолани йиғиштириб қўйиб, тўйга келган хонандадан овоз кучайтиргични пасайтиришни талаб қилишимиз лозим. Бинобарин, назорат қилувчи ташкилотлар вакиллари тўйхоналардаги бундай ҳолатларни эътибордан четда қолдирмасликлари, уларни бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўришлари керак. Зеро, ҳеч нарса саломатликдан устун бўлолмайди.
Омонбой ОЧИЛОВ,
Хоразм вилояти ОИТСга қарши
кураш маркази касаба уюшма
қўмитаси раиси
